Дўстмуҳаммад Бодарий домла (раҳматли) бозорда юрсалар олдиларига бир лўли аёл келиб:
– Ҳов ота! Манга қаранг, бир фол кўриб қўяйен, тақдирингизда нема борлигини айтайен, озгина атасангиз бўлде, – деб ҳеч ҳоли жонларига қўймабди.
Шунда домла:
– Хўп, сен айтганча бўлсин, сўраган пулингни бераман, битта савол бераман, жавоб берсанг бўлди, – дебдилар.
– Сўранг, бобо, дарров айтиб берамен, – дебди лўли аёл.
Домла эса:
– Менинг исмим ва отамнинг исми ким? – дебдилар лўлига тикилиб.
– Э, шуям савол бўлдиме? Билмайман, – дебди лўли хотин.
– Отамнинг исми, менинг исмимни билишга қодир эмас экансан-у, ғайбни қаердан билардинг? Нафсингни ўйлаб, охиратингни куйдирмагин, Худодан қўрқ! – деб насиҳат қилибдилар.
– Ота-бобомизнинг касби, нима қилайлик, акун? – дебди нописандлик билан.
– Фол очиш, тиланчилик қилиш касб эмас, бу орқали топган пулинг ҳалол эмас. Аждодларингизга ҳам, сизларга ҳам тиланчилик қилиш, ёлғондан фол очишга рухсат йўқ. Инсониятга илм ўрганиш, ҳалолдан ризқ топиш, ёлғон гапирмаслиги кераклиги буюрилган. Ота-боболаринг фолбинликни касб қилган экан, сен қилма! Уларнинг сабабидан сен дўзах азобидан озодсан деган ваъда йўқ! – деб лўлига анча насиҳат қилибдилар.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон