Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446

Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги нашрлари

14.08.2018   23407   2 min.
Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги нашрлари

Ҳозирги кунда ислом дини асосларини, айникса, Қуръони каримни илмий ўрганиш дунё микёсида шу даражада оммалашиб кетдики, бу мавзуда чиқаётган адабиётларни энг умумий тарзда ҳам камраб олиш имконидан ташқаридир.         

Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимасини Муҳаммаджон хожи Ҳиндистоний ўтган асрнинг 80-йилларида қилган эди. Лекин у таржима давр тақозоси билан чоп этилмай қолиб кетди.

Ватандошимиз Олтинхон тўра араб имлоси билан ўзбек тилига ўгирган Қуръони карим маъноларининг таржимаси мустақилликнинг илк даврларидаёқ ўзбек китобхонларига етиб борди. Араб имлосини мутолаа қила оладиган кишилар мазкур таржимадан баҳраманд бўлдилар. Бироқ ушбу китоб ўзбек тилида бўлса-да, араб имлосида экани кўпчиликка қийинчилик туғдирди.

Сўнгра Шамсуддин Бобохонов ўзбек тилига таржима қилган Қуръоннинг охирги жузи – Амма пораси, Алоуддин Мансурнинг тўла изоҳли таржимаси чоп этилди. Ушбу изоҳли таржима аввалига “Шарқ юлдузи” журналида мунтазам бериб борилди. Кейинчалик алоҳида китоб шаклида босилиб, мутахассислар учун қўлланма бўлди.

Шунингдек, 1992 йилдан бошлаб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол”и нашр этила бошланди. Бу дастлаб, Қуръони каримнинг охирги жузларини ўз ичига олган эди. Кейинчалик 114 та суранинг барчаси жилдларга бўлинган ҳолда “Тафсири ҳилол” номи билан босиб чиқарилди. Натижада халқимизнинг Қуръон илмлари борасидаги тушунчаларини ортишига сабаб бўлди. Ниҳоят шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган, имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржима ҳам нашрдан чиқди. Ушбу изоҳли таржима дастлаб 2001 йили, орадан бир оз вақт ўтиб, аниқроғи 2004, 2017 йиллари қайтадан чоп бўлди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таржимонлар жамоасининг ҳам Қуръони карим маъноларининг илмий изоҳли академик таржимаси нашр этилди. Бунинг эътиборли томони шундаки, китобнинг кириш қисмида Қуръони карим тарихига доир маълумотлар ҳам ўрин олган.

Айтиш мумкинки, кейинги йилларда ўзлигимизни англаш, муқаддас динимиз арконларини ҳар томонлама ўрганиш имкони пайдо бўлди. Қуръони карим маъноларнинг ўзбек тилига ўгирилиб халқимизга туҳфа қилиниши халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди.

Худойберди Саидов

Олмазор туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби

манба:nasihat.uz

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тинчлик афзалми ёки саломатлик ?

23.09.2024   1266   2 min.
Тинчлик афзалми ёки саломатлик ?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло Қуръони каримда тавҳиддан олдин тинчликни муқаддам қилди. Иброҳим алайхиссалом Аллоҳга дуо қилар эканлар, аввало, Парвардигордан тинчликни, сўнгра тавҳидни сўрадилар: «(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: Эй, Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!» (Иброҳим сураси, 35-оят).

Юсуф алайҳиссалом ота-оналаридан Мисрда тинчлик қарор топгандан сўнг унга киришларини сўрадилар: «Бас, (шаҳар ташқарисида чодирда кутаётган) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ота-онасини ўз бағрига босди ва “иншоаллоҳ, Мисрга тинч-омон киргайсиз”, – деди» (Юсуф сураси, 99-оят).

Мусо алайҳиссалом қўрққан пайтларида, Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларига таскин бериб, тинч ва хавфу-хатардан ҳоли эканликлари ҳақида хабар берди: «Асойингни (ерга) ташла! Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) Эй, Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонликдаги кишилардандирсан» (Қасас сураси, 31-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ этган кунда, унинг аҳлига раҳм шафқат кўрсатиб, мусулмонлар томонидан уларга тинчлик ва омонлик етишини хабар бердилар. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Абу Суфённинг ҳовлисига кирса у омонда, кимки қуролини ташласа у омонда, кимки масжидга кирса у омонда”, дедилар.

Тинчлик неъмати сиҳат-саломатлик неъматидан ҳам улуғроқдир. Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Бир олимдан: “Тинчлик афзалми ёки сиҳат-саломатликми?” деб сўрадилар.

Олим: “Тинчлик афзал”, деб жавоб берди. Бунинг далили: “Агар бир қўй оёғини синдириб олса, бироз вақт ўтиб, соғайиб яна ўтлай бошлайди. Агар қўйни бир жойга боғлаб, унга яқин жойга бўрини ҳам боғлаб қўйилса, у ейиш-ичишдан буткул тўхтайди, ўлгунича оғзига бир дона ўт ҳам олмайди”.

Аллоҳ таоло бутун дунёга тинчлик неъматини бардавом қилиб берсин. Юртимиз осмони ҳамиша мусаффо, халқимиз турмуши фаравон бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мақолалар