Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг туғилган йиллари манбаларда ҳижратдан 23- ёки 27-йил олдин деб кўрсатилади. Бу милодий ҳисобда 595 ёки 599 йилга тўғри келади.
Саъд розияллоҳу анҳу мерганлик ва камондан ўқ узиш бўйича ўта моҳир саҳоба эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни у кишига “От, эй Саъд, ота-онам сенга фидо бўлсин, от!” деганлар. Али розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъддан бошқа одамга бу гапни айтганларини эшитмаганман” деганлар.
Ислом динига энг аввал кирган саҳобалардан бири эдилар.
Саҳобаларнинг ичида паҳлавонлиги, қўмондонлик салоҳияти борлиги, мерганлиги, дуоси тез қабул бўлиши билан машҳур эдилар.
Форслар ўлкасининг фатҳ қилинишига сабаб бўлган Қодисия, Мадоин жангларида қўмондон бўлганлар.
Куфага биринчи волий бўлганлар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини Куфага волий этиб тайинлаганлар.
Муҳожир саҳобалардан Мадинада энг охири вафот этган киши шу зот эдилар.
У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қўриқлаб юрган зотлардан бири эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳу келганларида, “Бу менинг тоғам. Бирор киши ўз тоғасини кўрсатсинчи” деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ё Аллоҳ! У Сенга дуо қилганда, дуосини ижобат қилгин!” деб дуо қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг пешоналарига қўлларини қўйганлар. Кейин юзларини, кўксиларини ва қоринларини силаб, “Ё Аллоҳ, Саъдага шифо бергин!” деб дуо қилганлар. Кейинчалик Саъд розияллоҳу анҳу бу воқеани эслаб, “Ҳозиргача у зот алайҳиссаломнинг қўллари тафтини кўксимда ҳис қиламан” деганлар.
Саъд розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин янги раҳбар танлаш борасидаги Маслаҳат Кенгашининг аъзоси бўлганлар.
У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча ғазотларда иштирок этганлар.
Уҳуд куни кўпчилик ортга чекинган пайтда жойидан қимирламай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб, у зот алайҳиссаломни қўриқлаган кам сонли саҳобалардан бири эдилар.
Саъд розияллоҳу анҳу Макка фатҳи куни муҳожирларнинг учта байроқларидан бирини кўтариб борган зот эдилар.
У киши тириклигида жаннати эканлигини эшитган бахтиёр инсонлардан бири эдилар.
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад каби муҳаддислар Саъд розияллоҳу анҳудан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Умар, Оиша бинт Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Аббос, Соиб ибн Язид, Жубайр ибн Мутъим, Жобир ибн Абдуллоҳ, Мисвар ибн Махрама, Абдуллоҳ ибн Омир, фарзандлари Омир, Умар, Муҳаммад, Мусъаб, Иброҳим, Саъид ибн Мусаййиб, Абу Усмон Наҳдий, Амр ибн Маймун, Аҳнаф ибн Қайс, Алқама ибн Қайс, Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф, Абу Абдураҳмон Суламий, Мужоҳид, Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳум каби кўплаб зотлар у кишидан ҳадис ривоят қилишган.
Вафотларидан олдин юнгдан бўлган кийим (жубба)ларини олиб келишни буюрганлар. Олиб келишгач, “Мени шунга кафанланглар. Чунки, Бадр ғазоти куни душманга рўбарў бўлганимда, устимда шу кийим бор эди. Кафаним бўлсин деб шу кунгача сақлаб қўйгандим” деганлар.
Ҳижрий 55-йилда, милодий 674 йилда, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу даврида вафот этиб, Мадинада дафн этилганлар.
Суратда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг машҳур камонлари бўлиб, ушбу камон Мадинаи мунавварадаги “Ҳижоз темир йўли” номли музейда сақланади.
Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққосдан рози бўлсин!
Интернет материаллари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).
Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.
Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.
Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.
Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.
Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш
Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилганлиги, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.
Бу туҳмат ва қоралашлар турли-туман бўлиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:
1. Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.
2. Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.
3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.
4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.
5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану умайялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийҳлар мисолида кўринади.
6. Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлганлиги бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.
Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
1. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши Халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.
Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.
Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.
Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.
Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.
2. Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.
3. Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.
4. Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.
Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди