Бир инсонга кўп иззат-ҳурмат ва бойлик берилди. У ўз жигарлари ва яқинларига қўлдан келганича ёрдам берарди. Айниқса, кенжа укасига кўп ёрдам қилди. Чунки ака отанинг пандига қулоқ солиб, қийинчиликлар эвазига кўзлаган мақсадига эришаётганди. У оқибат нималигини яхши биларди. Ҳеч вақт ота-онасининг сўзини икки қилмасди. Аммо ука акасига ҳасад қилар, зимдан акасининг савдосига кўз олайтириб, дўкондаги молларидан ўмарарди. Бориб-бориб уканинг сирлари очилди. Ака ота-онага шикоят қилди. Улар укага қаттиқ танбеҳ бериб, кўп насиҳатлар қилди. Ука бу ишни қайтармасликка ваъда бериб, акадан минг бор узр сўради. Аммо акага нисбатан ҳасади тинчлик бермасди. Яна хиёнат йўлига ўтди. Ака-ука ўртасида низо чиқди, ўртада оқибат ўлди. Ёмон нафс ғолиб бўлди, шайтон хурсандчиликдан ноғора чалди. Бунга қўшимча ука уялмасдан акасига:
– Мен сенга ҳасад қиламан, нима учун сен омадлисан? Нимага сенга берилади-ю, менга эса йўқ?! – деди юзсизларча сенсираб.
– Чунки сенда инсоф йўқ! Сабр-қаноат, шукр ва оқибат йўқ! Сенинг қалбингни ҳасад кемиради. Ота-онамизнинг айтганларини қилиб, садоқат билан ишлаганингда қўлимдан келган ҳамма ёрдамни қилмоқчи эдим. Афсуски, сен хиёнат йўлини танладинг, нафсингга қул бўлиб, ўз жигарингга хиёнат қилишдан ҳам қўрқмадинг! Сен бировнинг мусибатидан шодланма, ўзганинг омадига куйма, ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик ўзингга қайтиб хорликка учратганда қўлдан берган бахт-омадингни ортга қайтаролмайсан, шуни унутма! – деди ака. Аканинг кўнгил ойинаси синди, икки жигар ўртасидан оқибат кетди. Оқибат ўлди, кўнгил синди, синган кўнгилни нима чегалай олади?
Улуғларимиз демишким: “Бировнинг ҳусни-жамоли ва бойлигини кўрсанг, ҳасад қилма ва дарҳол ўзгаларга назар сол. Бу дунёда сендан кўра хунукроқ ва камбағалроқлар ҳам бор-ку”. Ҳусну жамол Парвардигорнинг санъатидир. У кимни хоҳласа гўзал қилади. Мол-дунё, мартаба ва мансаб ҳам имтиҳон учун берилади. Шундай экан, эй азизим! Асло ҳасад билан бойлик ва улуғликка эришаман деб хато қилманг!
Одам фарзандига боқибон ҳайҳот,
Қилган амалларин кўриб, дерсан дод.
Баъзилар азада уради хандон,
Тўю томошада қилади фарёд.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:
إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً
“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).
Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.