Бир киши балиқ консерва заводида ишларди. Бир куни у иш тугаганидан кейин музлатгич ичига кириб атрофни кўздан кечираётганда тўсатдан музлатгич эшиги ёпилиб қолди. Энди унга ким ёрдам беради? У бор кучи билан эшикни тепар, овозини борича бақирар эди. Лекин… Бари бефойда. Шу алфозда беш соат музлатгич ичида қолди. Дунё билан хайрлашиши аниқ бўлиб қолди. Тўсатдан бир киши эшикни очиб ичкарига кирди. Қараса, бир киши ўлим билан олишиб ётарди. Унга тезда ёрдам кўрсатилди. Киши дунёга қайтадан келди. Ёрдам қўлини чўзган киши шу заводнинг қоровули эди. Ундан сўрадилар: “Музлатгич ичида одам борлигини қаердан билдингиз?”
– Мен бу ерда ўттиз беш йилдан бери ишлайман. Хизматчилар орасида бир киши мен билан эрталаб табассум ила саломлашар, қайтаётиб яна шу алфозда хайрлашар эди. Шу куни иш тугаганидан сўнг ўша кишини кўрмадим. Кўнглимда нима бўлди экан деган савол пайдо бўлди. Уни излай бошладим. Ниҳоят уни музлатгич ичидан топдим.
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Биродаринг юзига табассум қилишинг САДАҚАДИР»
Мана сизга ҳадисга амал қилишни мукофоти. Мана сизга табассумнинг таъсири.
ЎМИ Матбуот хизмати
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.