Эндигина кўзи ёриган ёш она кучли ҳаяжонда:
– Чақалоғимни кўрсам бўладими? – деб сўради.
Қучоғига юмшоқ бир юргак берилди ва бахтли она чақалоғининг жажжи юзини кўрмоқ учун унинг юзини очди ва ҳайратга тушганидан тили тутилиб қолди. Она ва чақалоқни кузатиб турган дўхтир шартта орқасига ўгрилиб деразадан кўчани томоша қила бошлади.
Чақалоқнинг қулоқлари йўқ эди... Таҳлиллар боланинг эшитиш қобилияти яхши экани, фақат қулоғининг супраси йўқлиги боланинг ҳуснини бузиб турганини кўрсатди. Орадан йиллар ўтди, бола мактабга чиқди.
Бир куни мактабдан уйга югуриб келди ва ўзини онасининг бағрига отди. Тўлиқиб йиғлар эди. Бу унинг ҳаётидаги биринчи мазахланиши ва умидсизлиги эди:
– Бир катта бола менга махлуқ деди.
Болакай ана шу кемтиклик билан улғая бошлади. Уни синфдошлари яхши кўрар ва ниҳоятда зеҳни тез ўқувчи эди. Агар синфдошларига аралашиб юрганида эди, шубҳасиз, синфком бўлар эди.
Аммо онаси ҳар доим унга:
– Ёш болаларнинг орасига аралашмайсан, – деб тайинлар эди.
Айни пайтда у қалбида теран бир ачиниш ва шафқатни ҳис қилар эди.
Боланинг отаси оила дўхтири билан қулоғи хусусида сўзлашди.
– Бирор нарса қилишнинг иложи йўқми? – деб сўради.
Дўхтир:
– Агар бир жуфт қулоқ топишнинг иложи бўлса, уни ёпиштириб қўйиш мумкин, – деди.
Шундан сўнг болага қулоқларини фидо этиши мумкин бўлган бир жавонмардни ахтара бошладилар. Орадан икки йил ўтди. Бир куни отаси:
– Шифохонага борасан, ўғлим, онанг иккаламиз сенга қулоқларини беришга рози бўлган бир одамни топдик. Фақат унинг кимлигини сенга айта олмаймиз – сир, – деди.
Операция муваффақиятли ўтди ва бутунлай янги бир инсон қиёфаси пайдо бўлди. Янги кўринишидан руҳияти юксалган бола ўқишда ва ижтимоий ҳаётда катта ютуқларни қўлга киритди. Сўнгра уйланди ва кўзга кўринган дипломат бўлди. Орадан йиллар ўтди, бир куни отасининг олдига кириб:
– Отажон, менга бу қадар катта яхшилик қилган одам ким? Мен унинг яхшилигига ҳеч қандай жавоб қайтара олмадим... – деди.
Отаси:
– Бирор нарса қила олишингга кўзим етмайди. Фақат жиддий шартлашганмиз, ҳали унинг кимлигини айта олмайман, вақти етмади... – деб жавоб берди.
Бу сир йиллар давомида сақланди ва бир куни очилиш вақти келди. Бошига мусибат тушган кунда онасининг жонсиз танаси бошида отаси билан бирга жаноза ўқилишини кутаётган эди. Отаси мулойим ҳаракат билан онасининг бошига қўл чўзди, қаҳваранг сочларини силаб орқага таради, онасининг қулоқлари йўқ эди. Отаси:
– Нега онажоним, уйда ўтирганда ҳам рўмолини бошидан олмайди, сочларига оро бермайди, деб ҳеч ўйламадингми? – дея шивирлади.
Дамин ЖУМАҚУЛ
таржимаси
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби