Бу йил муборак Ҳаж сафарига бориш бахтига муяссар бўлиб, сафар арафасида турганлар учун муҳим маълумотларни тақдим қилишда давом этамиз.
Ҳаж зиёрати ҳар бир мусулмон киши ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом яшаган, Қуръони карим нозил бўлган жойларни ўз кўзимиз билан кўриб, ана шу ерларда зиммамиздаги фарзни адо этамиз. Шу сабаб ҳам, Мадинаю Мунаввара ва Маккаю Мукаррамада ўтадиган ҳар лаҳза жуда қимматли ҳисобланади. Шунинг учун, Ҳаж сафарига йўл олишдан аввал барча ишларни ҳал қилиб олиш лозим, токи сизни у ерда ҳеч нима чалғитмасин. Бу оёқ кийимларга ҳам дахлдор. Ушбу мақоламизда Ҳаж сафари учун қандай поябзал олиш яхшироқ эканлиги, уларни танлашда нималарга аҳамият бериш даркорлиги ҳақидаги тавсиялар билан ўртоқлашамиз:
1. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, аёллар учун ҳажда, эҳром вақтида оёқ кийимлар учун ҳеч қандай шаръий талаблар йўқ. Эркакларда эса, эҳромда тўпиқ, товон ва бармоқлар очиқ бўлиши керак. Эҳромда қоидаларни бузмаслик учун олдиндан тайёргарлик кўриш мақсадга мувофиқ бўлиб, ана шунга мос оёқ кийимни ўша ердан сотиб олмаслик ёинки, оёқ кийимни шундай қилиб кесмаслик учун бу ҳақида олдиндан ўйлаш лозим.
2. Сафарга йўлга чиқишдан икки-уч кун аввал сотиб олиб, ҳали кийишга ҳам улгурмаган оёқ кийимни ўзингиз билан олманг, чунки бу сизга кўплаб ноқулайликлар туғдиради. Масалан, оёқда қадоқ ҳосил қилиши мумкин. Бу эса ибодат вақтида қийинчиликларга сабаб бўлади. Агар ҳозир мос оёқ кийимингиз бўлмаса, уни аввалроқ сотиб олиб, кийиб улгурганингиз маъқул.
3. Шуни ёдда тутингки, кўп юришингизга тўғри келади. Жамарот (шайтонга тош отиш жойи)да бир ва бир неча км юришга тўғри келади. Шу сабабдан, ўзингиз билан қулай ва юмшоқ, синалган оёқ кийимларингизни олинг.
4. Балетка, мокасина цингари текис таглик оёқ кийимларда бироз қийналишингиз мумкин, чунки уларда тез чарчаб қоласиз. Унча баланд бўлмаган тагликли оёқ кийим танлашга ҳаракат қилинг. Масалан, очиқ турдаги спорт оёқ кийимлари ёки матоли кедалар бўлиши мумкин, уларда бир мунча қулайроқ.
5. Ўзингиз билан бир неча турдаги оёқ кийимлар олинг. Масжидгача боришда ҳамда Мино ва Арофатда ибодатларни бажаришда киядиган оёқ кийимдан ташқари, ўзингиз билан меҳмонхона ва Мино водийси учун шиппак олганингиз маъқул, унда таҳорат олиш, душ қабул қилиш қулайроқдир.
6. Оёқ кийимингизни масжидда қолдирманг, кейин уни топиш учун кўп вақт йўқотасиз. Олдиндан оёқ кийим учун мўлжалланган қопчалардан олинг.
Ушбу маълумотлар сизга фойдали бўлади ҳамда муборак сафарингиз мобайнида асқотади деб умид қиламиз.
Нигина Ботирова тайёрлади
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.