Она юртнинг равнақи билим касб, ҳунар этагини тутган ғайратли ёшлар биландир. Йигитлари жасур, паҳлавон; қизлари ҳаё ва иболи, илмда пешқадам юртни дунё таниб, барча ҳавас қилади.
Ибодатли, дуогўй кексалар ўз тажриба ва билимларини ёшларга ўргатиб турса, ёшлар эса уларнинг панд-насиҳатларини қулоғига олса, бу юрт фарзандлари жасур, қизлари вафодор суюкли ёр бўлади.
Шу боис ёшлар дангаса, ялқов деган иллатни ўзларидан отишлари, илмли, ҳунарманд, уста деҳқон деган шарафли ном олиб, кўкракларини керишлари керак.
Бундан эллик йиллар олдин ёшлигидан диний ва дунёвий илмни яхши эгаллаган шижоатли бир инсон бўларди. Бу инсон ёшлигида мадрасани тугатиб, сўнгра ҳунар ўрганишга киришиб, бир неча касб эгаллаганди. Тиббиёт билан ҳам шуғулланиб, одамларга турли малҳамлар тайёрлаб, неча беморлар дардларига дармон бўларди. Умрининг бир дақиқасини ҳам бекор ўтказмай, қишлоқдаги тўй-маъракаларга бош бўлар, ёшларга одоб-ахлоқ, муомала одобларини ўргатарди. Ўзи ниҳоятда ростгўй, сабрли, ҳалол инсонлиги боис ҳаётида асло хорлик, етишмовчилик деган нарсани билмаган. Ундан бу ишларга қандай вақт топишини сўрашганида:
“Авваламбор вақтни, ўтаётган умрни қадрлаш керак! Унинг бир лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслик, умр қўлдан кетса, уни бошқа ортга қайтара олмасликни англаш лозим. Руҳ қуши жасаддан ажраб Ҳаққа учса, илм ўрганиш, касб-ҳунар қилиш ва бошқа бирор нарсага имкон бўлмайди. Ҳаракат қилай десанг, иложинг йўқ! Ҳатто устингда ўрмалаб юрган ҳашаротларни “кишт” деб ҳайдашга қувватинг бўлмайди. Имкон қўлдан кетгач, омад юз ўгиргач, афсусдан не фойда, ғанимат умрни сувга оқизишдан кимга фойда, кимга зарар?” деб жавоб берган экан.
Ҳа, руҳ қуши танни тарк этмасдан ялқовликни ташлаб, олдинга интилмоқ керак. Умримизнинг олтин жавоҳирини ўз қўлимиз билан синдирмайлик.
Мардикор бозорига бордим, олдимга бир нечта барваста йигит югуриб келиб: “Нима хизмат?” деди.
“Менга компьютер устаси, моҳир электрик, яхши кафелчи керак, ичингизда шу касб эгалари борми?” дедим. “Ака, сиз айтган касбимиз бўлганда мардикор бозорда юрармидик!” деди бир йигит. “Сиз қариб чол бўлганингиз йўқ, ҳаммангиз ёшсиз, бир йиллик умрингизни касбга бағишласангиз, бир умр роҳатда яшайсиз!” дедим уларга.
Азизлар! Болаларимизни кўп эркаламай, уларни ёшлигидан бирор ҳунар эгаси қилсак, бир умр биздан миннатдор бўлиб яшайди. Илмсиз, ҳунарсиз бўлса, ота-онани бир умр айблаб ўтади.
Эй азиз фарзанд! Асло ялқов бўлма, дангасалик иллатини ўзингдан от. Агар юқорида айтганимдек, бир-икки йил шогирдликка тушиб бир касбнинг этагидан тутсанг, умрингнинг охиригача бировга муте бўлмасдан роҳатда яшайсан. Ўзганинг қўлига муте бўлмайсан, ўғрилик қилмайсан, ҳалолдан мол топасан. Озгина синовларга бардош бермасдан устозлар ўгити, отангнинг пандини олмасанг, бошингга синовлар ёғилади. Кейинги пушаймон ўзингга душман!
***
Юртнинг камоли ёшлар биландир,
Имони мустаҳкам бошлар биландур.
Авлодлари ялқов, дангаса юртнинг,
Келажаги синар, тошлар биландур.
Олдинга интил болам, фақат олдинга,
Нокас-ла дўст бўлма, етгин қадрингга.
Ножинс, пастлар билан нодон дўст бўлар,
Қоч, йўқса топилмас даво дардингга.
Бир жойда ўтирма насибанг кутиб,
Ел-югур бир касбнинг этагин тутиб,
Калхатдек ўлимтик-ўлакса ема,
Бургутдек ҳалол е, ўлжангни тутиб.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон