Бектемир тумани бош имом-хатиби Искандар қори Халилов севикли қизини турмушга бераётгани муносабати билан бугун пойтахтимиздаги “Садаф” тўйхонасида ош берди.
Ошга биз ўрганиб қолганимиздек, беш юз, минг нафар эмас, бир юз йигирма чоғли одам таклиф қилинибди. Тўйхонага кириб ўтирганингиз заҳоти ажиб бир тартиблиликни ҳис қиласиз, ўзингизга маъқул жойни танлаб ўтирсангиз ҳам баковуллар келиб, бошқа жойга ўтказиб қўймайди – бемалолчилик. Баъзи тўйларга жуда кўп одам чақирилгани боис жой тегмай ноқулай аҳволда туриб қолган меҳмонлар ҳам бўларди. Бу ерда ундай гап йўқ. Меҳмонлар тўкин дастурхон атрофида сиқилишмасдан яйраб ўтирибди. Мумтоз қўшиқларимиз ижроси кишида малоллик туғдирмайдиган ўртача баландликдаги овозда янграб турибди.

Меҳмонлар ўринларига жойлашиб бир-бир пиёла чой ичиб нафас ростлаганидан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масжидлар бўлими бошлиғи Раҳимберди Раҳмонов домла амри маъруф қилди.
– Азизлар, бу ерга хонадоннинг энг яқин дўстлари жамланган. Домламиз халқимиз, юртбошимизнинг тўй масаласидаги фикрига ўзининг муносабати, ҳозиржавоблигининг ифодаси ўлароқ ҳозирда ўтказаётган ана шу тўйини ихчамгина қилиб ўтказмоқда. Биз ўзимизнинг кимлигимизини кўрсатиб қўйиш учун кўп одамни тўйга чақиришни одат қилиб олган эдик. Аллоҳга шукрки, Президентимизнинг тўй-маъракаларни ихчамлаштириш борасидаги фикрларидан руҳланган зиёлиларимиз тўйларимизни ихчам тарзда ўтказиш борасида элга ўрнак бўлмоқдалар. Мана, тунов куни ҳам бир тўйга таклиф қилиндик. ошга етмиш одам айтилибди. Меҳмонлар жуда ҳам роҳатланиб ўтирди. Тўй соҳиби обрў-эътиборли киши, минг одамни чақиришга қурби ҳам етади, минг одам келади ҳам тўйига. Бироқ у савобли йўлни танлади. яқинларидан етмиш кишига ош қилиб берди ва ортганини фарзандларининг истиқболига сарфлади.

Дарҳақиқат, савобни танлашда гап кўп. Истаганида Искандар домла ҳам 1000 кишини ошга чақирар эди ва Бектемир туманининг ўзидан унинг ортида туриб беш вақт намозини ўқийдиган – намозхонларнинг деярли ҳаммаси домланинг ҳурмати учун келар эди.
– Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турмуш қурган ёшларни учратсалар, уларнинг ҳақларига “Аллоҳим, икки ёшга яхшилик ато қил”, деб дуо қилар эдилар. Чунки динимиз нимани амр қилган бўлса, ҳаммасининг замирида яхшилик бор. Аслида бир мўмин бошқа бир мўминга яхшилик қилса, яхшилик кўрган одамнинг бир ками битар, кўнгли кўтарилар... аммо яхшилик қилшган одам бунинг эвазига ундан минг чандон яхшиликлар кўради: Аллоҳ таоло ризқини кенг, соғлиғигини мустаҳкам, умрини баракали, у дунёсини ҳам обод қилиб қўяди.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Сўзинг билан эмас, амалинг билан яхшилик қил”, деб насиҳат қилганлар. Искандар домла ҳам ҳар доим ён атрофидаги инсонларга, ёшларимизга амали билан ўрнак бўлиш ҳаракатида юрадилар, Бугун турмуш қураётган ёшларимизга ҳам Парвардигоримиз яхшиликлар ато қилсин ва амали дуруст бандаларидан бўлмоғини насиб айласин.

Шундан сўнг тиловати Қуръон қилинди ва ёшларнинг бахтини сўраб дуога қўл очилди. Дастурхонга ош тортилганда яна бир хусусият кўзга чалинди: тумонат одам бўладиган ошларнинг баъзиларида лаганга гуруч бир қатор қилиб териларди ва меҳмонлар бир-бир қошиқ олганидан кейин “сиз олинг”, “сиз олиб қўйинг”, деб бир-бирига манзират қилиб қолишар эди. Яъни у ошлар гўёки рамзий ошлар эди. Бугун эса лаганга росмана ошга ўхшатиб сузилибди. Меҳмонлар бири иккинчисидан хижолат бўлмасдан маза қилиб таомланишди. Кейин ёшларнинг бахтини сўраб дуо қилиб тарқаларкан, ўзаро шундай ихчам тўйлар файзли бўлар экан, дея гаплашиб кетишди.
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ матбуот хизмати
Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.
Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.
Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).
Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.
Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати