Аллоҳ таоло замонни яратиб, уни кун, ҳафта, ой, йилларга тақсим қилди. Ўз навбатида кун соатларга, ҳафта кунларга, ой ҳафталарга, йил эса фаслларга бўлинди.
Аллоҳ таоло фаслларни яратар экан, уларнинг ҳар бирига ўзига хос бўлган об-ҳаво, мевалар, полиз экинлари, манзаралар ва булардан бошқа бири иккинчисида топилмайдиган хусусиятларни берди.
Бугун фасллар ичида энг чиройлиси — олтин куз ҳақида сўз юритамиз.
Фасллар орасида кузнинг ўзига яраша ўрни ва аҳамияти бор. Айтиб ўтганимиздек, бу фаслда инсоннинг ризқи бўлган кўпгина анвои неъматлар пишади. Ҳавоси ҳам илиқ, мўътадил бўлади. Манзараси эса гўзал, дилларни яйратади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш куз узоқлаштиради», деганларини эшитдим» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳиҳул Бухорий»га ёзган машҳур шарҳи «Фатҳул Борий» китобида юқоридаги ҳадисни бундай изоҳлайди: «Куз — йилнинг маълум бир қисмидир. Лекин, бу ерда у билан «йил» назарда тутилмоқда. Бу жойда бошқа фасллар: ёз, қиш, баҳор қолиб, айнан кузнинг зикр қилиниши унда мевалар пишиб, энг яхши фасл бўлгани учундир», дейди.
Куз фасли ҳамма қатори ўзбек халқи учун жуда қадрли. Чунки тинчлик, диёнат, истиқлол, ҳурлик ва қатор улуғ неъматлар ана шу олтин куз фасли бошланиши билан хотираларга мухрланган.
Юқорида таъкидланганидек, куз фасли ўзида жуда кўп яхшиликларни жамлаган. Қуйида улардан учтасига эътибор қаратамиз.
Куз – ибрат фасли
Оқил ҳикмат, жоҳил айб қидиради, деганларидек, фаслларда ҳам мўмин бандалар учун қанчадан-қанча яхшиликлар, баракалар, ибратлар, сир-синоатлар бор.
Аллоҳ таоло бу фаслларни бирин-кетин келтириши борлиқни тартиб-интизом устига қургани ва биз бундан ўзимизга керакли хулосаларни чиқаришимизга далолатдир. Ҳар фаслда иссиқ, совуқ, қор, ёмғир, шамол каби иқлим ўзгаришларининг бўлиши ақл эгалари учун ибрат бўлиши билан бирга, Буюк Раббимизнинг чексиз қудратини кўрсатади.
Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади:
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآَيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ
«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).
Бу ҳақида Сўфи Оллоёр раҳматуллоҳи алайҳ ҳам гўзал байт келтирган:
Падид этди жаҳон ичра фавосил,
Қилур ҳар фасл турлук нашъа ҳосил.
Аллоҳ таоло бу дунёни тўрт фаслдан иборат қилиб яратди. У зот баҳор кунларида ўлик ердан турли ўт-ўланларни чиқариб қўйдики, бу ҳол одам болаларининг қабрларидан туриб, тирилмоғига ишорадир. Ёз фаслида наботот олами тамом ўсиб, тўла етилади. Ҳаммаёқ ям-яшил кийимга бурканади. Бу одамларни фоний дунёда бироз тўкинликда яшашларига ишора. Куз келиб, бояги тамом етилган ўт-ўланлар буткул гуллари-ю меваларидан айрилиб, қурий бошлайди. Бу ҳам одам болаларининг ёшлиги ўтиб, қариликка қадам ташлашларига ишорадир. Қиш фаслида бояги тузук дунё бузилиб, сувлар музлаб, қор ёғиб, бутун ҳайвонлар устига машаққатлар ёғилади. Бу ҳам махлуқотнинг қиёматда қайта тирилиб, бошларига турли машаққат ва қайғулар тушишига ишорадир.
Куз – шукр фасли
Мусулмон киши доим шукрда бўлиши лозим. Неъматлар зиёда бўлганда шукри ҳам зиёда бўлиши керак.
وَالْبَلَدُ الطَّيِّبُ يَخْرُجُ نَبَاتُهُ بِإِذْنِ رَبِّهِ ۖ وَالَّذِي خَبُثَ لَا يَخْرُجُ إِلَّا نَكِدًا ۚ كَذَٰلِكَ نُصَرِّفُ الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَشْكُرُونَ
«Пок юртнинг набототи Раббининг изни ила чиқадир. Нопок бўлгани эса, фақат қийинчилик ила чиқадир. Шукр келтирган қавмлар учун оятларимизни шундай хилма-хил баён қилурмиз» (Аъроф сураси, 58-оят).
Ояти каримада таъкидланганидек, набототларнинг униб чиқиши, уларнинг ҳосил бериши бизни шукрга, фикрга чорлайди.
Куз – ибодат фасли
Чунки бу фаслда йиғилган ҳосиллар, йиғим-теримлардан закоти ушри берилади. Бу билан одамлар орасида меҳр оқибат зиёдалашади. Аллоҳ таоло айтади:
كُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِه
ِ ۖ وَلَا تُسْرِفُوا ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
«Мевалаган пайтида унинг мевасидан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар. Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас». (Анъом сураси, 141 – оят).
Демак, биз кузда зиммамиздаги ҳақларни адо қилиб, тилимиз билан шукр этиб, амалда уни тадбиқини кўрсатиб, исрофгарчиликдан тийилишимиз даркор. Шунда Аллоҳ бераётган неъматларини яна зиёда қилиб беради.
Нуриддин Холиқназаров,
Андижон вилоят бош имом-хатиби
http://muslimun.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан