Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Оқибат

23.07.2018   4891   2 min.
Оқибат

Бир инсонга кўп иззат-ҳурмат ва бойлик бе­рилди. У ўз жигарлари ва яқинларига қўлдан келганича ёрдам берарди. Айниқса, кенжа укасига кўп ёрдам қилди. Чунки ака отанинг пандига қу­лоқ солиб, қийинчиликлар эвазига кўзла­ган мақ­са­дига эришаётганди. У оқибат нималигини яхши биларди. Ҳеч вақт ота-онаси­нинг сўзини икки қилмасди. Аммо ука акасига ҳасад қилар, зим­дан акасининг савдосига кўз олай­тириб, дўкон­даги молларидан ўмарарди. Бо­риб-бориб уканинг сирлари очилди. Ака ота-онага шикоят қилди. Улар укага қаттиқ танбеҳ бериб, кўп насиҳатлар қилди. Ука бу ишни қайтармас­ликка ваъда бериб, акадан минг бор узр сўради. Аммо акага нисбатан ҳа­сади тинчлик бермасди. Яна хиёнат йўлига ўтди. Ака-ука ўртасида низо чиқди, ўртада оқибат ўлди. Ёмон нафс ғолиб бўлди, шайтон хурсандчи­ликдан ноғора чалди. Бунга қўшимча ука уялмасдан акасига:

– Мен сенга ҳасад қиламан, нима учун сен омадлисан? Нимага сенга берилади-ю, менга эса йўқ?! – деди юзсизларча сенсираб.

– Чунки сенда инсоф йўқ! Сабр-қаноат, шукр ва оқибат йўқ! Сенинг қалбингни ҳасад ке­миради. Ота-онамизнинг айтганларини қилиб, садоқат билан ишлаганингда қўлимдан келган ҳамма ёрдамни қилмоқчи эдим. Афсуски, сен хиё­нат йўлини танладинг, нафсингга қул бўлиб, ўз жигарингга хиёнат қилишдан ҳам қўрқма­динг! Сен бировнинг мусибатидан шодланма, ўзга­нинг омадига куйма, ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик ўзингга қайтиб хорликка учратганда қўл­дан берган бахт-омадингни ортга қайтарол­май­сан, шуни унутма! – деди ака. Аканинг кўнгил ойи­на­си синди, икки жигар ўртасидан оқибат кетди. Оқи­бат ўлди, кўнгил синди, синган кўн­гил­ни нима че­галай олади?

Улуғларимиз демишким: “Бировнинг ҳусни-жамоли ва бойлигини кўрсанг, ҳасад қилма ва дарҳол ўзгаларга назар сол. Бу дунёда сендан кўра хунукроқ ва камбағалроқлар ҳам бор-ку”. Ҳусну жамол Парвардигорнинг санъатидир. У кимни хоҳласа гўзал қилади. Мол-дунё, мартаба ва мансаб ҳам имтиҳон учун берилади. Шундай экан, эй азизим! Асло ҳасад билан бойлик ва улуғликка эришаман деб хато қилманг!

Одам фарзандига боқибон ҳайҳот,

Қилган амалларин кўриб, дерсан дод.

Баъзилар азада уради хандон,

Тўю томошада қилади фарёд.

 

 “Қасамини бузган қиз”  китобидан олинди

 

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Яхшисини беринг

25.11.2024   714   3 min.
Яхшисини беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.

Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...

Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.

– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?

– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?

– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.

 Онам бирпас ўйлаб туриб:

– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.

– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....

Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.

Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.

Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!

Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон

Мақолалар