Аслида, инсонлар ўқишни жуда яхши кўради. Амалиёт шуни исботладики, шаҳарларда қад ростлаган кутубхоналар доимо одамлар диққат марказида бўлиб келади. Интернет ривожланиб бориши ва катталарнинг ёшлар саводсизлигидан доим нолишига қарамай, биз ҳали ҳам билим томон интиламиз. Айниқса, билим манбаи сифатида мана бундай ёрқин архитектура дурдоналари қад ростланган бўлса.
Боязид давлат кутубхонаси, Истанбул

Бино 1506 йил қурилган бўлиб, йўл бўйидаги карвонсарой сифатида хизмат қилган. Фақатгина 19 аср охирига келиб у давлат кутубхонасига айланади. Яқиндагина архитектура ёдгорлигини янгилаш ишини Tabanlioglu студиясининг мутахассислари ўз бўйнига олди ва сақланиб қолган мумтоз намуна билан озгина замонавий дизайнни уйғунлаштирди.
Венессла, Норвегия

Норвегиянинг Vennesla кутубхонаси коинот порталидек кўринишга эга. Ҳар бир бўрттирма бўлинмаларнинг ўз ёритгичи мавжуд бўлиб, у ҳар бир ташриф буюрувчига айни дақиқанинг ғалати, омонат ҳиссиётини улашади. Товушларни ютиб юборувчи материаллар залга ажойиб жимжитликни ҳадя қилади.
Бирмингем кутубхонаси, Англия

Бирмингем кутубхонасининг ташқи кўриниши металл тўр билан ўралган жуда ҳам қўпол, қақшатқич бўлиб кўринади. Бироқ ёрқин ранглар ва тоза чизиқлар билан тўлдирилган интерьер таассуротни мутлақо ўзгача томонга буриб юборади.
Чикаго оммавий кутубхонаси, АҚШ

Чикагодаги оммавий кутубхонанинг янги соддалаштирилган биноси ҳудди гавжум шаҳар ўртасига келиб кўнган коинот кемасини ёдга солади. Архитекторлар қурилиш вақтида фэн-шуй тамойилларига асослангани диққатга сазовордир.
Dokk1 Library, Дания

Dokk1 кутубхонаси яқинда 2016 йилнинг энг яхши оммавий кутубхонаси сифатида мукофотни қўлга киритди ва у бу номга чиндан ҳам муносиб. Скандинавиядаги энг улкан китоблар жамланган маскан Даниянинг Орхус дарёси яқинида жойлашган. Қаттиқ, геометрик тўғри фасад, катта теварак-атроф ва шаҳар тароватини акс эттирувчи панорамали деразалар.
Лоуренс кутубхонаси, Германия

Бу ажойиб билим маскани чинакам қақнус: замонавий архитекторлар 1972 йилда қурилган уйни қайта ишлаб чиқиб, йиғиб чиқишди. Полдан шифтгача катта деразалар билан ўралган ўқиш зали китобсеварларнинг ушалган орзусига ўхшайди.
Yangzhou Zhongshuge, Хитой

Янчжоу (Чжэнь Юань, Хитой) китоб дўконидаги сайр худди китоблар билан тўлдирилган дарё бўйлаб юришга ўхшайди. Архитекторлар айнан шундай дизайнни яратишган. Фолиантларнинг қаттиқ ва юмшоқ муқоваси эгри чизиқларни шакллантиради. Шифт чироқлари эса қоронғи ойнали полда аксини намойиш этиб, туннелни эслатади.
Будё кутубхонаси, Норвегия

Норвегиядаги янги Будё оммавий кутубхонаси ҳам маданият маркази ҳисобланади. Китоблардан ташқари, бу ерда учта бино мавжуд: иккитасида концертлар ташкил қилинади, учинчи бино вақтинчалик бадиий кўргазмалар учун ажратилган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди