Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан деб иймон келтирганмиз, шу эътиқодга амал қилиб борсак улуғ ажрларга эга бўламиз. Ҳаётимиздаги хар бир ҳолатга шукр қилсак, сабр қилсак зафар топамиз. Мукофоти жаннат бўлади, иншоаллоҳ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати ибн Аббос розияллоҳу анҳуга насиҳат қилди: “Ҳар бир ишингда Аллоҳ таолони ҳақиқий сақлагувчи деб билгин – Аллоҳ сени сақлагай. Қалбингда ҳамиша Аллоҳ таолони сақлагин – Аллоҳ сенга доим ҳамроҳ бўлгай. Бирор нарса сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳ таолодан сўрагин. Билгинки, бутун дунё аҳли йиғилишиб сенга бирор фойда келтирамиз деса Аллоҳ таоло ёзганидан ортиқ фойда келтира олмаслар. Агар сенга бирор зарар етказмоқчи бўлсалар сен ҳақингда Аллоҳ таоло ёзган миқдоридан ортиқ зарар беролмагай. Азалдан бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар тақдирда ёзиб қўйилгандир”.
Аммо эътиқод масалалари ва ҳадиси шарифларда айтилганки тақдир икки нарса билан ўзгаради яъни дуо қилиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш билан.
Ўзимизга жамиятга хизмат қилиб дуосини олмоқлик, эл назарини топмоқлик, ватанга, маҳалла кўйга яхшилик қилмоқлик, садақаи жорияларни қолдирмоқликни лозим тутайлик.
Инсон бошига ҳар қачон, ҳар қандай мусибат келса Аллоҳ таолодан умид узмаслик керак, хар бир қийинчилик ортидан сабр қилса хайрият бор, мусибатдан кейин роҳатга чиқишлик ҳам бор. Балога учраган бўлса ундан қутулмак ҳам бор. Зулмдан қутулиб роҳатга чиқмак, қоронғудан ёруғликка чиқмак бордур.
Инсоннинг дунё ва охират саодатига эришиши ўзининг эътиқоди, ҳиммати ва ғайратига боғлиқдир. Амалларимизни холис Аллоҳ учун қилиб раҳматидан ноумид бўлмай фазли карамидан умидвор бўлмоқлик, тўғри эътиқод қилмоқлик, дил билан тилни бир қилмоқлик комил мўминнинг сифатидир.
Абдураҳим САТТОРОВ,
Избоскан тумани “Бобур” жоме масжиди имом-хатиби
Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.
Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.
Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:
– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.
Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:
– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..
Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган.
Акбаршоҳ Расулов