Саудия Aрабистонидаги Масжид ал-Ҳаром ва Масжид-ан-Набавий ишлари бўйича бош бошқармаси Ҳаж мавсуми учун режалари доирасида Масжид ал-Ҳаром масжидидаги 35 мингдан ортиқ Қуръони Карим нусхаларини янгисига алмаштиришни эълон қилди.
IQNA сайтининг “Тавасол” матбуот хизматига таяниб хабар беришича, кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги Қуръон лойиҳасида Қуръоннинг турли тилларга, хусусан, инглиз, урду ва индонез тилларига таржималари Масжид ал-Ҳаромдаги Қуръон ўрнини эгаллаган.
Бу масжидда “Тафсир ал-Майсар”, “ал-Жавомиу” (Қуръон Усмон Тоҳо қўли билан ёзилган ва оятларни ўқишни осонлаштириш учун катта варақда) ва Молик Фаҳд мажмуаси томонидан чоп этилган Қуръон нусхалари мавжуд.
Байтуллоҳ зиёратчиларининг Қуръони Каримга киришини кенгайтириш мақсадида Масжид ал- Ҳаром ва Масжид ал-Набавий ишлари бош бошқармаси томонидан жавонлар ва бошқа тегишли жойларга Қуръони каримнинг янги нусхалари жойлаштирилди.
Байтуллоҳ зиёратчиларига кўпроқ хизмат кўрсатиш ушбу дастурнинг энг асосий мақсадларидан бири деб эълон қилинди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ