Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум. Янги туғилган чақалоқ қулоғига азон айтилганида қай тарзда айтилади? Ўнг ва чап қулоғига алоҳида айтиб чиқиладими ёки бир марта айтиладими?
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Ўнг қулоғига азон, чапига иқома айтилади. Болани қибла томонга тутиб, аввал ўнг қулоғига азон, сўнг чап қулоғига иқома айтилади.
Савол: Ассалому алайкум. Хавфли, урушадиган спорт билан шуғулланаман《ММА》 бу спорт ислом динида мумкинми? Одамларга озор етказиладиган бокс ва яна шунақа спортларга фикрингиз қандай?
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Ислом одамларнинг танасига эмас, ҳатто қалбига озор берадиган ишлардан ҳам қаттиқ қайтаради. Бизнинг фикримиз эмас, Исломнинг кўрсатмаси сўралади.
Савол: Ассалому алайкум. Домла мен бир инсонга сизга умуман смс ёзмайман деб Аллоҳнинг номини тилга олиб айтганман. Ҳозирга келиб афсусланаяпман, гапирган гапимдан энди у инсон билан қандай мулоқот қилсам бўлади? У инсонга фақат смс ёзмайман деганман телефон қилиб гаплашсам бўладими ?
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Сиз кимсизу, у одам кимлиги бизга қоронғу. Орада маҳрам-номаҳрамлик масаласи бор-йўқлиги маълум эмас бизга. Номаҳрам одам бўлса, қасам ичмасангиз ҳам, смс ёзиш ҳам, телефон қилиш ҳам мумкин эмас. Ота-она, ака-укангиз бўлса, қасамингизга тавба қилиб, каффорот тўлаб, қайта смс ёзиш ва телефонда ҳам алоқани тиклашингиз шарт.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳақиқатда, имом Абу Ҳанифа Расули Мустафога эргашган саҳобаларидан баъзиларини кўрган, унинг кўргани саҳиҳдир ва бу гуруҳнинг сони етти нафардир ва шу сабаб шарафдир.
Анас, Жобир, Маъқал ибн Ясор шунингдек, Восила ибн Асқоъ – вафо эгаси. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Унайс, у ибн Жазъи деб ҳам танилган. Оиша билан якунлайман, удир бинти Ажрад. Улар асрларнинг энг яхшисидан, поклик эгаларидан эдилар
Шарқ муфтийси, Бурҳонуддин Иброҳим ибн Ҳасан Мулла Аҳсоий ёзган.
Изоҳ: Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тобеинлардан ҳисобланадилар. У зот: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан еттиталари билан кўришдим. Улар: Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Жазъи Зубайдий. Жобир ибн Абдуллоҳ, Маъқал ибн Ясор, Восила ибн Асқоъ, Оиша бинти Умар ва Абдуллоҳ ибн Унайсдир”, деганлар.