Фазилатли Шайх Муҳаммад Cодиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг суюкли фарзанди Исмоил Муҳаммад Содиқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасида маслаҳатчи лавозимига тайинланди.
Хабарингиз бор, шу йил 9 февраль куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифлари чоғида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида масжид барпо этиш бўйича муҳим топшириқлар бериб, улуғ алломанинг хотирасига юксак ҳурмат кўрсатиш ҳақидаги илиқ сўзларни айтган эдилар. Давлатимиз Раҳбари Шайх ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганларини айтиб, мана шундай илм аҳллари хотирасига эҳтиром кўрсатиш зарурлигини алоҳида уқтирдилар.
Бугунги кунда Шайх ҳазратларининг меросини ўрганиш, у кишидек чин эътиқод соҳибининг илмий фаолиятини давом эттириш, Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, бузғунчи ғояларга қарши курашиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, мана шундай ишларни янада жадал олиб бориш йўлида раҳматли Шайх ҳазратларининг тўнғич фарзанди Диний идорада маслаҳатчи вазифасида меҳнат қилишида ҳам улуғвор мақсадлар кўзланган.
Шу ўрнида айтиш керакки, Исмоил Муҳаммад Содиқ кучли илмий салоҳият, ҳаётий тажриба ва ноёб истеъдод соҳиби ҳисобланади. 1976 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1994 йил «Исломий даъват куллияси»га ўқишга кирди. Тўрт йил бакалавр босқичида, сўнг икки йил магистратурада ўқиб, 2001 йили ушбу куллияни тамомлади. Шундан сўнг, элчихоналарда, диний таълим муассасаларида, нашр ишларида, сайт хизматларида ва таълим марказларида фаолият олиб борди.
Ҳозирда Исмоил Муҳаммад Юсуф «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти раҳбари ҳисобланади. 2011 йилда фаолият бошлаган ушбу нашриёт ҳозирда республикадаги энг кўзга кўринган ва илғор нашриётларнинг олди қаторидан жой олиб улгурди. Устоз Шайх ҳазратларининг китобларини ва яна бошқа бир қатор илмий-маърифий асарларни ўқувчилар қўлига етказишда изчиллик билан иш олиб борилмоқда. Ҳатто асарлар рус ва қардош халқлар тилларида ҳам нашр этилиб, хорижий давлатлардаги ўқувчиларга етказилмоқда.
Исмоил Муҳаммад Содиқнинг мазкур фаолиятлардан ташқари илмий салоҳияти ҳам юқори. У киши расмий илм даргоҳларидан ташқари ўз оталари Шайх ҳазратларидан ҳам кўп таълим олган. Хусусан, «Тафсири Насафий» ва «Саҳиҳи Бухорий»дан ижоза олган. «Олтин Силсила»нинг таржимонларидан бири. Шайх ҳазратларининг барча китобларининг ношири ҳисобланади.
Аллоҳ таборака ва таоло Исмоил Муҳаммад Содиқни улуғ Устознинг вориси сифатида отасининг ишларини давом эттириб боришини насиб этсин ва янги шарафли мартабани Ҳақ таоло муборак айласин.
Эрдон Эсанов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ходимлар бўлими мудири вазифасини бажарувчи
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати