Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَالْأَرْضَ بَعْدَ ذَلِكَ دَحَاهَا
“Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди” (Наазиат сураси, 30-оят).
“Тухум шаклида қилди” деб таржима қилинган феъл оятда دَحَا (даҳа) кўринишида келган. Бу сўз “туяқуш тухуми шаклида” маъносини англатади.
Туяқуш йилига 30 тадан 50 тагача тухум туғади. Тухумининг вазни 1 ярим килограмгача етади.
Ер шари айнан туяқуш тухуми кўринишидадир. Товуқ тухуми кўринишида эмас.
Бундан 14 аср олдин, ўқиш-ёзишни ўрганмаган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ернинг туяқуш тухуми шаклида бироз чўзинчоқ кўринишда (юмалоқ ҳам, чўзинчоқ ҳам эмас, балки, шунинг ўртасидаги кўринишда) яратилганини қаердан билиб айтдилар экан?! Албатта, бу хабарни у кишига барча нарсани яратган Аллоҳ таоло билдиргандир!
Расмларда: туяқуш тухуми (товуқ тухуми билан солиштирилган, уларнинг доирасига эътибор беринг, товуқники чўзинчоқроқ, туяқушники доирасимонроқ), чапда Ернинг океанли расми, ўнгда Ернинг океансиз кўриниши.
Интернет материаллари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бир қишлоқда Иброҳим исмли болакай онаси билан яшарди. Уларнинг яшаш шароити унча яхши эмасди. Шунга қарамасдан унинг онаси ҳар куни эшиклари ёнига бошқалар олиб ейиши учун егулик қўярди.
Бир куни Иброҳим: “Онажон, сиз нега бошқалар учун ҳар доим эшигимиз ёнига егулик қўясиз? Ахир ўзимиз ҳам ночор яшаяпмиз-ку?” деб сўради. Шунда онаси табассум билан: “Ўғлим, қачонки биз Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиб, озига қаноатлансак, борини бошқалар билан баҳам кўрсак, шунда Аллоҳ у неъматларни кўпайтириб беради”, деди. Иброҳим онасининг бу гапларига унчалик ҳам тушунмади. Қандай қилиб уйдаги нарсани иккига бўлиб кўпайтириш мумкинлигига ақли етмади.
Бир оқшомда ўрта ёшлардаги киши келиб уларнинг эшигини қоқди. “Ҳар куни сизларнинг эшигингиз олдида егулик кўриб, олиб ердим. Аллоҳ сизларнинг топганларингизга барака берсин, дея дуо қилардим. Ўзим олдин тижоратчи бўлганман. Ҳозир озроқ даромад топдим. Шуни сизларга берсам”, деди. Иброҳим у пул билан ўқиб, илм олди.
Йиллар ўтиб Иброҳим жуда катта олим бўлди. У бошқаларга ҳам илм берар экан, онасининг гапларини эслаб: “Ҳар доим имкон даражасида яхшилик қилишдан тўхтамаслик керак экан. Қийматидан қатъий назар, бор нарсангизни бошқалар билан бўлишиш бахт экан”, дейди. Зеро, “Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради” (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Акбаршоҳ Расулов