بسم الله الرحمن الرحيم
Ҳурматли жамоат! Динимизда одамларга хуш муомалада бўлиш ва уларга таом улашиш савоби улуғ ишлардандир. Ихлосли халқимиз қадимдан бу суннатларга амал қилиб келади. Мана шундай чиройли суннатлардан бири никоҳ тўйидир. Никоҳ икки бегона, номаҳрамни бир-бирига ҳалол қилгани сабабли, уни эълон қилиш – жумҳур уламолар наздида суннатдир ва бизнинг урфимизда уни “тўй” деб аталади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга тўй қилиш тавсиялари ҳақидаги энг машҳур ривоят “Абдураҳмон ибн Авфнинг ҳадиси” номи ила машҳур. Унда қуйидагилар айтилади.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم رَأَى عَلَى عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَثَرَ صُفْرَةٍ، فَقَالَ: "مَا هَذَا؟" قَالَ يَا رَسُولَ الله، إِنِّي تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً عَلَى وَزْنِ نَوَاةٍ مِنْ ذَهَبٍ، قَالَ: "بَارَكَ اللهُ لَكَ، أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ"
(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб: “Бу нима?”, – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим”, дедилар. “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин”, – дедилар”
(Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Демак, ким уйланадиган бўлса, кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйланганларида имконлари борича тўй қилиб берганлар. Имом Бухорий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафия онамизга уйланганларида меҳмонларни хайс (хурмо ва ёғдан тайёрланадиган, кўриниши биздаги холвайтарга ўхшаган таом) билан меҳмон қилдилар.
Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни, ҳозирги кунда ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, ҳар хил сарполар, ўнлаб тоғоралар қўшдик. Ўғлини уйлаш, қизини узатишни ўйлаб, оталарнинг ҳатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда. Аслида динимиз – енгиллик дини! Ҳамма масалада бўлгани каби, тўй масаласида ҳам имкон борича мўътадил йўл тутилади.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أَعْظَمَ النِّكَاحِ بَرَكَةً أَيْسَرُهُ مَؤُونَةً" (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ).
яъни: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Энг баракали никоҳ – харажатлари енгил бўлганидир” (Имом Байҳақий ривояти).
Никоҳнинг баракали бўлиши сабабларидан бири – никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроқ бўлишидир.
Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عَنْ عَمْرِو ابْنِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: بَلَغَنِي أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:
أَمْراً بَيْنَ أمْرَيْن وَخَيْرُ الأُمُورِ أوْسَطُها (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ).
яъни: Амр ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлари менга етиб келди: “Икки иш ўртасидаги ишни (лозим тутинг). Ишларнинг яхшиси ўртачасидир” (Имом Байҳақий ривоят қилган).
Бу ҳадисдаги “икки иш”дан мурод ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйишдир. Демак, тўйларимизни ўтказишда ҳам энг яхши йўл – исроф ҳам, бахиллик ҳам қилмасдан ўрта йўлни тутишдир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (سورة الفرقان الآية/67).
яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Яна бир муҳим жиҳат шуки – келин ёки куёв танлашда асосий мезон мол-дунё ва обрў-эътибор бўлмаслиги керак. Зеро, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бизга шундай тавсия берадилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ لِمَالِهَا وَلِحَسَبِهَا وَلِجَمَالِهَا وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ وَالْإِمَامُ مُسْلِمٌ .(
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топгур!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Баъзида қизларимизнинг тенги чиқса ҳам, янада яхшироқ жойлардан умид қилиб, уларни ушлаб турамиз. Гоҳида қизнинг сепи тайёр эмаслиги, бунга қўлимиз калталигини рўкач қилиб, уларнинг умрини ўтказамиз. Ваҳолангки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида айтадилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا خَطَبَ إِلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَزَوِّجُوهُ، إِلَّا تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الأَرْضِ ، وَفَسَادٌ عَرِيضٌ (رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ ابْنُ مَاجَةَ).
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Дини, хулқи сизни рози қиладиган киши совчи қўйиб келса, (қизингизни) унга никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ерда фитна ва катта фасод чиқади” (Имом Термизий ва Имом ибн Можа ривояти).
Тенги чиққан қизларни турмушга узатмасак, кераксиз матоҳларни деб, тўйларни кечиктирсак, оиласиз эркак ва аёллар кўпаяди, зино ривожланади, насаблар кесилади. Жамиятда салоҳият ва иффат камаяди.
Баъзи йигитлар эса, ҳамма шароитимни яхшилаб оламан деб, уйланмай юришади. Натижада ёшлари ўтиб қолади. Ваҳолангки, бир касбни бошини тутган, нафақаи рўзғор қила оладиган йигитлар камбағалликдан қўрқиб, уйланмай юриши, тўғри эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
(سورة النور الآية /32).
яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).
Ҳанафий мазҳабига кўра, уйланиш – уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал, балки суннатдир.
Ояти каримада камбағал бўлганлар турмуш қурганларидан сўнг бой бўлиши ҳақида айтилмоқда. Бунинг устига, уйлангунча бўш, ялқов бўлган йигитлар, уйлангандан кейин ғайратли, ҳаракатчан бўлиб қолишлари кўп кузатилган. Шунинг учун динимиз имконияти бўлган йигитларни уйланишга тарғиб қилади. Лекин никоҳ суннатининг эълони бўлган тўй қилишни обрў мусобақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар қилиш динимизда қораланади ва бу ишдан қайтарилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ (سُورَةُ الْأَنْعَامِ الآية/141).
яъни: “...Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).
Бугунги кунда бу ояти каримани тушинишга жуда муҳтожмиз. Чунки Аллоҳ таоло исроф қилувчиларни севмаса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “никоҳни баракалиси – сарфу харажати камроғи”, деб турганларида, сарф харажат қилиш учун мусобақа қилсак, ҳатто кучимиз етмай қолганда катта-катта қарзларни бўйнимизга олсак, биз қандай уммат бўлдик!? Суннатга зид ишларимизни жафосини чекиб турибмизку. Йиллар давомида емай-ичмай йиққан маблағини ва бунинг устига олган қарзларини бир кунда исроф билан сарфлаб, кейин йиллар давомида қарз тўлайди. Тўй куни ўнлаб машиналарни ёллаган куёв тўйдан кейин пиёда юришга ҳам маблағ топа олмайди. Аллоҳ неъмат берган кишилар исроф қилмасдан ўзларига яраша тўй қилишса, бунга шаръан таъқиқ йўқ. Лекин уларга етаман деб, камхаражат одамлар ўзларини қийинчиликка қўйиши соғлом ақлга тўғри келмайди.
Муҳтарам жамоат! Кейинги пайтларда халқимиз орасида куёв томон келин томондан баъзи харажатларни талаб қилиши кўпайиб қолди. Масалан, куёвга бошдан оёқ сарпо қилиш, мебел сотиб олиши каби. Хўш, мана шу харажатлар ҳақида шариатимиз нима дейди, келин ҳақиқатан ҳам юқоридаги харажатларни қилишга мажбурми ёки ихтиёрлими?
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига назар қилсак, у зот ва саҳобийлар тўй ҳаражатларини ўз зиммаларига олганлар ва маҳр берганлар, лекин келиндан ёки келин томондан ҳеч нарса тамагирлик қилмаганлар. Куёв томон талабгор бўлгани, совчи қўйгани учун, маҳр бериш, тўй қилиш – унинг зиммасида бўлади, албатта. Демак, келин томондан тўй ва бошқа харажатларни талаб қилиш мумкин эмас. Бу шариатимиз кўрсатмаларидан, мардлик ва олижаноблик доирасидан чиқиш бўлади.
Шу нарсани ҳам айтиб ўтиш жоизки, келин томон мутлақо харажат қилиши мумкин эмас, демаймиз, чунки улар ҳам ўз хоҳиши билан, мажбурланмасдан баъзи харажатларни қилиши мумкин. Бу улар томонидан эҳсон бўлади. Бу нарса ўзаро келишув ва шариатга тўғри келадиган урф-одатларга кўра бўлиши керак. Бунга қуйидаги ояти каримада ҳам ишора бор:
وَآَتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِنْ طِبْنَ لَكُمْ عَنْ شَيْءٍ مِنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَرِيئًا (سورة النساء الآية/4).
яъни: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз”. (Нисо сураси, 4-оят).
Тўйлар ҳақида гап кетганда, борган сари оммалашиб кетаётган, на динимизга, на урф-одатларимизга тўғри келмайдиган ишлар ҳақида гапириб ўтмасак бўлмайди. Масалан, тўйда келин куёвнинг вальс тушиши, “севги тарихи” видеороликини намойиш қилиши кенг тарқалди. Бу ишлар ҳам текинга бўлмайди. Агар бу “севги тарихи” чет элда ишланган бўлса, унинг харажати ҳам “отнинг калласидек” бўлади. Энг асосийси – чет элда сайр қилиб юрган бу икки номаҳрамнинг гуноҳини ким кўтаради? Улар ҳам осмондан тушмаган, кимнидир ўғли ё қизи, кимнидир укаси ё синглиси. Уларни ўз ҳолига қўйсак, гуноҳ қилса ҳам, қайтармасак, исроф қилса ҳам, гапирмасак, ўзимизни оёғимизга ўзимиз болта урган бўламиз. Кейин бу исрофларнинг жабрини барчамиз тортишга мажбур бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўйларда исроф қилиш, манманлик қилиш, ҳаддан ошишдан сақласин ва тўғри йўлида собитқадам қилсин! Омин.
ИЛОВА
Муҳтарам азизлар! Маълумки, Аҳли сунна вал жамоа тўртта фиқҳий мазҳабдан иборат бўлиб, улар – Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг деярли ярми айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қиладилар.
Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон, Эрон, Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Россия мусулмонлари ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия каби юртларда кенг тарқалган.
Ушбу мазҳаб асосчиси Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг асли исмлари – Абу Ҳанифа Ан-Нўъмон ибн Собит ал-Форсий бўлиб, 80-ҳижрий йилда Куфада туғилганлар.
У зот Қуръони каримни Имом Осим қироати бўйича ёд олган, ҳадис илмидан дарс олган, наҳв, адабиётдан етарли даражада таҳсил олган. Шунингдек, калом илми ва дин асосларини пўхта ўрганган. Сўнгра, фиқҳ илми билан шуғулланганлар. Фиқҳ илмини танлагани ҳақида у зотнинг ўзи шундай деган эди: “Ҳар қачон фиқҳ билан машғул бўлганимда қалбимда унинг улуғлиги янада ортиб бораверади... Билдимки, фарзларни адо этиш, динни қоим қилиш ва ибодатни мукаммал бўлиши фақат фиқҳни билиш билан тўғри бўлади. Дунё ва охират талаби ҳам айнан фиқҳни билишдадир”.
Бу улуғ зот тобеинларни қаерда ва қачон илм олганларини ўрганар, хусусан фиқҳ ва ижтиҳодда алоҳида ўрин тутган саҳобалар билан алоқада бўлган тобеинларга эргашар эди. Бу хусусда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари шундай деганлар: “Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Ибн Аббоснинг фиқҳини уларнинг шогирдларидан таълим олганман”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қирқ ёшида Кўфа масжидида шайхи Ҳаммод ўтирган жойга ўтириб, шогирдлари билан янги фатволар ва турли масалалар устида илм мажлисларини қурдилар. Ўхшаш мисолларни бир-бирига кучли мантиқ ва ўта закий ақл билан қиёслар эдилар ва шу тариқа ҳанафий мазҳабининг фиқҳий усулига асос солдилар.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларига хос ижтиҳод йўлларини қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо, тобеинлардан Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирийн, Саид ибн Мусаййибларга келсак, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ биринчи бўлиб тақдирий (фаразий) масалаларда фатво беришни йўлга қўйдилар. Ҳали рўй бермаган масалаларнинг ечимини олдиндан айтиб ўтганлар. Натижада фиқҳ илмининг соҳаси янада кенгайди. Бу ҳақда Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фиқҳ бобида барча Абу Ҳанифага қарамдир”, – деганлар.
Муҳтарам жамоат! Имоми Аъзам мазҳаби ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларни бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.
Уламоларимиз: “Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим”, – дейдилар. Шунингдек бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараши лозим.
Бир ишда бир мазҳабга , иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейишади. “Талфиқ” эса, ҳаромдир. Динда адашмаслик учун, маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.
Абдулҳай Лакнавий “Мажмуатул фатово” китобида: “Ҳиндистон, Мовароуннаҳр шаҳарларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ ва ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун бу шаҳарларда яшовчи билимсиз (мужтаҳид бўлмаган) инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилиши вожиб бўлади. Унга ўз мазҳабидан чиқиши мумкин бўлмайди. Ҳарамайнда яшаган кишига бундай эмас. Чунки у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор”, – деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, улуғ мужтаҳидларимизга ҳурмат бажо келтириш ва уларнинг йўлини тутиш динимиз равнақи, юрт тинчлиги учун қўшилган улкан ҳиссадир. Аллоҳ таоло ўзаро бирдамлигимизни зиёда қилсин, бизни тўғри йўлида давомий қилсин! Омин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ таоло сени яхши кўришини, сени афзал қилганини англаб етасан. Зеро, Аллоҳ таоло сенга Ўзига ибодат қилишинг учун куч-қувват ато этди. Намозда: “Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина ёрдам сўраймиз” дейишга муваффақ этди.
Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ сени яхши кўришини, сени мукаррам этганини тушуниб етасан. Дунёнинг беҳисоб турли неъматларини ато этди, осмону ердан ризқингни берди.
Агар ўйлаб кўрсанг, Аллоҳ сенга офият неъматини берганини, Унинг неъматлари сенга доимий равишда келаётганини гувоҳи бўласан.
Бу нимани англатади? Бу Аллоҳ таоло сени яхши кўришини билдиради.
Ҳа, Аллоҳ ҳаққи, Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Зот Аллоҳга қасамки, Албатта Аллоҳ сизни яхши кўради.
Бизни яхши кўради, зеро, Ўз раҳмати ила бизга Ўзини танитди.
Бизни яхши кўради, ахир Ўз фазли билан ибодатида бизни қоим этди.
Бизни яхши кўради, Ўзига сажда қилишимизни насиб этди-ку...
Агар Аллоҳ таоло сизни яхши кўришини англаб етсангиз, эй азиз биродарим, ахир Аллоҳ таолонинг муҳаббатига жавобан муҳаббат билан жавоб беришингиз керак эмасми?
Нима учун муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтармайсиз?
Бизнинг қалбимиз Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билан тўлиб тошиши керак. Агар сизнинг қалбингиз Аллоҳнинг муҳаббатига лиммо-лим бўлса, қалбингиздаги барча зулуматлар йўқолади. Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа нарсага жой қолмайди. Шунда Аллоҳ таолонинг бандаларига қараб, уларнинг ҳар бири сиздан афзал эканини англаб етасиз. Ҳатто улар бугун сиздан яхши бўлмасалар-да, эртага сиздан кўра яхши бўлишлари мумкинлигига ишонасиз.
Доктор, Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий
раҳматуллоҳи алайҳнинг маърузаларидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси