Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳри деб улуғланадиган Мадинаи мунавварага етиб келган ҳамюртларимиз ушбу қутлуғ шаҳардаги табаррук қадамжоларни зиёрат этишмоқда. Ватандошларимиз дастлаб Уҳуд тоғига чиқиб бу ерда шаҳид бўлган саҳобалар қабрларини зиёрат этиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилдилар. Бу улуғ тоғ муборак макон саналади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уҳуд тоғи бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Сўнгра Қиблатайн масжидига келиб икки ракат намоз ўқишди. “Қиблатайн” дегани “икки қиблали” деган маънони англатади. Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Бани Саълама қабиласидаги Умму Бишр розияллоҳу анҳони зиёрат қилгани борган эдилар. Умму Бишр Пайғамбаримизга овқат тайёрлаганлар ва ўша ерда пешин вақти кирган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари билан икки ракатни ўқиб бўлганларида, у зотга Аллоҳ таоло тарафидан Каъбага юзланиш буйруғи келган ва у зот ўша заҳоти Каъбага юзланганлар, ана шундан бу масжид “Масжидул-Қиблатайн” деб номланиб қолган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деб марҳамат қилганлар. Юртдошларимиз ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, чиройли таҳоратлар олиб, хушбўйликлар сепиб, покиза ҳолда Қубо масжиди зиёратига келиб, бу ерда ҳам икки ракатдан намоз ўқидилар.
Қубо масжиди Мадинаи мунавварада қурилган дастлабки масжиддир. Бу масжидни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавба сурасида зикр қилган:
لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ
“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (108-оят).
Зиёратлар чоғида гуруҳ раҳбари бўлган имом-домлаларимиз зиёратчиларимизга Уҳуд тоғида мусулмонларнинг мушриклар билан қилган шиддатли жанги, Қиблатайн ва Қубо масжидларининг тарихи ҳақида сўзлаб бердилар.
Бу муборак жойларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан заминда юрганига севиниб кўзларига ишона олмаётган, уларнинг ибратли ўтмишидан хабардор бўлган отахону онахонларнинг қувончлари чексиз бўлиб, қалблари тўлқинланиб, имон-эътиқодлари янада зиёда бўлди.
Уларнинг лаблари тинимсиз пичирлаб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот, шундай муборак жойларга етиб келишларига шароит яратиб берган муҳтарам Президентимизга ва барча мутасаддиларга раҳматлар айтишди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Авваллари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеликларга, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг шахсий турмушига бевосита боғлиқ бўлган масалаларга лозим даражада эътибор берган эмасмиз.
Мисол учун, мамлакатдаги вакиллик органларга бўлиб ўтадиган сайловларни олайлик. Ахир парламент сайловлари ҳақида сўз борганда, кўпчилигимиз, “Сайловлар менга нима беради” деб, айтмасмидик? Бундай сиёсий тадбирга барча бирдек жиддий муносабатда бўлиб келган, деб ким айта олади?
Бугун замон ўзгарди, дунёқарашимиз ўзгарди. Халқимиз эртанги кунга, атрофдаги воқеликларга бошқача кўз билан қарашни бошлади. Янги Ўзбекистон сиёсати нафақат мамлакатимиз қиёфасини, балки фуқароларни ҳам дунё қарашини тубдан ўзгартириб юборди.
2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда халқимиз томонидан жуда кўтаринкилик билан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг қабул қилиниши ва катта орзу-умидлар билан Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга бўлган хоҳиш иродаси фуқароларнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти юксак эканлигидан далолат беради.
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган бу йилги парламент сайловлари тарғибот-ташвиқотларида иштирок этаётган сиёсий партиялар, қолаверса, уларнинг вакиллари ўртасидаги баҳс-мунозара (дебат)лар ўта юқори савияда ташкил этилганининг гувоҳи бўлдик.
Тан олиш керак, сайловолди тарғибот ишларида “ноанъанавий жанглар” рўй берган бўлса ҳам бироқ улар туҳмат ва бўҳтондан холис бўлди.
Чунки, демократик сайлов жараёнида одамларни ижтимоий-сиёсий фаолликка даъват этиш, уларни буюк келажак сари эргаштириш, мустақиллик ғояларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳар бир сиёсий партиянинг олий мақсади бўлди.
Ахир, демократиядан кўзланган асосий мақсад ҳам фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш ҳамда ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш эмасми?
Бир нарсани унутмаслик керак. “Жамиятда демократия қай даражада эканлигини белгиловчи камида учта мезон бўлади, булар – халқ қарорлар қабул қилиш жараёнларидан қанчалик хабардорлиги, ҳукумат қарорлари халқ томонидан қанчалик назорат қилиниши, шунингдек, оддий фуқаролар давлатни бошқаришда қанчалик иштирок этишидир.”
Мамлакатимизда жорий йилнинг 27-октябрь куни бўлиб ўтадиган ва Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасига мувофиқ, сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган барча фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланиб, қонун чиқарувчи ҳокимият бўлган парламентимизни демократик тарзда шакллантиради.
Азиз сайловчи, бундай муҳим вазифани бажаришга тайёрмисиз?Унутманг, бу сизнинг конституциявий ҳуқуқингиз, бироқ таъбир жоиз бўлса, фарзандлар олдидаги бурчингиз ҳамдир!
Абдуманноб Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
судьяси.