frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Биз одам савдосига қаршимиз!

30.07.2018   12503   3 min.
Биз одам савдосига қаршимиз!
Одам савдоси ҳолати ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш, жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу мудҳиш жиноятнинг олдини олиш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг 2013 йилдаги резолюцияси билан 30 июль – “Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни”, деб эълон қилинган.
 
Ўзбекистонда ҳам бу санага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси глобал муаммолардан ҳисобланган одам савдоси жинояти мамлакатимизда ҳамон учраб турибди.
 
Инсон ҳуқуқи, эркини чеклаш, ҳатто унинг ҳаётига зомин бўлувчи бу иллат замирида чиркин бойлик орттиришдек мудҳиш мақсад яширинган. Шунинг учун ҳам ҳар йили миллионлаб одамлар бу иллат домига тушиб қолаётир. Одамфурушлар асосан алдов, зўравонлик йўли билан ёшлар ва аёлларни ўз гирдобига тортмоқда.
 
Турли йўллар билан хорижий давлатларга олиб кетилиб, оғир мажбурий меҳнатга мажбур этилган, энг ёмони, тубан ишларга маҳкум этилган одамлар, айниқса хотин-қизларни қутқариш, юртимизга қайтариш борасида мамлакатимизда давлат органлари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари ҳам фаолият юритмоқда.
 
Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази шу йўналишда 2001 йилдан бери фаолият юритмоқда.
 
– Халқаро ҳамкорлик асосида марказимизда +99895 1439494 рақамли “Долзарб алоқа тармоғи” ташкил этилган, − дейди марказ директори Нодира Каримова. − Кўпинча одам савдоси жабрланувчилари мазкур тармоққа мурожаат қилади. Уларга ёрдам бериш учун марказ психологлари, ҳуқуқшунослари доимо алоқада. Жабрланган фуқаро жойи аниқлангач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда уни қайтариш чораси кўрилади. Хориждан қайтарилган жабрланувчиларнинг соғлиғини тиклаш, уларга руҳан далда бўлиш имкониятлари ишга солинади. Кейинги босқичда – марказимизда очилган ўнга яқин ҳунар тўгараклари орқали уларга касб-ҳунар ўргатилади ва ишга жойлаштириш чораси кўрилади. Мана шундай амалиёт туфайли ўтган йилларда минглаб опа-сингилларимиз ҳаётда тўғри йўл топишга муваффақ бўлишди.
 
2018 йилнинг биринчи ярмида “Долзарб алоқа тармоғи”га 1,5 мингдан зиёд қўнғироқлар бўлди. Юзга яқин аризалар асосда 200 га яқин одамнинг ўз уйига қайтишига кўмаклашилди.
 
Айтиб ўтиш керакки, 2018 йил 12 апрелда Марказий Осиё ва Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш минтақавий форуми доирасида Халқаро одам савдосига ва бошқа турдаги зўравонликка қарши курашиш тармоғи ташкил этилди. “Истиқболли авлод” ҳам мазкур тармоқ аъзоси ҳисобланди.
 
Тармоқнинг миссияси: одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича адвокатлик ҳамда ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий хизмат кўрсатиш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг барқарор тизимини яратишдир.
 
Марказ Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур ҳамкорлик доирасида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан бугун пойтахтимиздаги “Анҳор Локоматив“ маданият ва истироҳат боғида “Биз одам савдосига қаршимиз!“ шиори остида акция ўтказилади. Акцияда одам савдосининг олдини олиш билан боғлиқ театрлаштирилган томошалар ва концерт дастури намойиш этилади.
 

 

Муаттар Рўзибоева, ЎзА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   31090   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари