Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446

Сирдарё вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди

21.07.2018   6428   1 min.
Сирдарё вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди

Бугун, 21 июль куни Сирдарё вилояти вакиллигида вилоят имом-хатибларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қатнашдилар. Йиғилиш бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди.
Бугун юртимизда кечаётган жараёнлар, ислоҳотлар барча соҳа вакилларидан тезкорликни, меҳнатсеварликни, ўз ишига нисбатан фидокорликни талаб қилмоқда. Жумладан, бугунги ислоҳотлар имом-хатиблардан ҳам тезкор жараёнлардан ортда қолмасликни, замон билан ҳамнафас яшаш ва ишлашни тақозо этмоқда. Имом домлаларимиз фаолият қамрови кенгайганини инобатга олсак, энди улар фақат масжидда ибодатларни адо этиб берувчи пешво ёки маърака-маросимларни ўтказиб берувчи мутасадди эмас, балки халқнинг дарду ташвишидан хабардор, уларни қийнаётган муаммоларни ўрнида ечишга кўмаклашувчи, инсонларни эзгуликка тарғиб қилиб, ёмонликдан қайтарувчи, чин маънода одамларнинг суянчи бўлиши лозим. Муфтий ҳазрат бошчиликларида ўтказилган ушбу йиғилишда ҳам айнан, шу масалаларга урғу берилди.


Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби ва Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжиди имом-хатиби Мўминжон домла Усмонов ўз хоҳишига кўра, эгаллаб турган лавозимларидан озод этилиб, Гулистон шаҳри “Тавҳид” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига тайинланди.

Тошкент шаҳридаги “Маҳкамбой Ҳожи Ота” жоме масжиди имом-хатиби Зокиров Ҳабибуллоҳ Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби ва Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжиди имом-хатиби лавозимларига тайинланди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати | muslim.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

"Мақсадимга эришдим" деган адашади

16.01.2025   6897   4 min.

Ҳар биримиз ҳаётда муваффақият қозониш истагида бўламиз-у, лекин унга етиша олмаймиз. Бунинг сабаби эса “муваффақият”ни етиб бўлмас бир рўё деб ўйлашимиздир. Аслида биз муваффақиятга элтувчи омилларга беэътибор бўламиз, натижада муваффақиятсизликларимиз кўпайиб бораверади.

Муваффақият – бу яхшидан янада яхшироғи томон интилишимиздир. (Баркамоллик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир). Бирортаси сизга “Ҳаётдаги мақсадимга эришдим” деса, билингки, у одам қулай бошлабди. Киши муваффақият сари ҳаракат қилиши зарур. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ҳеч бир одамнинг ажрини зое қилмас. Бадиъуз замон Ҳамазоний бундай дейдилар:

Вожиб манга тиришмоғим, қилмоқ жаҳд,
Шарт бўлмағай нажоҳни идрок этмак.

Ҳаёт бўстонидан муваффақият меваларини териш илинжидаги кишига оид мана бу насиҳатлар сизга ҳам асқатади. Бу насиҳатлар икки дунё саодатини топиш учун чақириқдир. Зеро, охират диёрида киши очиқ-ойдин хусронга юз тутар экан, унинг дунё ҳаётидаги зафаридан не наф?!

Аллоҳ таолога тақвони лозим тутинг, шунинг ўзи хайр­ли озиқа ва аъло насиҳатдир. Зеро, Аллоҳ таоло Талоқ сурасининг 2–3-оятларида: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...», дея марҳамат қилади ва яна худди шу суранинг 4-ояти сўнгида ҳам: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадур!» – дея  тақво қилишга амр қилган.

Қалбингиз аввал Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига, ке­йин эса ота-онангиз ва атрофингиздагиларга муҳаббат ила тўлиб-тошсин. Зеро, муҳаббат кишини ёшартиради, умрни узайтиради, хотиржамлик бахш этади. Нафрат эса қалбни қорайтиради. Муҳаббат жароҳатга малҳам бўлиб хизмат қилади ҳамда қалбга меҳр ва яқинлик тафтини солади.

Ўзингизга бўлган муҳаббатингиз бошқаларга нисбатан кичикроқ, озроқ бўлсин. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 9-оятида ансорийларни мақтаб: «...Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар...», дея марҳамат қилади. Одамларга яхшилик илиниб фараҳманд бўладиган кишилар ҳақиқий бахтиёр инсонлардир. Бадбахтлар эса фақат ўз манфаатларини кўзлайдилар. Охир-оқибатда ҳеч қандай савобга эришмайдилар.

Қалбингизни муҳаббат, бағрикенглик, ғамхўрлик каби туйғулар билан тўлдириш учун ҳаракат қилинг. Ҳеч шак йўқки, бадбахтларнинг қалблари ҳасад, ғазаб ва нифоқ ила лиммо-лим бўлади.

Ўтган ишларга қайғурманг! Нохушликларга кўз ёш тўкиш фойда бермайди. Бировларнинг мусибатларидан куладиганлар эса ўзларига жабр қиладилар. Кўзадаги тўкилган сутга айюҳаннос солгандан кўра, унинг ўрнини қоплаш пайида бўлинг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу муборак сўзларини доимо ёдда тутинг: “Сенга бирор иш содир бўлса, “агар бундай қилганимда, мана бундай бўларди-да” дея кўрма, фақатгина “Аллоҳ тақдир қилган экан, Ўзи хоҳлагани бўлди” деб
айтгин. “Агарда” шайтонга йўл очиб беради”[1].

Нафсингизни яхши гумон қилишга ўргатинг! Зеро, яхши гумонда бўладиганлар тунда осмонга тикилиб, ойнинг назокатини ҳам кўра оладилар. Бадгумонлар эса самога ташлаган назари ортида зулматдан бошқа нарсани кўра олмайдилар. Бошқаларни ўзидан кўра яхшироқ деб ўйлайдиганлардан бўлинг. Яхшиликка йўювчилар бошқаларнинг муҳаббатига сазовор бўладилар. Бадгумонлар эса ўз атрофидагиларни гўё қувиб-соладилар.

Ҳалиймий  айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши гумонни хуш кўрардилар. Чунки  бадгумонлик Аллоҳ таоло хусусидаги ёмон ўйловдир. Некгумонда бўлиш эса Аллоҳ таоло хусусидаги яхши ўйдир. Мўмин ҳамма ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло хусусида яхши гумонда бўлишга маъмурдир”.

Бошқа бир ҳадисда Муовия ибн Ҳакам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: “Ё Аллоҳнинг Расули, бизнинг орамизда шумланадиганлар бор”, дедим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У кўнгилларига келган нарса холос. Бу нарса уларни (бирон иш қилишдан) тўсмасин”, дедилар».

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1] Имом Муслим ривояти.