Бир инсонга кўп иззат-ҳурмат ва бойлик берилди. У ўз жигарлари ва яқинларига қўлдан келганича ёрдам берарди. Айниқса, кенжа укасига кўп ёрдам қилди. Чунки ака отанинг пандига қулоқ солиб, қийинчиликлар эвазига кўзлаган мақсадига эришаётганди. У оқибат нималигини яхши биларди. Ҳеч вақт ота-онасининг сўзини икки қилмасди. Аммо ука акасига ҳасад қилар, зимдан акасининг савдосига кўз олайтириб, дўкондаги молларидан ўмарарди. Бориб-бориб уканинг сирлари очилди. Ака ота-онага шикоят қилди. Улар укага қаттиқ танбеҳ бериб, кўп насиҳатлар қилди. Ука бу ишни қайтармасликка ваъда бериб, акадан минг бор узр сўради. Аммо акага нисбатан ҳасади тинчлик бермасди. Яна хиёнат йўлига ўтди. Ака-ука ўртасида низо чиқди, ўртада оқибат ўлди. Ёмон нафс ғолиб бўлди, шайтон хурсандчиликдан ноғора чалди. Бунга қўшимча ука уялмасдан акасига:
– Мен сенга ҳасад қиламан, нима учун сен омадлисан? Нимага сенга берилади-ю, менга эса йўқ?! – деди юзсизларча сенсираб.
– Чунки сенда инсоф йўқ! Сабр-қаноат, шукр ва оқибат йўқ! Сенинг қалбингни ҳасад кемиради. Ота-онамизнинг айтганларини қилиб, садоқат билан ишлаганингда қўлимдан келган ҳамма ёрдамни қилмоқчи эдим. Афсуски, сен хиёнат йўлини танладинг, нафсингга қул бўлиб, ўз жигарингга хиёнат қилишдан ҳам қўрқмадинг! Сен бировнинг мусибатидан шодланма, ўзганинг омадига куйма, ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик ўзингга қайтиб хорликка учратганда қўлдан берган бахт-омадингни ортга қайтаролмайсан, шуни унутма! – деди ака. Аканинг кўнгил ойинаси синди, икки жигар ўртасидан оқибат кетди. Оқибат ўлди, кўнгил синди, синган кўнгилни нима чегалай олади?
Улуғларимиз демишким: “Бировнинг ҳусни-жамоли ва бойлигини кўрсанг, ҳасад қилма ва дарҳол ўзгаларга назар сол. Бу дунёда сендан кўра хунукроқ ва камбағалроқлар ҳам бор-ку”. Ҳусну жамол Парвардигорнинг санъатидир. У кимни хоҳласа гўзал қилади. Мол-дунё, мартаба ва мансаб ҳам имтиҳон учун берилади. Шундай экан, эй азизим! Асло ҳасад билан бойлик ва улуғликка эришаман деб хато қилманг!
Одам фарзандига боқибон ҳайҳот,
Қилган амалларин кўриб, дерсан дод.
Баъзилар азада уради хандон,
Тўю томошада қилади фарёд.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу айтадилар: "Йўлда, дастурхон атрофида, бозорда юрганингизда, қаерда бўлманг истиғфорни кўп айтишни одат қилинг. Чукни Аллоҳнинг мағфирати қаерда нозил бўлишини билмайсиз".
Шунда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: "Биз Роббимизга истиғфор айтамиз. Лекин яна гуноҳ қилаверамиз. Истиғфор айтганидан сўнг, яна гуноҳга қайтса, сўнгра яна истиғфор айтиб кейин яна гуноҳга қайтишдан банда Роббисидан ҳаё қилмайдими?".
Ҳасан Басрий жавоб бердилар: "Шайтон мана шу борада сизни мағлуб этишни истайди. Ҳеч қачон истиғфор айтишдан тўхтаманглар!".
Қисқа истифғор калималари:
أَسْتَغْفِرُ اللهَ
Ўқилиши: “Астағфируллоҳ”.
أَسْتَغْفِرُ اللهَ وَأَتُوبُ
Ўқилиши: “Астағфируллоҳа ва атуубу илайҳ”.
أَستغفِرُ اللهَ الَّذي لا إلَهَ إلَّا هو الحيُّ القيُّومُ وأَتوبُ إليه
Ўқилиши: “Астағфируллоҳаллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.
رَبِّ اغْفِرْ لِي وَتُبْ عَلَيَّ إِنَّكَ أَنْتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
Ўқилиши: “Роббиғфир лий ва туб ъалаййа иннака антат тавваабур роҳийм”.
سُبْحَانَكَ وَبِحَمْدِكَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ
Ўқилиши: “Субҳаанака ва биҳамдика астағфирука ва атуубу илайк”.
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ
Ўқилиши: “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атуубу илайк”.
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака афуввун кариймун туҳиббул афва фаъфу ъанний”.
أَللَّهُمَّ مَغْفِرَتُكَ أَوْسَعُ مِنْ ذُنُوبِي وَرَحْمَتُكَ أَرْجَى عِنْدِي مِنْ عَمَلِي
Ўқилиши: “Аллоҳумма мағфиротука авсаъу мин зунуубий ва роҳматука аржаа ъиндий мин ъамалий”.
أسْتغفرالله ربي من كلّ ذنبٍ وأتوبُ إليه
Ўқилиши: “Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атуубу илайҳ”.
Даврон НУРМУҲАММАД