Олимларнинг фикрича, инсоннинг миясида миллиардлаб ақл ҳужайралари бўлиб, инсон ўқиган сари шу заррачалар очилиб бораркан. Инсон илмдан узоқлашиб, ўқимай қўйса, ҳужайралар ўлиб, ақл қоронғилашиб, жоҳиллик ботқоғига ботиб борар экан. Китобни кўп мутолаа қилиш қалб ойнасини ялтиратиб, сайқаллайди. Чунки китоб энг содиқ дўст, ишончли сирдош. Китоб ва илм боис ризқ-рўзимиз мўл бўлади. Пировардида, юрт ва давлат ҳам кучли бўлади. Одамлар ичида садоқат ва ўзаро оқибат ришталари мустаҳкам бўлади.
Китоб билан онгимизни ўткирлаб, кескир қилиб турмасак, ақлимиз борган сари ўтмаслашиб, занглаб боради. Занглаган ақл эса ҳеч нарсага ярамайди.
Бир отахонни танирдим, Аллоҳ раҳмат қилсин, 85 ёшида вафот этди, олдимга тинмай китоб сўраб келаверарди. Кексалигига қарамасдан, олти ойда ўн бештадан ортиқ китобни бошдан охиригача ўқиди. Кунларнинг бирида отахон:
– Яна ҳам яхши китобингиз борми? – деди. У кишига мос китоб топгунимча бир оз хижолат чекдим. Аммо яна бир китоб топиб, қўлларига тутқаздим. Тўғриси, отахонга берган китобларни кўпимиз тўлиқ ўқимаганмиз. Бир йил ичида илмлари, онги ва тушунчалари шу қадар ошдики, мен билан илмий мунозаралар қилишга шу қадар шошдики, асти сўраманг. Илм ақлни тезгир айлаши ва илм излаш қабргача бўлишининг ҳикматини кўриб, Парвардигор, қудратингга минг тасанно дедим. Отахон вафотига қадар китоб ўқиди.
Азиз китобхон! Шуни билингки, китоб инсонни улуғликка етаклайди. Китоб ўқисангиз, асар қаҳрамони билан дилдан суҳбатлашасиз. Тушларингизда бирга юриб, унинг яхши фазилатларини ўзингизда мужассам айлайсиз. Хато ва камчиликларингизни тузатасиз, яшашдан мақсад нималигини англайсиз. Бу эса улкан бахтдир. Шу сабаб китобга ошно бўлинг, қадрдон!
Ақлни илму ҳикмат айлагай тезгир,
Қиличу ханжардан бўлади кескир.
Фикринг дарёсини гар босса лойқа,
Қалбинг қорайиб, жисминг ҳам эскир.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон