Ҳажга боришни орзу қилиб, Маккаи мукарама ва Мадинаи мунавварага қадами етишини дилига тугиб олган, ҳажга борувчилар рўйхатига киритилган куниданоқ қалбларидаги муҳаббати янада зиёда бўлиб кучли ҳаяжон билан улуғ ибодатга тайёрланиб, кеча-ю кундуз зикр билан машғул бўлган ихлоси чексиз ватандошларимизнинг биринчи гуруҳи ўтирган ҳаво лайнери бугун тонгда Саудия Арабистонига қараб учиб кетди.
Бир неча кун бурун Саудияга етиб борган ишчи гуруҳи ҳожиларимизни кутиб олиш учун барча зарурий чораларни кўриб қўйганлар. Ҳожиларимизга ҳашаматли меҳмонхона, энг қулай шароитлар, истеъмоллари учун турли вақтларда тайёрланадиган покиза ва лаззатли таомлар, борадиган манзилларига етказиб қўйувчи салқин автобуслар, ўзини роҳатсиз сезиб қолгудек бўлганларга малакали тиббий хизматлар, борингки, уларнинг нима эҳтиёжи бўладиган бўлса, ҳаммаси аъло даражада муҳайё қилинган.
Ўзбекистонлик ҳожиларга шундай шароитлар муҳайё қилинганки, улар ҳеч нарсага чалғимайди, ҳеч нарса ҳақида ўйламайди, ҳеч нарсадан хавотирга тушмайди, фақат ибодат қилади, ибодатнинг лаззатини ҳис қилади. Ҳаж амалини бу қадар қулай шароитларда бажариш не-не шавкатли зотларнинг орзуси бўлиб келганини тасаввур қилишнинг ўзиёқ бизнинг ватандошларимизнинг толеи қанчалик баландлигига далолат қилади.
Самолётга чиқаётган чоқдаги нуроний отахону онахонларнинг қалбларидаги ҳаяжонни, кўзларидаги севинч ёшларини кўриб. тилларидаги дуоларини эшитган ҳар бир киши тўлқинланиб кетади. Юртимизнинг тинчлиги, юртбошимизнинг омонлиги, ғайрат-шижоати, элимизнинг маъмурлиги астойдил кўнгилдан келаётган дуолар шарофатдиндир деб севинади. Уларнинг муқаддас маконларга эсон-омон бориб, ҳаж ибодатларини бекам-у кўст бажариб, Ватанимизга ёруғ юз билан юзларидан таралиб турган ибодат нурлари янада барқ уриб қайтиб келишларини тилаб қолади.
Ҳожиларимизни – отахон-у онахонларимизни, ака-укаларимизни, опа-сингилларимизни ўз бағрига жойлаб ҳавога кўтарилган улкан ҳаво лайнерининг ортидан қараб, қўлларимизни дуога очиб уларнинг ҳаққига дуолар қилиб қолдик: Йўлларингиз очиқ ва ойдин, ибодатларингиз мақбулу манзур бўлсин! Ҳажингиз муборак, азиз юртдошлар!

ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ