Болалигимда қиблагоҳим юзимга соқолини сийпардилар. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, деб қочардим. Отажоним билан онажоним роҳатланиб кулар эдилар. Уларнинг юзларида ўша онда акс этган бахтиёрлик туйғусини аниқ-тиниқ эслайман. Руҳиятшуносларнинг бола икки ёшдан кейинги воқеаларни хотирасида сақлаб қола олади, деган назариясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўша чоқдаги ёшимни уч-тўртлар деб тахмин қилсак бўлади.
Бундан аён бўладики, ўшанда, мендан кейинги укам туғилган кезларда ҳам ота-онам мени нарироқ қилмасдан эркалатиб қўйган эканлар.
Тўнғич ўғлимиздан кейин қизимиз дунёга келди. Маза қилиб ўйнаб ўтирган боланинг онаси чақалоқни қўлига олганида ғалати бўлиб қолганини сезиб қолдим. Дарҳол уни бағримга босиб юзига соқолимни сурдим. Маъюсланиб турган бола бирданига яшнаб кетди. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, дея қийқириб қочди. Онаси икковимиз хандон отиб кулдик. Бизнинг кулгимиз унинг шодонлигини юз чандон зиёда қилди. Шу чоқда ундан бахтиёр бола йўқ эди дунёда...
Тунов куни гаплашиб ўтириб ўғлим: “Дадам юзимни соқоли билан тимдалардилар”, деб қолди.
Ёдида экан. Аллоҳга шукр!
Демак, у ҳам боласининг юзини соқоли билан сийпалайди, боласи қийқириб қочади, аёли иккови роҳатланиб кулади. Бахтли ҳаёт дегани, бахтиёр оила дегани шу эмасми ўзи!..
Дамин ЖУМАҚУЛ
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ