Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Март, 2026   |   6 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:58
Қуёш
06:17
Пешин
12:34
Аср
16:51
Шом
18:45
Хуфтон
19:58
Bismillah
26 Март, 2026, 6 Шаввол, 1447

Беморни бориб кўриш – мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи

27.07.2018   14772   7 min.
Беморни бориб кўриш – мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи

Касал кўриш савоби улуғ фазилатли амаллардандир. Барро розияллоҳу анҳу:

«أمرنا رسول الله صلّى الله عليه وسلم باتباع الجنائز وعيادة المريض»

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни жанозага қатнашиш ва касални бориб кўришга буюрдилар”, дедилар.

Имом Термизий, касал кўришнинг нақадар савобли амал экани ҳақида Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِىَ وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِى الْجَنَّةِ»

“Қайси бир мусулмон, мусулмон биродари касал бўлганида эрталаб бориб кўрса, ҳатто кеч киргунга қадар унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради. Агар (қайси бир мусулмон) мусулмон биродари касал бўлганида кечаси бориб кўрса, ҳатто тонг отгунича унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради ва у учун жаннатда бир бўстон бўлади”, дедилар.

Касал кўришга борган шахс, касални ҳолатини ҳисобга олмоқлиги, унинг олдида ўзоқ қолиб кетмаслиги, унга озор берадиган нарсалардан эҳтиёт бўлмоғи, шу билан бирга унинг кўнглига уни хурсанд қиладиган манзур сўзларни айтиб, тавбага тарғиб қилиши ва Аллоҳ таолодан уни тезроқ соғайиб кетишини сўраб дуо қилмоғи лозим.

Чунки озгина эътибор ва меҳр, касални тезроқ оёққа туришига сабаб бўлиши мумкин. Касал кўришга келган киши илм аҳлидан бўлса, касалнинг рухсати билан унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлари сингари дам солиб қўйиши ҳам жоиз.

Агар касал ўта оғирлашиб қолмаган бўлса, қуйидаги ривоятга кўра “Улуғ Аршнинг Робби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, дея етти марта айтиш мустаҳабдир.

أن النبي صلّى الله عليه وسلم قال: «من عاد مريضاً لم يحضره أجله، فقال عنده سبع مرات: أسأل الله العظيم رب العرش العظيم أن يشفيك، عافاه الله تعالى من ذلك المرض»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда ким касал кўришга борса ва унинг ажали ҳозир бўлмаган бўлса, унинг ҳузурида етти марта: “Улуғ Аршнинг Робби, Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, деса, Аллоҳ таоло унга ўша касалидан шифо беради”, дедилар.

Абу Дардо ва Абу Зарр розиялоҳу анҳумодан қилинган ривоятга кўра, бемор ҳузурида Қуръон оятларини тиловат қилишликда беморга енгиллик бўлиши ҳақида айтилган.

قال رسول الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «ما من ميت يموت فيقرأ عنده يس إلا هوّن الله عليه»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қайси бир маййит (яъни, Муҳтазар — ўлим аломатлари зоҳир бўлган, аммо, жони танани тарк этмаган кимса) вафот топадиган бўлса-ю, бас, унинг ҳузурида “Ёсин” тиловат қилинса, Аллоҳ унга енгиллик беради”.

Абу Шайх “Фазоилул Қуръон” ва Абу Бакр Марвазий “Жаноиз” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Роъд сурасини ўқишни яхши кўрганларини ва бу маййитдан енгиллик бўлиши ҳақида айтганларини зикр қилганлар. Шаъбий эса: “Ансорлар майит ҳузурида "Бақара" сурасини тиловат қилишни яхши кўришларини айтган”.

Бундан ташқари “Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас” сураларини ўқиш ҳам мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касал ҳузурига кирсалар: “Зарари йўқ, иншааллоҳ (гуноҳлардан покловчи ва хатоларга каффорот) покизалик”, дердилар.

Касал инсон ҳам ўзига етган дардга сабр қилиши ва бу касаллик сабабидан Аллоҳ таоло уни гуноҳлардан поклаб, даражасини кўтаришини умид қилмоғи лозим.

Юқоридаги ҳадиси шарифнинг тўлиғи қуйидагича келтирилган. Албатта бунда барчаларимиз учун гўзал ибрат бор. Зеро, яхши сўзларни айтиш ва яхши гумонда бўлиш, мўминларнинг гўзал сифатларидир. 

عن بن عباس أن رسول الله صلى الله عليه وسلم دخل على أعرابى يعوده فقال لا بأس عليك طهور إن شاء الله قال قال الأعرابي بل هي حمى تفور على شيخ كبير كيما تزيره القبور قال فنعم إذا

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам касал ётган бир аъробийни кўришга келдилар ва: “Зарари йўқ, иншааллоҳ покизалик”, дедилар. Шунда аъробий (тушкун кайфият ва умидсиз ҳолда, Аллоҳ таолога нисбатан ёмон гумон қилиб): “Покизалик?! Йўқ ундай эмас, балки қари чол учун қабрга олиб кетмоқчи бўлган қаттиқ истима”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хўп, ундай бўлса”, дедилар.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўз китобларида ҳадиснинг қуйидагича давоми борлигини зикр қилганлар:

أما إذا أبيتَ فهي كما تقول، قضاءُ الله كائن

“Аммо, агар юз ўгирсанг,бас, у сен айтганингдек. Аллоҳнинг қазоси бўлгувчидир” дедилар. Эртасига қолмасдан у киши вафот этди.

Мазкур ҳадиси шарифдан, касал кўришга борган киши ҳам, касал бўлган бемор ҳам, доимо яхши сўзларни айтиши ва Аллоҳ таоло ҳақида гўзал гумонда бўлиши матлуб эканини билишимиз мумкин. Қолаверса беморнинг ҳолидан хабар олиш ва уни зиёрат қилиш кишининг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардандир.

عن أبى هريرة قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم  من أصبح اليوم منكم صائما قال أبو بكر أنا قال من عاد منكم اليوم مريضا قال أبو بكر أنا قال من شهد منكم اليوم جنازة قال أبو بكر أنا قال من أطعم اليوم مسكينا قال أبو بكر انا قال مروان بلغني أن النبي صلى الله عليه وسلم قال ما اجتمع هذه الخصال في رجل في يوم إلا دخل الجنة

Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун рўза тутди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун касалнинг ҳолидан хабар олди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун жанозада иштирок этди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун мискинга таом берди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар.

Марвон: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишида бир кунда бу хислатлар жам бўлса, у жаннатга киради”, деб айтганлари менга етиб келди, деди.

 

Олимхон ЮСУПОВ

Ҳадис мактаби раҳбари

 

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий қабрини зиёрат қилган ливанлик олим Шайх Надимнинг хотиралари

26.03.2026   1196   10 min.
Имом Бухорий қабрини зиёрат қилган ливанлик олим Шайх Надимнинг хотиралари

Шайх Надим Жиср 1956 йили Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб бўлгач, олам-олам таассуротлар билан юртига қайтиб кетади. Зотан, у ишончлилик жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги ўринда турувчи асар – “ал-Жоме ас-Саҳиҳ”нинг муаллифи, мўминларнинг ҳадис илмидаги амири деган шарафли мақом эгаси бўлмиш Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилишдек бахтга мушарраф бўлган эди. Унинг бу тарихий зиёрати ҳақида ёзган адиб Хуршид Даврон мақоласини қуйидаги сатрлар билан якунлайди: “Ватанига қайтган Шайх Надим ¬Жиср яна узоқ йиллар муфтий бўлиб хизмат қилади, талай китоблар тасниф этади. У Имом Бухорий марқадига қилган сафари ҳақида бирон нима ёзганми-йўқми, афсуски, бехабармиз”.

Улуғ муҳаддисга бағишланган асар

Адибнинг мазкур сатрлари бизни Шайх Надим Жисрнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишишга ундади. Изланишлар натижасида аён бўлдики, у Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб қайтганидан сўнг “Имон қиссаси: фалсафа, илм ва Қуръон ўртасида” номли асарни ёзган. Бу асарнинг биринчи нашри 1961 йилда, иккинчиси 1962 йилда ва учинчиси 1969 йилда дунё юзини кўрган. Унда Шайх Надим Жиср Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши асносида унинг вужудини чулғаб олган руҳий кечинмалар ижодий образлар – Шайх Мавзун Самарқандий ва шогирди Ҳайрон ибн Азъаф Панжобий ўртасидаги фалсафий мулоқот тарзида баён қилинган. Уламолар фикрича, бу асар араб ислом оламини маҳв этишга қаратилган даҳрийлик тўлқинига қарши курашишнинг илмий-фалсафий лойиҳаси сифатида ёзилган.

Мазкур асардаги Имом Бухорий қабрининг зиёрати билан боғлиқ саҳифаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Болалик хотиралар

Болалик йилларим шаҳримиздаги Тайнол масжидида ўтган. У шаҳарнинг чеккасидаги хушбўй ва мафтункор боғларимиздан бирининг ичида жойлашган. Менинг болалик хотираларим билан боғлиқ қадрли онлар айнан ўша ерда ўтган.

У ер менга ҳайит кунларининг салқин тонгларини эслатиб туради. Ўша кезларда отам қуёш чиқишидан олдин мени эргаштириб, масжид ёнида жойлашган қабристондаги марҳумларимизни зиёрат қилишга олиб чиқар, кейин масжидда ийд намозини ўқир эди. Ўшанда мен масжид ҳовлисидаги қудуқ ва ҳовуз ўртасида жойлашган дарахт тагида ўйнар эдим. Отам бир гуруҳ қариялар қуршовида ўз хонасида ўтирар, улар унинг сўзларига қулоқ солиб турар эди. Ана у қўшалоқ зинапояли минора ҳам менга бир нималарни эслатиб туради... биз масжид ҳовлиси тарафдан кириб унга кўтарилар ва бир зумда ўзимизни ҳарамнинг ичида кўрар эдик.

Бу масжид менга аллақачон вафот этиб кетган ва қалбимнинг тубини эзиб турадиган давомли хафаликни қолдирган ана шу кишиларнинг барчасини эслатиб туради. Шу боис қачон Тайнол масжидига қайтсам, бу хотиралар темир ва оловли панжалари билан менинг эзилган қалбимни яна тирнай бошлайди.

Кунлар, кунлар ортидан йиллар ўтди. Биз маҳалламиздан узоқлашдик, масжиддан олисларга кетдик. Бориб-бориб, шаҳарни бутунлай тарк этдик. Узоқ йиллик мусофирликдан сўнг яна унга қайтдик. Тайнол масжидига бўлган соғинчим мени у томонга етаклаб келди. Бир куни чошгоҳ вақти намозхонлар йўқлигида масжидга келдим. Болалигимда ўйнаб ўтказган жойларни айланиб чиқдим. Ўтмиш хотираларимнинг барчасини кўз олдимдан ўтказдим ва... узоқ йиғладим.

Хартанглик мусофир

Жимлик қаърига ғарқ бўлиб, масжиднинг виқорли минораларидан таралаётган йиғига ўхшаш овознигина эшитиб турар эканман, баногоҳ масжиднинг шарқий қисмида жойлашган хона ичидан бир овоз келди. Кейин хонанинг эшигидан соч-соқоли оппоқ, кўриниши салобатли, сипо кийинган бир қария чиқиб, менинг олдимга келди. Салом бергач, ёнимга ўтирди ва “Биродар, нега йиғлаяпсиз?” деди. Мен: “Отамнинг даврида мана шу масжид ичида ўтган болалик йилларимни эслаб”, дедим. У: “Отангиз ким?” деди. Мен отамнинг исмини тилга олар-олмас унинг бадани титраб кетди. Кўз ёшларга тўла нигоҳлари билан менга тикилиб қаради ва: “Отангиз Шайх Жисрми?” деб сўради. Мен: “Ҳа. Ҳазрат, ўзингиз кимсиз?” дедим. У бундай деди: “Мен аслида узоқдан – Мисрдан келганман. Ярми Шом диёрига, ярми Ҳижозга тарқалиб кетган “Оли Моий” қабиласиданман. Тақдир бобомни Ҳижоздан Ҳиндистонга етаклаб келган ва у шу ерда яшаб қолган. Исмим Ҳайрон ибн Азъаф Панжобий”. Мен: “Ҳиндистондан бу ерга нима учун келдингиз?” дедим. У: “Мен Ҳиндистондан келмадим, Самарқанддан, тўғрироғи Самарқанддаги Хартанг қишлоғидан келдим”, деди. Мен: “Шунча олис ердан бизнинг диёримизга нима учун келдингиз ва бу масжидда истиқомат қилиб турганингизга сабаб нима?” дедим. У: “Отангизни зиёрат қилиш учун юртингизга бир кириб ўтай дедим”, деди. Мен унга ҳайрат билан тикилиб қолдим. Чунки отам анча йиллар олдин вафот этиб кетган эди. У бундай деди: “Ҳайрон бўлманг. Мен Ҳижозга кетаётиб, унинг қабрини, шайхим менга таърифлаб бериб ва отангиз унда дарс берганини айтиб суюкли қилиб қўйган мана шу масжидни ҳам зиёрат қилиш учун келдим. Намозхонлар менга отангиз ўзининг хос хонаси қилиб олган мана шу хонани кўрсатишди. Бу масжид ҳаётимнинг энг тотли ва қадрли онлари ўтган “Хартанг” масжидига жуда ўхшаб кетар экан. Шу боис шайхимни Аллоҳ йўлига бошлаб қўйган киши яшаган мана шу жойда ҳаж мавсуми бошлангунча бир неча кун қолиб, Аллоҳга ибодат қилишни ихтиёр қилдим”.

Мен: “Хожам, шайхингиз ким?” дедим. У: “Самарқанд уламоларидан Шайх Абу Нур Мавзун раҳимаҳуллоҳ”, деди. Мен: “Кунларингизни ибодат билан ўтказяпсизми?” дедим. У: “Ҳозир ҳа, аммо олдин залолатда юрган вақтим ва қандай қилиб имон келтирганим ҳақидаги қиссани ёзаётган эдим. Уни менга шайхим Мавзун айтиб турган. Отангиз раҳимаҳуллоҳни шу орқали таниганман”, деди. “Залолатда юрган ва имонга келган кунларингиз ҳақидаги ҳикоя нималардан иборат?” дедим. “Бунинг тарихи узун, Худо осон қилса, уни одамлар ўқиши учун нашр қилдираман”, деди.

У шундай деди-ю, қабрлари бор хонага кириб кетди. Бироздан сўнг катта бир дафтарни олиб чиқиб, олдимга қўйди: “Бу – шайх Мавзун айтиб ёздирган гаплар, мен унга бирон бир қўшимча қўшмаган ҳолда чиройли қилиб кўчириб чиқдим”. “Бу катта китоб экан. Уни ўқиш учун уйимга олиб бориб, икки кундан кейин сизга қайтариб берсам майлими?” дедим. У: “Туркчани биласизми?” деди. Мен: “Ҳа, уни жуда яхши биламан”, дедим. У: “Бу китобим мендан сизга ҳадя. Унда отангизнинг китобидан қисқартириб олишни режалаштирган мавзу, шунингдек, залолатда юрган ва имонга кирган кунларим билан боғлиқ тафсилотлар барчаси баён қилинган. Уни олиб араб тилига таржима қилинг, чоп эттириб одамларга тарқатинг. Бунинг учун сиздан ҳақ сўрамайман. Аммо улуғ Аллоҳдан сўраганим шуки, бу ишимни Ўзининг розилиги учун холис қабул этса ва одамлар учун фойдали қилса. Вафот этиб, амалларим тўхтаганидан сўнг менга ҳам фойдаси тегадиган бир амал бўлса...”.

Имом Бухорий зиёрати

Бояги одам бир неча кундан сўнг Ҳижозга сафар қилди. Мен эса китобни таржима қилишга киришдим ва бу бир неча йил давом этди. Кейин замона зайли билан Тошкентга сафар қиладиган бўлиб қолдим. Энг буюк мақсадим – Имом Бухорий розияллоҳу анҳунинг қабрини зиёрат қилиш, ундан сўнг Ҳайрон ибн Азъаф билан учрашиб, таржима қилинган китобни унинг ўзига кўрсатиш эди. Бу ишда менга мамлакатнинг энг катта муфтийси, отамнинг дўстларидан бири бўлмиш солиҳ, обид, зоҳид ва авлиё зот Бобохон раҳимаҳуллоҳнинг ўғли олийжаноб ва мурувватли зот Шайх Зиёуддин яқиндан ёрдам берди. У Хартангга бориш ҳақидаги ниятимни билгач, Самарқандга, у ердан Хартанггача менга ҳамроҳлик қилди.

Ўша ерда масжид ходимидан суриштириб билдимки, Ҳайрон ибн Азъаф ҳаж ибодатини адо қилиш учун Маккага жўнаб кетган ва ўша ерларда қазо қилган. Биз Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилдик. Марқади устида бир муддат тик туриб қолдик. Ён-атрофга боқиб, масжиднинг Ҳайрон раҳимаҳуллоҳ менга таърифлаб берганидек Тайнол масжидига ўхшаб кетадиган жиҳатлари борлигига гувоҳ бўлдим: Боғ-роғлар ичида бир ўзи қад ростлаб турибди. Имом Бухорийнинг қабри кичкина боғ ичида, сояли дарахт тагида ўз ҳолича  ажралиб турибди... атрофи ўралмаган, ҳеч қандай безак берилмаган ва сувалмаган.

Мен Ҳайрон ва устози дарс ўқиган кичкина хонага кирдим. Кўрдимки, унинг ўзи менга таърифлаб берганидек, у Имом Бухорийнинг қабрига қараб солинган эди.

Шайх Надим орзу қилган мажмуа

Таниқли адибимиз Шайх Надим Жисрнинг Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши ҳақидаги мақоласини “У Имом Бухорий марқадига қилган сафари ҳақида бирон нима ёзганми-йўқми, афсуски, бехабармиз”, деб тугатганидек, бизда ҳам, афсуски, жавобсиз бир савол пайдо бўлди: Шайх Надим Жиср ҳозир ҳаёт бўлиб, Имом Бухорийнинг муборак қабрини зиёрат қилиш учун келганида, бугунги ҳолатни кўриб нима деган бўлар эди? Президентимиз Ш.Мирзиёев тарафидан илгари сурилган ташаббус – Имом Бухорий мангу қўним топган маскан унинг ислом оламидаги мавқеига муносиб бўлиши зарур, деган мақсад ортидан қад кўтарган маҳобатли мажмуани кўриб, қандай ҳолатга тушар эди? Ўзи таърифлаганидек, 1956 йилларда “кичкина боғ ичида, сояли дарахт тагида ўз ҳолича  ажралиб турибди... атрофи ўралмаган, ҳеч қандай безак берилмаган ва сувалмаган”, хуллас, ташландиқ ҳолга келиб қолган қабр ва у билан туташ масканда бунёд этилган улкан зиёратгоҳни, балки каттаю кичик зиёратчилар учун илм-маърифат, тарбия ва маънавият масканига айлантирилганини кўриб, уни эътироф этган бўлмасмиди?

Алоуддин НЕЪМАТОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

Дунё янгиликлари