Тоғдан пастга шитоб билан оқаётган дарёга қараб, хаёлан у билан сўзлашдим:
“Эй сершовқин дарё! Нега бунча шошиб-пишиб оқасан, нимадан кеч қолмоқдасан? Сени кимлар кутмоқдаки, ваъдамга вафо қилай, аҳдимни бузмайин дейсан?!” Худди дарёдан қулоғимга гўё сирли овоз келгандек бўлди: “Менинг йўлимга интизор, келишимни кутувчилар сон-саноқсиз! Сен уларнинг кўпини билмайсан. Мени кутаётган экинзорлар, дов-дарахтлар, ўт-ўланлар, ҳайвонот ва ҳатто сиз одамлар ҳам борсиз. Мен шошмасам, кечиксам, дангасалик қилсам, улар қуриб-қовжираб, сувсизликдан ҳалок бўлади. Шошишимнинг боиси шу!” Дарёга қараб ўйларканман, ёшларга шуларни айтмоқчиман: “Эй азиз ёшлар! Сиз ҳам дарёдек шошилинг, йўлингизда учрайдиган ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтинг. Хонадонингизни, Ватанингизни гуллатиб-яшнатинг. Азиз умрингизни беҳуда ишларга сарфлаб, сўлдириб, сўнгра пушаймон бўлманг! Зеро, умримиз ҳам сувдек оқмоқда. Шитоб билан ўтаётган умримиз мобайнида одамлар қалбига малҳам бўла олдикми? Одамлар оғирини енгил қилишга, илм билан ўзимиз ва юртдошларимиз, инсониятга манфаат берадиган нима ишларни қилдик? Қалбимизни имон суви билан суғормоқдамизми? Ташналигимизни илм булоғи билан қондирмоқ учун нималар қилмоқдамиз?
Тошдан-тошга урилиб оқади дарё,
Шовқин-сурон солиб оқади дарё.
Тўсиғу ғовларни айланиб ўтиб,
Ўз мақсади сари шошади дарё.
Далаю даштларга тезроқ етай деб,
Ўту ўланларни сероб этай деб.
Масрур этмоқ учун халқ, элатларни,
Тўлқин уриб қирғоқдан тошади дарё.
Одамлар ҳақимга дуо қилишсин,
Хизматимни доим ёдга олишсин,
Аллоҳ учун мендан рози бўлишсин –
Дебон шошиб-шитоб оқади дарё.
Эй инсон, дарёдек шижоатли бўл,
Одамлар қалбига қувонч, сурур сол.
Тоғ учраса кемир, дарёни симир,
Элу юртинг кўнглин айлагин дарё.
Дунё синоатидан ғамлар чекмагил ,
Мақсадсиз уруғни асло экмагил.
Алишер дер, элнинг дуосин олиб,
Кую қўшиқларда оқ мисли дарё.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази