Доимо донишманд ва олимларни меҳмонга чақириб, дуоларини олиб турадиган бир саховатли киши доимий одатига кўра яна олимларни уйига таклиф қилди. Меҳмонлар ичида кекса, таниқли олим ҳам бор эди. Зиёфат охирида ўша олим:
– Азизлар! Биз ҳам кексайдик, умримиз ўтиб бормоқда. Бизда бўлган илмлардан манфаатдор бўлиб қолинг, билмаганларингизни сўранг, қўлимдан келганича жавоб берай, – деди йиғилганларга қараб. Ҳамма жим, савол беришга ҳеч ким ботина олмай турган бир маҳалда, даҳлизда ўтирганлар ичидан ёши ўнларни қоралаб қолган бир бола қўлини кўксига қўйиб гўзал одоб билан:
– Ҳазрат! Айбга буюрмангизу каминанинг кичик бир саволи бор, – деди.
– Баракалла болам, саволингизни тортинмасдан сўрайверинг, – деди олим боланинг ақлу одобидан хурсанд бўлиб.
– Кексаликка етиб, азизу мукаррам бўлишим учун нима қилишим керак? – деди бошини хиёл эгиб.
– Офарин, энг улуғ саволни бердингиз. Бу саволингизга тонггача жавоб берсам ҳам вақт етмайди. Шундай бўлса-да, қисқача жавоб бераман. Кексайганда азиз бўлиш учун ота-онангизни хизматини қилиб, дуосини олинг, яқинларингиз билан қариндошлик ришталарини мустаҳкамланг, олим ва яхши инсонлар даврасида бўлиб, ҳурмат қозонинг! Шунда умрингиз узун, кексайганда, албатта, ҳурмату иззатда бўласиз, деб бола ҳақига хайрли дуо қилди.
Эй азиз фарзанд! Бу ҳикоядан олимлар суҳбатида ўтирганлар маънисиз лағв сўзлар айтишдан тийилиб, ўзларига фойдали саволлар берсинлар. Олимнинг илмидан фойдаланиб қолишсин. Ёшлар олимдан савол сўраганда одоб қоидаларига риоя қилиб, олимнинг кўнглини қолдирмайдиган, ранжитмайдиган қилиб, тавозе билан савол берсин! Албатта, дуо ва меҳр инсон умрини узайтириб, ризқни баракали қилади, бахтиёр умрнинг омили бўлади.
Умри, ёши ортар олқиш олганни,
Қарғиш тегмай қолмас, ёшни синдирар.
Демак, яхши дуо умрни узайтирса, қарғиш ёш умрларни заволга учратиб, ёш ғунчани очилмасдан хазон қилади.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон