“Каъб ибн Иёз (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бундай деб айтаётганларини эшитдим: “Ҳар бир уммат учун фитна бор, менинг умматим фитнаси мол-дунёдир” (Имом Термизий).
Шарҳ. Имом Термизий саҳиҳлигини айтган ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз (а.с.) мол-дунё мавзусига эътибор қаратганлар. Шарҳчилар ҳадисдаги “фитна”ни залолат ва маъсият, яъни адашиш ва Ҳаққа осийлик деб изоҳлашган. Яъни, бу умматни ҳақ йўлдан оздириб, диндан узоқлаштирадиган энг муҳим омил моддият ва молдир. Ислом душманларининг ошкора ва махфий ташкилотлари мусулмонларни йўлдан тойдириш учун кўпинча моддият ва мол-дунёдан тузоқ сифатида фойдаланишмоқда. Буни кузатиб туриб, Аллоҳ таолонинг: “Кофир бўлганлар мол-мулкларини Аллоҳ йўлидан тўсиш учун сарфлайдилар” (Анфол, 36), деган огоҳлантирувининг амалдаги исботини кўрамиз. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг юқоридаги ҳадислари билан ғайбдан хабар беришларига яна бир карра имон келтирамиз.
Айни пайтда, бу ҳадисни нотўғри талқин қилмаслик керак. Ислом дини аслида бойлик ва моддий куч-қудратга қарши эмас. Аксинча, мусулмонларни меҳнат қилишга ва пул топишга тарғиб этадиган кўплаб ҳадислар бор. Динимизнинг муҳим қисми бўлмиш закот, ҳаж, садақа каби фарз ва мандуб амалларни бажариш учун, албатта, мол-дунёга эга бўлиш керак. Шунингдек, “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”, “Аллоҳнинг наздида кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва суюклироқдир”, “Тақводор кишига бойликнинг ҳеч бир зарари йўқдир” каби ҳадислар мусулмонларни меҳнатга, моддий жиҳатдан бақувват бўлишга ундайди.
Шундай экан, мол ва моддиятни ёмонлашдан мақсад, агар ҳушёр, сергак бўлинмаса, ахлоқий ва диний жиҳатдан тубанлашишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришдир. Унутмайликки, тараққиёт, ривожланиш йўқчилик ва эҳтиёждан келиб чиққани каби, қолоқлик ва танбаллик ҳам бойлик келтирган тўкинлик, исроф сабабли юзага келади. Бунга энг ёрқин мисол Саодат асри ва ундан кейинги саҳобалар давридир. Ўша пайтда очликдан силласи қуриб, қорнига тош боғлаб юрган одамлар қисқа муддатда дунёнинг уч қитъасига Аллоҳнинг ҳақ динини етказишди. Замонлар ўтиб, бутун дунё хазиналари мусулмонларга қараб оқа бошлаганида эса, одамлар бамайлихотирликка ва дангасаликка берилишди. Оқибатда илм-фан, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда дунёга устозлик қилган мусулмон олами тараққиётдан орқада қолган, қарам ва боқиманда ҳолга тушиб қолди.
Шундай экан, азалий ва абадий ҳақиқатларни етказувчи бўлган Пайғамбаримиз (а.с.)нинг мол-дунё борасидаги тутумларини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади: «Одамлар мол-дунё борасида тўрт қисмдир: бир банда бор, Аллоҳ унга мол ва илм берган, у моли хусусида Аллоҳдан қўрқади ва уни силаи раҳм учун сарфлайди. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини билади ва уни адо этади. Мана шу одам энг юксак мартабага эришади.
Яна бир банда бор, Аллоҳ унга илм бергану аммо мол бермаган. У яхши ниятда: “Агар молим бўлса эди, фалончига ўхшаб хайрли йўлларга сарфлардим”, деб орзу қилади. Аллоҳ унинг ниятини қабул қилади ва олдингилар билан тенг ажр беради.
Учинчи (хил) банда бор, моли етарли, лекин Аллоҳ унга илм бермаган. У молини шаҳват ва бузуқлик-фитна йўлларига сарфлайди. На Раббидан қўрқади ва на силаи раҳм қилади. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди. Бу энг ёмон мартабадир.
Тўртинчи (хил) кимса бор, Аллоҳ унга мол ҳам, илм ҳам бермаган. Аммо у исрофчиларга ҳасад қилиб: “Қанийди, менинг ҳам пулим бўлсайди, фалончига ўхшаб сарфлаб, унга ўхшаб яшардим”, дейди. У ҳам нияти сабаб ўша исрофгарлар билан гуноҳда тенг шерик бўлади».
Манба:irfon.uz
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.