Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Қасамини бузган қиз

1.08.2018   6833   5 min.
Қасамини бузган қиз

Омонат нима? Жон омонати, мол омонати, сир омонати... ваъдага вафо қилиш ҳам омонат. Бу омонатларга ҳақиқий инсонгина амал қилади. Чунки омонат эгаси берган омонатини куни келганда сўрайди. Икки инсон бир ишга келишса, уларга фаришталар гувоҳ, Аллоҳ таоло қараб туради. Омонатга содиқ инсонга мукофот бериб, хиёнатчини жазолайди. Келинг, бу мавзуга ҳаётда бўлиб ўтган бир воқеани мисол қилайлик.

Бир инсон акасининг қизининг номига ша­ҳардан уй олди. Вақти соати келса, уканинг воя­га етмаган ўғлига хатлаб беришга келишдилар. Бу келишувда уй номига олинаётган қизга отаси:

– Жон қизим, бу амакинг, менинг жигарим бўлади. Сенга ота ўрнида ота бўлади. Уйни се­нинг номингга олдик. Сенга бу уй омонатдир. Вақти соати келса, омонатга хиёнат қилмасдан уйни амакингнинг ўғлининг номига хатлаб берасан. Сенга бу сўзларим ҳам омонатдир, – де­ди.

Қиз:

– Отажон, айтганингизни қиламан, ўртага Аллоҳни қўйиб онт ичаман. Бу омонат уйни, албатта, вақти келса, эгасига хатлаб бераман, – деди.

Ҳамма бир-бирига ишонди. Уй хатланмади, давлат нотариусига бориб тилхат ҳам қилинмади. Чунки инсоннинг “гўшти ҳаром, лафзи ҳалол” мақолига амал қилинди. Зеро, аждодлар асло ваъдасига хилоф қилмаган халқ бўлгани боис ваъда ва сўзларга ишонамиз. Орадан йиллар ўтди. Қизнинг отаси оламдан кўз юмди. Уйга ҳақли бола эса йигит бўлди. Отанинг маросим­лари ўтди. Ҳамма оила аъзолари жам бўлишди. Амаки секин ўзаро тузилган келишувдан гап очди ва уйни ўғлига хатлаб беришини қиздан сўради. Акасининг қизи бўлса, ҳеч нарсага тушунмагандай:

– Қанақа уй тўғрисида сўраяпсиз? – деди елкасини қисиб.

– Қанақа уй бўларди? Сенинг номингга олинган уй-да. Жиянинг катта бўлса, унинг номига хатлаб беришга келишган эдик. Сен онт ичган эдинг, наҳот эсингдан чиққан бўлса? – деди амакиси қизнинг жавобидан ажабланиб. Қиз бўлса, ҳеч нарсадан хабари йўқдек, ўзини бамайлихотир тутар ва:

– Мен ҳеч қанақанги келишув, онтдан хабарим йўқ! Сиз айтаётган уйни отам менга совға қилган, бошқасини билмайман, – деди. Пул бераётганда иштирок этган гувоҳлар унга тушунтиришга ҳар қанча ҳаракат, насиҳат қилишмасин, гапни қулоғига олмас, “Уй меники”, деб туриб олганди. Уй жанжали узоқ давом этди. Маҳалла оқсоқоли, кексалар аралашди. Қиз ўз сўзида қатъий туриб олди. Бир неча бор қасам ҳам ичди. Амакиси уни қарғади ва лаънатлар ёғдирди. Қизнинг кўзига уй кўринар, қарғишларга эътиборсиз ва нописандлик билан қарарди. Аллоҳнинг жазоси борлиги, қарғишлар умрини хазон қилишини бир лаҳза ҳам ўйламасди. Охирги маслаҳатда амакиси кўзига ёш олиб:

– Илоҳо, жувонмарг бўл, шу уйда балога учраб ўл, яхшилик кўрма, отанг ўрнида сенга отаман. Аллоҳ отанинг дуосини рад қилмайди. Менинг ҳам дуоимни рад қилмайди. Бошингга балолар қуюни ёғилганда сўзларимни эсларсан, – деб юзига фотиҳа тортиб юборди.

Шу пайт осмон гумбурлагандек, қизнинг кўз олди қоронғилашиб, чақмоқ чаққандек бўлди. Юраги дукуллаб, қаттиқ қўрқиб кетди. Қалбида: “Ҳой қиз, нима қилаяпсан, Худодан қўрқ!” деган ҳайқириқ отилди. Шу лаҳзада шайтон васвасасини янада кучайтирди. “Нимага қўрқасан, қўлингга фалон миллионлик уй-жой ўтди. Асло қўрқма, дуо билан ҳамма ўлаверса, одам қолармиди, мақсадингдан қайтма, ҳаммасига тупур”. Нафси эса янада ботир бўлишга ундади. У шайтоннинг васвасасига ва нафсига эргашди. Унинг кўзига уй катта бахт ва омад келтирадигандек, Аллоҳнинг ғазаби, амакининг дуоси ҳеч нарсадек кўринди. Юзларга фотиҳа тортилгач, яқинлари ундан юз ўгиришди. Шундай қилиб, ҳаёт давом этаверди. Аммо қиз хотиржамлигини йўқотди. Ташқаридан хушчақчақ, бахтлидек кўринса-да, ичини ит кемирарди. Орадан уч-тўрт йил ўтди. Хаёли паришон бўлиб қолди. Уйқуга ётди дегунча амакисининг дуоси бўғарди. Отасининг норози қиёфаси пайдо бўларди. Шундай бўлса-да, уйни чиройли қилиб таъмирлади. Айниқса, ваннахонага катта эътибор қаратди. Энг замонавий ванна ўрнатди ва энг сифатли кафеллардан ётқизди. Таъмир ишлари тугагач, мазза қилиб ваннада чўмилмоқчи бўлди. Ваннага кирди, ҳидли совун ва хушбўй шампундан фойдаланди. Ваннадан сачраган сувли совун ва шампунлар кафелга тушиб, уни жуда сирпанчиқ қилиб юборди. Чўмилиб бўлган қиз нимагадир сакраб ваннадан чиқди. Кафелга сирпаниб боши билан ваннага урилди ва ҳушидан кетди. Ҳушсиз ётаркан, кўз олдидан гуноҳлари қатор бўлиб ўтди. Уни шифохонага олиб келишди. Бир неча кун ҳушсиз ётди. У ҳушсиз ҳолида: “Мени кечиринг амаки, дада, кечиринг”, дерди. Шифокорлар бир неча марта операция қилишди. Фойдаси бўлмади. Аллоҳ берган жон омонатини эгасига топширди. Чунки жон омонатига хиёнат қилиш қўлидан келмасди.

Эй азиз фарзанд! Унутмангки, амаки ота ўрнида ота бўлади, тоға эса етти отанинг ўрнини босади, хола она ўрнига она деб бежизга айтилмаган. Улар ҳам ота-онадирлар. Уларнинг дуолари ҳам даргоҳи илоҳийда мақбуллигини билиб, уларни хурсанд қилиш ва ранжитмаслик кераклигини ўрганайлик. Қасам ва онтимизга содиқ бўлайлик.

“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Бой бўлишни истайсизми?

25.11.2024   714   5 min.
Бой бўлишни истайсизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).

Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.

«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.

Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.

Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.

Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.

Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).

Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки   бойлик кўнгил тўқлигидир (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).

Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.

Даврон НУРМУҲАММАД