Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Ақлли бола

16.07.2018   4476   2 min.
Ақлли бола

Доимо донишманд ва олимларни меҳмонга чақириб, дуоларини олиб турадиган бир саховатли киши доимий одатига кўра яна олимларни уйига таклиф қилди. Меҳмонлар ичида кекса, таниқли олим ҳам бор эди. Зиёфат охирида ўша олим:

– Азизлар! Биз ҳам кексайдик, умримиз ўтиб бормоқда. Бизда бўлган илмлардан манфаат­дор бўлиб қолинг, билмаганларингизни сў­ранг, қў­лимдан келганича жавоб берай, – деди йи­ғил­ганларга қараб. Ҳамма жим, савол беришга ҳеч ким ботина олмай турган бир маҳалда, даҳ­лиз­да ўтирганлар ичидан ёши ўнларни қоралаб қолган бир бола қўлини кўксига қўйиб гўзал одоб билан:

– Ҳазрат! Айбга буюрмангизу каминанинг кичик бир саволи бор, – деди.

– Баракалла болам, саволингизни тортинмасдан сўрайверинг, – деди олим боланинг ақлу одобидан хурсанд бўлиб.

– Кексаликка етиб, азизу мукаррам бўлишим учун нима қилишим керак? – деди бошини хиёл эгиб.

– Офарин, энг улуғ саволни бердингиз. Бу саволингизга тонггача жавоб берсам ҳам вақт ет­майди. Шундай бўлса-да, қисқача жавоб бера­ман. Кексайганда азиз бўлиш учун ота-онангизни хизматини қилиб, дуосини олинг, яқинларингиз билан қариндошлик ришталарини мустаҳ­кам­ланг, олим ва яхши инсонлар даврасида бў­либ, ҳур­мат қозонинг! Шунда умрингиз узун, кек­сайганда, албатта, ҳурмату иззатда бўласиз, деб бола ҳақига хайрли дуо қилди.

Эй азиз фарзанд! Бу ҳикоядан олимлар суҳ­батида ўтирганлар маънисиз лағв сўзлар айтишдан тийилиб, ўзларига фойдали саволлар бер­синлар. Олимнинг илмидан фойдаланиб қо­лиш­син. Ёшлар олимдан савол сўраганда одоб қои­даларига риоя қилиб, олимнинг кўнглини қолдирмайдиган, ранжитмайдиган қилиб, тавозе билан савол берсин! Албатта, дуо ва меҳр инсон умрини узайтириб, ризқни баракали қилади, бахтиёр умрнинг омили бўлади.

Умри, ёши ортар олқиш олганни,

Қарғиш тегмай қолмас, ёшни синдирар.

Демак, яхши дуо умрни узайтирса, қарғиш ёш умрларни заволга учратиб, ёш ғунчани очил­масдан хазон қилади.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қорин очлиги

25.11.2024   136   1 min.
Қорин очлиги

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.

Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ибратли ҳикоялар