Бир одам дуоси мустажоб улуғ зотнинг ҳузурига бориб, «Ҳазрат, дуо қилинг, мен яхши яшамоқчиман, тўқ, хотиржам ҳаёт кечирмоқчиман», дебди. Ҳазрат «Майли, дуо қиламан, лекин кимга ўхшаб яшамоқчисан? Одамлар орасидан ўзинг ҳавас қилган бирор одам борми, бориб бир қидириб кел-чи, кейин мен ўша одамга ўхшаб яшашингни сўраб, Аллоҳдан дуо қилиб бераман», дебди. Ҳалиги одам шаҳар айланибди. Қараса, бир одам ниҳоятда яхши яшаяпти, олдида ўғиллари хизматга бел боғлаган, егани олдида, емагани ортида. У шу одамга ҳавас қилиб, ҳазратга бориб, «Фалончини биласизми, тақсир? Фалон кўча, фалон маҳаллада яшайди. Ўша одамга ҳавас қилдим, шунга ўхшаб яшагим келяпти, дуо қилинг», дебди. Ҳазрат шундай дебдилар: «Майли, дуо қиламан. Лекин сен шошмагин, болам. Бориб, у одам билан бир гаплашиб кўргин. У одамнинг бирор муаммоси, бир дарди бўлмасин тағин. Дуо қилсам, ундаги неъмат билан қўшилиб, дарди ҳам сенга ўтиб қолмасин, кейин қийналиб юрма».
Бу одам яна бориб, ўша бой билан гаплашибди. Мен ҳазратнинг ҳузурларига бориб, сизга ҳавас қилганимни, сизга ўхшаб яшашимни сўраб, дуо қилишларини сўрасам, сизга юбордилар. Сизда ҳеч бир дард, муаммо йўқдир ҳар ҳолда?» дебди. У гапини тугатар-тугатмас, ҳалиги бой, ўзига тўқ, ҳаётдан хурсанд, мамнун бўлиб яшаётгандек кўринган одам йиғлаб юборибди, «Бу дунёда мендан бахтсиз одам бўлмаса керак. Келиб, мендан сўраб тўғри қилибсиз» деб, ўзининг тарихини айтиб берибди:
«Оила қурдим, уйландим. Эр-хотин бир-биримизни жуда яхши кўрар эдик. Аммо кўп йиллар олдин аёлим оғир дардга чалинди, ўлим тўшагига михланди. Ўлиши аниқ бўлиб қолгач, орамиздаги тилларда достон бўлгудек муҳаббат туфайли аёлимнинг рашки қўзиб, «Мен ўлсам, бошқасига уйланиб оласиз» деб тинмай йиғлайверди. Ўзи ўлим азобида қийналиб ётибди, яна рашки ҳам қийнаяпти деб, раҳмим келиб, «Хотиржам бўл, мен сендан бошқа аёлга қарамайман. Бутун умр сенга садоқат билан яшаб ўтаман», деявердим. Аммо у бу гапимга кўнмади. Мен ҳам уни ниҳоятда яхши кўрар эдим, муҳаббатдан кўзим кўр бўлиб, сўзимни исботлаш учун ошхонага кириб, пичоқни олиб, ўзимни ўзим бичиб ташладим. Шундан кейин аёлим хотиржам бўлди, хурсанд бўлди, «Энди кўнглим жойига тушди», деди. Мен ҳам хурсанд бўлиб, энди тинчгина оёғини узатиб, дунёдан ўтадиган бўлди деб турсам, Аллоҳ шифо бериб, хотиним ўзига келиб, соғайиб кетди. Оғир касалдан тузалиб, нақ ўлимнинг ёқасидан қайтиб келди. Аммо бу қувончимиз узоққа чўзилмади. Унга кўрсатган вафодорлигим ҳурмати аёлим мен билан бир-икки йил сабр қилиб яшади, аммо кейин тоқат қила олмади. Мана бу менга хизмат қилиб юрган ўғиллар менинг фарзандларим эмас. Мен ана шундай азоб тўла ҳаётда яшаяпман, сен кўрган нарса менинг ташқи кўринишим, аммо ичимдаги дардим дунёга сиғмайди».
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ ушбу ривоятни келтириб, шундай дейдилар: «Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло раво кўрди, шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи катта марҳамат, шунинг ўзи катта бир неъмат. Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилиши мумкин. Аммо ношукрлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин».
Юнусобод тумани бош имом-хатиби
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон