Болалигимда қиблагоҳим юзимга соқолини сийпардилар. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, деб қочардим. Отажоним билан онажоним роҳатланиб кулар эдилар. Уларнинг юзларида ўша онда акс этган бахтиёрлик туйғусини аниқ-тиниқ эслайман. Руҳиятшуносларнинг бола икки ёшдан кейинги воқеаларни хотирасида сақлаб қола олади, деган назариясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўша чоқдаги ёшимни уч-тўртлар деб тахмин қилсак бўлади.
Бундан аён бўладики, ўшанда, мендан кейинги укам туғилган кезларда ҳам ота-онам мени нарироқ қилмасдан эркалатиб қўйган эканлар.
Тўнғич ўғлимиздан кейин қизимиз дунёга келди. Маза қилиб ўйнаб ўтирган боланинг онаси чақалоқни қўлига олганида ғалати бўлиб қолганини сезиб қолдим. Дарҳол уни бағримга босиб юзига соқолимни сурдим. Маъюсланиб турган бола бирданига яшнаб кетди. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, дея қийқириб қочди. Онаси икковимиз хандон отиб кулдик. Бизнинг кулгимиз унинг шодонлигини юз чандон зиёда қилди. Шу чоқда ундан бахтиёр бола йўқ эди дунёда...
Тунов куни гаплашиб ўтириб ўғлим: “Дадам юзимни соқоли билан тимдалардилар”, деб қолди.
Ёдида экан. Аллоҳга шукр!
Демак, у ҳам боласининг юзини соқоли билан сийпалайди, боласи қийқириб қочади, аёли иккови роҳатланиб кулади. Бахтли ҳаёт дегани, бахтиёр оила дегани шу эмасми ўзи!..
Дамин ЖУМАҚУЛ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
АҚШнинг Стенфорд замонавий тадқиқотлар университети олимлари олиб борган илмий изланиш натижаларига кўра, қашшоқлик инсон миясига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган.
Шунингдек, нейроэндокринолог, профессор Роберт Сопалский томонидан ўтказилган тадқиқотларда ҳам қашшоқлик айниқса ёш болаларнинг мияси ривожланишига салбий таъсир қилиши исботланган.
Психолог Марк Кишияма томонидан олиб борган изланишларда 9-10 ёшли камбағал боланинг мияси ўрта даромадли оилада вояга етаётган тенгдошларининг миясига қараганда шикастлангани, миянинг саволларга ва қийин вазиятларга жавоб берувчи қисми заиф экани аниқланган.
Япония психиатрлари XXI асрда руҳий касалликларнинг кенг тарқалиш сабаби бу – қашшоқлик эканини таъкидлайдилар.
Қашшоқлик ўсгани қўрқув, қайғу, депрессия каби руҳий касалликларнинг энг хатарли турлари ортиб боради.
Илмий далилларга кўра, камбағаллик болаларнинг руҳий тушкунллик тушишига, организмнинг стрессга нисбатан жавобини тартибга солувчи кортизол гормонининг бузилишига, жамиятдан ўзини узилгандек ҳис қилишига ҳам сабаб бўлади.
Боланинг ота-онасини оғир аҳволда ва оиласини танглик, сиқилган ҳолда кўравериши унинг одамовилигини, кўпчиликдан бегоналашувини кучайтиради. У яқинлари ёки қўшни болалар, мактабдаги дўстлари олдида ўзининг етишмовчилигидан, доимий ғамгин ҳолатидан ич-ичдан эзилади. Ўзини яширгани жой тополмай юради ёки аксинча, “омади” чопганларга нисбатан ғаразини очиқ намойиш қилиш пайида бўлади. Жамиятга нафрат ва ғазаб кўзи билан қарайди.
Дарҳақиқат, ҳар бир жамият учун энг қадрли ва қиммат неъмат бу – ёшлардир. Ёшларнинг маънавий-ахлоқ жиҳатдан бузилиши бошқа ҳар қандай молиявий, иқтисодий муаммолардан устун туради. Зеро, ёшларнинг ахлоқсизлиги сабабли жамиятда жиноятчи, гиёҳвандларнинг кўпайишига олиб келади.
Ислом дини камбағаллик муаммоларини ечишда ожизларга, ночорларга, оғир машаққат етганларга ёрдам қўлини чўзиш, бирдамлик қоидаларини тузди. Қашшоқликни даф этишнинг турли йўлларини кўрсатди. Масалан, закот беришни фарз қилди, хайр-эҳсон ва садақа қилишга буюрди. Шу билан бирга ўзгаларнинг мол-мулкига зарар етказиш, ўғрилик ва ҳиёнат қилиш каби амаллардан қаттиқ қайтарди. Ҳатто айрим ўринларда энг оғир жазо – ўлим жазоси белгиланган. Нима учун? Чунки ўғирланган мол-мулк ўзи билан бирга бутун авлодларнинг тарбиясини ҳам ўғирлайди яъни барбод қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳ таолодан фақирликдан паноҳ сўраб бундай дуо қилардилар: “Аллоҳумма инний аъуузу бика минал куфри вал фақри”.
Маъноси: Аллоҳим Сендан куфр ва камбағалликдан паноҳ тилайман.
Ўтган солиҳлар: “Агар қашшоқлик одам кўринишида бўлганида албатта уни қатл этган бўлардим”, деб айтишарди. Чунки улар қашшоқликнинг келажак авлод ва жамиятга зарари нақадар юқори эканини яхши билишган....
Даврон НУРМУҲАММАД