Табиатдаги гўзал ҳодисалардан бири – қутбдаги шафақдир. У қутб ёғдуси деб аталади. Қутб ёғдуси Қуёшнинг ҳаракатига боғлиқ. Қуёш очиқ фазога жуда катта миқдорда иссиқлик тарқатади ва ўзидан электр билан зарядланган зарралар оқимини чиқариб туради. Ана шу зарралар Ер атмосферасининг юқори қатламларида – ер юзасидан 80 километрдан то 1000 километргача бўлган баландликда ҳаво атомлари ва молекулалари билан тўқнашади ва улар сариқ, қизил, тўқ сариқ рангларда нур сочади. Қутб ёғдуси шундай рўй беради.
Қутб ёғдуси улкан қизил-яшил ўқ-ёйга ўхшаб кўринади ва ўз кўринишини ўзгартириб, ранг-баранг товланиб, гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ йўқолиб туради. Қорамтир осмонни ёриб ўтган бу ранглар баъзан ҳавода қизил шокилали кўм-кўк пардадек осилиб туради.
Қутб ёғдуси Ернинг шимолий ва жанубий қутблари яқинларида содир бўлади. Бунга сабаб шуки, Ер шари улкан магнитдан иборат. Ҳар қандай магнитда бўлганидек, унинг ҳам иккита қутби бор. Электр билан зарядланган қуёш зарралари бизнинг сайёрамизга етиб келганда, улар ернинг магнит кучлари таъсирида шимолий ва жанубий магнит қутбларига оғади, натижада бу ҳудудларда қутб ёғдуси кузатилади.
Олимлар Қуёшда доғлар миқдори кўпайган пайтларда қутб ёғдуси кучлироқ ва тез-тез бўлишини пайқашган. Қуёшнинг айнан доғлари бор қисмидан отилиб чиқадиган зарраларнинг ўта кучли оқимлари қутб ёғдуси келиб чиқишига сабаб бўлар экан.
Қутб ёғдуси – Ернинг магнит майдони Қуёшдан келаётган ўта зарарли нурларга қарши курашаётганининг исботидир. Ўша зарарли нурлар бизни ёндириб юбориши ўрнига Аллоҳнинг фазли билан магнит майдони ўша нурларни биздан узоқлаштириб туради. Биз эса унинг аксини қутб ёғдуси сифатида кўрамиз.
Кўриб турибмизки, қутб ёғдуси улкан аҳамиятга эга нарса экан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилган:
فَلَا أُقْسِمُ بِالشَّفَقِ وَاللَّيْلِ وَمَا وَسَقَ وَالْقَمَرِ إِذَا اتَّسَقَ لَتَرْكَبُنَّ طَبَقاً عَن طَبَقٍ
“Шафақ билан қасамки. Кечаси ва у ўраб олган нарсалар билан қасамки. Ва тўлин ой билан қасамки. Албатта, сизлар табақама-табақа минасизлар” (Иншиқоқ сураси, 16-19-оятлар).
Қуйида Ер шарининг шимолий ва жанубий минтақаларида жойлашган давлатлар осмонида кузатилган қутб ёғдуларини кўрасиз. Ушбу расмлар Швеция, Норвегия, Исландия, Россия каби давлатларда тасвирга туширилган.






Интернет материаллари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади.
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws