Бирор ўзбек хонадони йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлсин. «Меҳмон – отангдек улуғ», «Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан», «Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема» каби мақол-ҳикматлар бежизга айтилмаган.
Иброҳим алайҳиссалом ғоятда меҳмоннавоз бўлганлар. Меҳмондўстлик одобимизнинг, хулқимизнинг энг муҳим кўринишидир. Хабарда: «Меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди», деб келган. Ҳадисда шундай дейилган: «Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Мезбоннинг бир кеча-кундуз кўрсатган иззат-икроми, қилган зиёфати меҳмонга бир мукофот тариқасида бўлсин. Асли меҳмоннинг иззати уч кундир. Бундан ортиғи меҳмон учун садақадир».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса: “Меҳмон кирмаган уйга фаришталар ҳам кирмайди”, деганлар. Иброҳим алайҳиссаломни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. У кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, деб қараб ўтирар эдилар.
Ҳусайн Воиз Кошифий меҳмондорчилик одобларини ўн тўртта деб санаган: «Меҳмонга ҳалол ва покиза таом тортиш; меҳмон кутишда бирор ғаразли мақсад ёки риё бўлмаслиги; меҳмонни илтифот билан кутиб олиш ва яхши жойга ўтқазиш; меҳмон қаршисида очиқ чеҳра билан хушнуд ўтириш; меҳмон қанча кўп келса ҳам ранжимаслик; чақирилмаган меҳмонни кўпроқ ҳурмат қилиш; бахиллик қилмаслик ва меҳмондан ҳеч нарсани қизғанмаслик; ясама илтифот кўрсатмай, қўлдан келганича самимий бўлиш; меҳмондан қайси таомни ёқтиришини сўрамаслик; меҳмон учун ўзи энг яхши кўрган таомни тайёрлаш; овқат ейишга ҳадеб зўрламаслик; меҳмон агар ташқарига чиқса бирга бошлаб чиқиш ва камида етти қадам бирга юриш; ўзини кўрсатиш учун ҳадеб узрхонлик қилмаслик; миннат қилмай, дастурхонидан нон еганига хурсанд бўлган ҳолда шукр қилиб, миннатдорчилик билдириш».
Маҳмуд ибн Муҳаммад бундай дейди: «Меҳмон келгач, ундан нима ейишини, кўнгли нима тусаётганини сўраса бўлади. Агар унинг истаги инобатга олинса, меҳмон хурсандчилиги зиёда бўлади. Бироқ меҳмондан: “Бирор нарса ейсизми, бирор нарса олиб чиқайми” каби саволларни сўраш ўта одобсизликдир. Шунинг учун уйда борини унинг олдига қўйиш керак”
Меҳмондорчилик тартибларини Қайюм Носирий бундай таърифлайди: «Меҳмонга борсанг, уй эгаси кўрсатган жойга ўтир. Нимани келтирса индамай е. Мезбон ташқарига чиқса, ўрнингдан турма, рухсатсиз нарса қидирма. Гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани ушлайверма. Аммо хонада китоблар бўлса, кўришинг мумкин».
Маҳмуд Кошғарий: «Бефаҳм меҳмон уй эгасини хижолатга қўяди», деган экан.
Меҳмондўстлик яхши одамларнинг ибратли фазилати саналади, меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди. Меҳмонга таом кечиктирмай олиб келинади. Нон дастурхонга егулик миқдорда қўйилади, синдирилгани бўлса яна ушатилмайди. Мезбоннинг баъзида «олинг, енг» деб туриши савобли иш, бу уч мартагача айтилади. Аммо меҳмонни хижолат қилиб ҳадеб таомга зўрлайвериш одобсизлик саналади.
Таом келтирилгач, уй соҳиби (мезбон) тановулга изн беради, агар меҳмон бегона бўлса, аввал уй эгасининг ўзи таомга қўл узатади ва ҳаммадан кейин тортади. Яқинлари ва биродарлари бўлса, ҳурмат юзасидан улардан олдин қўл чўзмайди.
Мезбон лаззатли ва латиф таомни меҳмонига илинади, ўзи бундайроғини ейди. Агар таом оз бўлса ёки меҳмоннинг очлиги сезилса, ўзи камроқ еб, меҳмонга кўпроқ қолдиради. Уйда нима яхши таом, мева-чева ва бошқа неъматлар бўлса, аввало меҳмонга тортилади.
Меҳмон келтирилган таомнинг айбини топмасдан, нима келтирилса мақтаб ейиши зарур. Агар дастурхон атрофида ёши улуғ киши бўлса ундан олдин таомга қўл узатилмайди. Меҳмоннинг овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши яхши эмас.
Чақирилмаган жойга меҳмонга борилмайди. Агар икки киши баравар айтган бўлса, яқинроқ қўшниникига борилади. Иккови ҳам яқин бўлса, ошно ва дўстроғиникига борилади.
Мезбон (зиёфат эгаси)нинг изнисиз чақирилмаган одамни бошлаб бормайсиз. Мабодо бирор киши эргашиб бориб қолса, мезбон эшигига келганда ҳолатни тушунтириб, ундан ижозат оласиз. Агар бир жамоани меҳмонга чақирсангиз, улар озчилик бўлса бирга ўтирсангиз зарар қилмайди. Чунки уларга дастурхон устида хизмат қилиб туриш керак бўлади. Борди-ю, улар кўпчилик бўлса, ташқарида хизмат қилиб турган маъқул. Меҳмон кетар чоғида мезбон билан “Ассалому алайкум” деб хайрлашади, хонадон ҳаққига дуо қилиб, меҳмондорчилик учун миннатдор бўлганини билдиради.
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳаётда баъзи йўқотишлар бўлади — вақт ўтиб, ўрни тўлиб кетади. Аммо шундай йўқотишлар бор-ки, уларнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Ана шундай бебаҳо неъматлардан бири — уламолардир. Бугун улар бизнинг орамизда бор, аммо эртага бўлмаслиги мумкин. Улар битта-битта кетишмоқда. Биз еса, афсуски, кўп ҳолларда бу ҳақиқатнинг англаб етмаяпмиз.
"موت العالم موت العالم"
— яъни “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир” деган машҳур ибора бор.
Яна шу мазмунда Имом Байҳақийнинг ривояти келтирилади:
"موت العالم مصيبة لا تُجبر، وثلمة لا تسد، ونجم طُمِس، موت قبيلة أيسر من موت عالم."
"Олимнинг ўлими — тузатиб бўлмайдиган мусибат, тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ, сўниб қолган юлдуздир. Бир қабиланинг йўқ бўлиши, бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир."
Чунки олимларнинг ўлими билан фақат бир инсон эмас, бутун бир жамият руҳий, илмий ва ахлоқий жиҳатдан зарарга учрайди, маънан қулаб боради. Айнан шунинг учун олимнинг ўлими “оламнинг ўлими”га тенглаштирилган.
Зеро олимлар — фақат китоб ўқиб, дарс берадиган одамлар эмас. Улар — йўл кўрсатувчи, ҳаққа чақирувчи, ҳақиқатни мудофаа қилувчилардир.
Улар йиллар давомида илм ўрганишди, сабр билан одамларга етказишди, ўз ҳаётларини умматга бағишлашди. Энди эса, битта-битта ўтиб кетишяпти...
Кеча Абдуқаҳҳор домла Шоший (1969-1987 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Халқаро бўлими мудири, 1969-1982 йиллар – Бухородаги Мир Араб мадрасаси директори, 1982-1987 йиллар – Тошкент Ислом институти ректори) оламдан ўтган эдилар.
Бугун эса яна катта мусибат - юртимизнинг забардас уламоларидан бири устоз Иброҳимжон домла Қодиров вафот этдилар. Домла умрларининг охиригача масжидларда имомлик қилиб, дин хизматида бўлган пешволардан, юзлаб шогирдларни тарбия қилган устозлардан эдилар. Устозимиз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳам айнан шу кишида таҳсил олган эдилар.
Шундай уламолар бирма-бир ўтиб боришмоқда. Биз ўтган уламоларимиз ҳаққига дуо қилиб, ҳозирда ҳаёт бўлиб турганларини қадрларига етишимиз керак.
Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб эҳтиром кўрсатиш, алоқани мустаҳкамлаб, имкон борича кўпроқ фойдаланиб қолишимиз ва фарзандларимизни уларга яқинлаштиришимиз керак.
Лекин биз уламоларимизни тириклик чоғида қадрлаш ўрнига, четга чиқиб олиб, дин, миллат душманлари "тегирмонига сув қуйиб" уламоларни обрўсизлантираётганлар ва бу орқали юртимиз пешволари билан оммани боғлаб турган ипни узиб, мусулмонлар бирлигини парчалаётганлар сўзига учиб қоляпмиз. Уларга ишониб, уламоларимизнинг сўзларига қулоқ тутмай ғийбат, туҳмат қилиб, ранжитамиз. Вафот этганларидан кейин эса тобутларини талашиб, йиғлаб-сихтаб, пушаймон бўлиб қолаверамиз.
Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ бир суҳбатларида айтган эдилар:
“Кўрсангиз кўзингиз қувнайдиган, жаннатнинг ҳиди келиб турадиган забардас олимлар, аҳли илмлар бор. Тириклигида биров иккита нон олиб хабар олмайди. Олимларни қадрламайди.... Вафотидан кейин эса азиз бўлади. Тириклигида текинга қилган суҳбатига бир километр юриб бормаган одамлар, ўлганидан кейин юзлаб километр масофалардан йўл босиб келади. Кўтар-кўтар қилади. Қадрламабмиз, кўришмабмиз, шу ерда шундай олим киши бор экан билмабмиз, деб юраверади”.
Хуллас, уламоларни ғанимат билайлик. Улар халқимизга катта неъмат, неъматни қадрламасак ундан ажралиш билан синаламиз. Кейинги пушаймон эса асло фойда бермайди.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим