Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк мақом ва мартаба соҳибидирлар. У зот Пайғамбарларнинг саййиди, раҳмат Пайғамбари, буюк шафоат соҳиби, мақоми маҳмуд эгасидирлар. Қуйида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримда келган сифатларини далиллар билан келтириб ўтамиз.
لَقَدْ مَنَّ اللّهُ عَلَى الْمُؤمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولاً مِّنْ أَنفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبْلُ لَفِي ضَلالٍ مُّبِينٍ
“Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У аларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатадир. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам” (Оли Имрон, 164).
الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوباً عِندَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُم بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَآئِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالأَغْلاَلَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آمَنُواْ بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُواْ النُّورَ الَّذِيَ أُنزِلَ مَعَهُ أُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар–ана ўшалар нажот топгувчилардир”, деди. (Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо (а.с.) танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида “Биз сенга тавба қилдик”, дедилар. Муҳаммаднинг (с.а.в.) сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо (а.с.) билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммадни (с.а.в.) кўришлари билан иймонга келдилар.) (Аъроф, 157).
قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنِّي رَسُولُ اللّهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعاً الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ لا إِلَـهَ إِلاَّ هُوَ يُحْيِـي وَيُمِيتُ فَآمِنُواْ بِاللّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
“Сен: “Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз”, деб айт”. (Бурунги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳамадга (с.а.в.) бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.) (Аъроф, 158).
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِّلنَّاسِ بَشِيراً وَنَذِيراً وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ
“Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар” (Сабаъ, 28).
لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
“Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Ояти каримада Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зотдек (с.а.в.) кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз (с.а.в.) сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.) (Тавба, 128).
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيماً
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг”. (Араб тилида “саловот” сўзи “салот”нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам “салот” дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо “салот” Аллоҳ таоло томонидан бўлганида “дуо” маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга (с.а.в.) саловот айтишининг маъноси у зотга (с.а.в.) ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.) (Аҳзоб, 56).
إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَاباً مُّهِيناً
“Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди”. (Аллоҳга озор бериш–Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, Пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш. Пайғамбарга (с.а.в.) озор бериш, ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зотга (с.а.в.) озор берган бўлади.) (Аҳзоб, 57).
مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيماً
“Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир” (Аҳзоб, 40).
يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِداً وَمُبَشِّراً وَنَذِيراً وَدَاعِياً إِلَى اللَّهِ بِإِذْنِهِ وَسِرَاجاً مُّنِيراً
“Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи. Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик”. (Ушбу оятда Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад (с.а.в.) жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи нурли чироқдирлар.) (Аҳзоб, 45-46).
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا مُبَشِّراً وَنَذِيراً
“Биз сени фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юборганмиз, холос” (Фурқон, 56).
قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّمَا أَنَا لَكُمْ نَذِيرٌ مُّبِينٌ
“Сен: “Эй одамлар! Мен сизлар учун фақат бир очиқ огоҳлантиргувчиман, холос”, деб айт” (Ҳаж, 49).
إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ بِالْحَقِّ بَشِيراً وَنَذِيراً وَإِن مِّنْ أُمَّةٍ إِلَّا خلَا فِيهَا نَذِيرٌ
“Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган”. (Эй Пайғамбар, албатта, Биз сени ҳақ дин ва ҳақ китоб ила мўминларга хушхабарчи, кофирларга огоҳлантирувчи–қўрқитувчи қилиб юбордик. Сенинг Пайғамбар бўлишинг ажабланарли иш эмас, янгилик ҳам эмас.) (Фотир, 24).
فَلاَ وَرَبِّكَ لاَ يُؤْمِنُونَ حَتَّىَ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لاَ يَجِدُواْ فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجاً مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُواْ تَسْلِيماً
“Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Демак, иймоннинг, мўминликнинг бир шарти–ҳар бир нарсада Пайғамбарни (с.а.в.), яъни, Ислом динини ҳакам қилиб олиш зарурлигидир. Мўмин-мусулмонман деган одам, мўмин-мусулмонмиз деган жамият ўзининг ҳар бир ишини Исломнинг ҳукми ила олиб бориши керак. Шу билан бирга, ушбу ҳукмга ҳам ичидан тўла рози, ҳам сиртидан бутунлай таслим бўлиши керак. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло қасам билан таъкидлаб айтмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ўз ҳадисларидан бирида: “Менинг жоним қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, бирорта одам мўмин бўла олмайди”, деганлар.) (Нисо, 65).
وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقاً
“Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!” (Нисо, 69).
وَلَوْلاَ فَضْلُ اللّهِ عَلَيْكَ وَرَحْمَتُهُ لَهَمَّت طَّآئِفَةٌ مُّنْهُمْ أَن يُضِلُّوكَ وَمَا يُضِلُّونَ إِلاُّ أَنفُسَهُمْ وَمَا يَضُرُّونَكَ مِن شَيْءٍ وَأَنزَلَ اللّهُ عَلَيْكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُنْ تَعْلَمُ وَكَانَ فَضْلُ اللّهِ عَلَيْكَ عَظِيماً
“Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди”. (Яъни, Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила оятлар тушириб, ҳақиқатни баён қилмаганида, Тўъма ибн Убайрақнинг қавми, уни одамлар олдида оқлашни талаб қилиб, айбни яҳудий шахсга ағдариб, Пайғамбарни адаштиришга уриниб қолган эдилар. Аммо бу ишлари билан улар ўзларини адаштирадилар, холос. Хар қанча уринсалар ҳам Пайғамбарга (с.а.в.) зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ доимо ўз Пайғамбарини сақлайди. Мазкур ҳодисада ноқулайликдан сақлаб қолгани ўзига хос фазлу карамдир. Лекин асосий фазли ва ҳақиқий марҳамати: “Аллоҳ сенга китобни (Қуръонни) ва ҳикматни (суннатни) туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва (шу билан) сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди”.) (Нисо, 113).
وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْراً أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَن يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالاً مُّبِيناً
“Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди” (Аҳзоб, 36).
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءكُم بُرْهَانٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَأَنزَلْنَا إِلَيْكُمْ نُوراً مُّبِيناً
“Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик”. (Бу бурҳон Қуръони Каримдир. Ушбу бурҳон Аллоҳнинг ягоналигининг бурҳонидир. Ушбу бурҳон Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақликлари бурҳонидир. Ушбу бурҳон Исломнинг икки дунё саодатига элтувчи дин эканлигининг бурҳонидир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига раҳм этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон аниқ нурдир.) (Нисо, 174).
إِنَّهُ لَقَوْلُ رَسُولٍ كَرِيمٍ
“Албатта у(Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир”. (Қуръони Каримни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиши У зот (с.а.в) у каломни тиловат қилувчи ва кишиларга етказувчи эканлигидандир.) (Алҳааққаҳ, 40).
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“Ва албатта, сен улкан хулқдасан” (Қалам, 4).
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
“Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё, 107).
مُّحَمَّدٌ رَّسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاء عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاء بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعاً سُجَّداً يَبْتَغُونَ فَضْلاً مِّنَ اللَّهِ وَرِضْوَاناً سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِم مِّنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذَلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَى عَلَى سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُم مَّغْفِرَةً وَأَجْراً عَظِيماً
“Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшайдир. Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди”. (Саҳобалар, оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлсалар, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо ким бўлишидан қаттий назар, мусулмонга меҳрибон бўлишган. Уларнинг асосий сифатларидан бири — ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Яна бир сифатлари — улар доим рукуъ ва сажда холатида, яъни, ибодат холатида бўладилар. ) (Фатҳ, 29).
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيراً
“Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. (Пайғамбаримиз (с.а.в.) аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Салмони Форсийнинг (р.а.) фикрларини қабул этиб, ҳандақ қазишни бошладилар. У зот (с.а.в.) шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар.) (Аҳзоб, 21).
وَيَوْمَ نَبْعَثُ فِي كُلِّ أُمَّةٍ شَهِيداً عَلَيْهِم مِّنْ أَنفُسِهِمْ وَجِئْنَا بِكَ شَهِيداً عَلَى هَـؤُلاء وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَاناً لِّكُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً وَبُشْرَى لِلْمُسْلِمِينَ
“Ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келган кунимизда сени анавиларга (умматингга) гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик”. (Яъни, қиёмат куни ҳар бир умматга Пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир, мусулмонлар учун ҳидоятдир. Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонлари орқасидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради.) (Наҳл, 89).
قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт” (Оли Имрон, 31).
وَأَنَّهُ لَمَّا قَامَ عَبْدُ اللَّهِ يَدْعُوهُ كَادُوا يَكُونُونَ عَلَيْهِ لِبَداً
“Ва, албатта, Аллоҳнинг бандаси Унга ибодат қилиб турганда улар унинг атрофида от ёлидек тўпланиб, босиб юборай дейишди”. (Бу оятда жинларнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига иккинчи бор келиб Қуръон эшитганлари пайти тасвирланяпти.) (Жин, 19).
Сўзимиз охирида мавзуга алоқадор бир ҳадисни кўриб ўтамиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирингиз, токи мен унга боласидан ҳам, отасидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча, комил мўмин бўлмайди” дедилар. Муттафақун алайҳ.
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
таржимаси
Мақола муаллифи: МУҲАММАД РАЖАБ МУНЪИМ
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.