بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! “Оби ҳаёт” деб аталмиш сувнинг азизлиги ва уни исроф қилишнинг гуноҳ ишлардан экани тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида, унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб ҳам қўйди. Қуръони каримнинг кўпгина сураларида Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади:
أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ
لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجاً فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ )سورة الواقعة/70- 68 (
яъни: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70 -оятлари).
Бошқа ояти карималарда эса Аллоҳ таоло бандалари учун ва уларга мусаххар қилиб қўйилган чорва ва турли набототлар учун сув энг зарурий неъмат эканини баён этиб, бундай марҳамат қилади:
هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لَكُمْ مِنْهُ شَرَابٌ وَمِنْهُ شَجَرٌ فِيهِ تُسِيمُونَ يُنْبِتُ لَكُمْ بِهِ الزَّرْعَ وَالزَّيْتُونَ وَالنَّخِيلَ وَالْأَعْنَابَ وَمِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ (سورة النّحل/10-11(
яъни: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 10-11-оятлар).
Мутахассислар фикрича, инсон таомсиз бир икки ҳафтагача яшаши мумкиндир, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, у ҳалок бўлади. Инсон танасининг аксар қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади. Сув - инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Бунга яна одамнинг покланиши учун ва бошқа мақсадларда ишлатадиган суви ҳам қўшилса, инсонга сув қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади.
Анбиё сурасида шундай дейилади:
...وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ ... (سورة الأنبياء/30)
яъни: “...ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!..” (Анбиё сураси, 30-оят).
Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва ҳуда-беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, сизу биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас. Ҳозирги пайтда жами 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлмоқда.
Аллоҳ таоло барча нарсаларни бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос ўлчови ва ҳисоби билан яратган, бу ҳақда Қуръони каримда далиллар жуда кўп. Жумладан:
أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَسَالَتْ أَوْدِيَةٌ بِقَدَرِهَا ... (سورة الرّعد/17)
яъни: “Аллоҳ таоло осмондан ёмғир сувларини туширади ва водийларда сувлар ўз ўлчови ва ҳисоби билан оқади...” (Раъд сураси, 17-оят).
وَأَنْزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً بِقَدَرٍ فَأَسْكَنَّاهُ فِي الْأَرْضِ وَإِنَّا عَلَى ذَهَابٍ بِهِ لَقَادِرُونَ (سورة ﺍلمؤمنون/18)
яъни: “Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб, сизларни ундан маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз” (Муминун сураси, 17-оят).
Бу ояти карималар орқали Ҳақ таоло бизларга Ер юзидаги барча нарсалар, шу жумладан сув ҳам ўзининг маълум ҳисоби ва ўлчови билан яратилганлигини маълум қилади. Яъни керагидан ортиқ ёмғир ёғса, сув тошқини пайдо бўлиб, экинлардан тортиб, турар жойларгача вайрон бўлиб кетиши, агар бутунлай ёғмай қўйса, қурғоқчилик, сув танқислиги рўй бериши мумкин эди.
Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб-тергаб ишлатайлик. Азиз фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган сув бир соатда қанча бўлишини яхши тасаввур қиламиз. Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканлигини асло унутмайлик. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси биринчи даражали муаммолардан бўлиб турибди. Айни пайтда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза ичимлик сувига муҳтож.
Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув ва ҳавода сезиларли ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг бурчимиздир.
Зеро, соҳага оид ўнлаб мутасадди идора ва ташкилотлар бу борада доимий фаолият олиб бормоқда. Улар атроф муҳитни озода сақлаш, ичимлик ва оқава сувларидан оқилона фойдаланиш борасида эртаю-кеч меҳнат қилаётган эканлар, уларнинг ҳам меҳнатларини қадрлайлик.
Чунки Аллоҳ таоло каломи шарифида бандаларига шундай хитоб қилади:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (سورة ﺍلمائدة/2)
яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Юқоридаги ояти карима асосида бизлар, албатта, яхшилик йўлида бир тан, бир жон бўлиб, табиатимизни озодалиги, ҳаётимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Агар мана шу панд-насиҳатларга амал қилиб, Яратганнинг бизга берган ва бераётган неъматларига нисбатан ақл билан иш юритиб, ўз вақтида шукронасини бажо келтирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу неъматларини бизга янада зиёда қилиб беради.
Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. “Нега бундай?”, десангиз, “совуқда музлаб қолади”, каби баҳоналар топилади. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга ва кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса, тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига иқрор бўласиз.
Сувни тежаш ҳақида ҳадиси шарифда шундай келади:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْروٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: مَا هَذَا السَّرَفُ يَا سَعْدُ؟ قَالَ: أَفِي الْوُضُوءِ سَرَفٌ؟ قَالَ: نَعَمْ، وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ (رواه الإمام أحمد والإمام ابن ماجة .(
яъни: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй Саъад бу исроф нимаси”, – дедилар. Саъад розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва мумкин бўлмаганидан кейин қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исрофдир.
Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги борган сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, неъматларининг шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا أَنْعَمَ ﺍﷲُ عَلىَ عَبْدٍ مِنْ نِعْمَةٍ صَغُرَتْ اَوْ كَبُرَتْ فَقَالَ الْحَمْدُ للهِ إِلاَّ كَانَ قَدْ أُعْطِىَ أَفْضَلَ مِمَّا أَخَذَ" (رواه الإمام ابن ماجه).
яъни: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун: “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув истеъмол қилиб, саломатликларини муҳофаза этишлари нақадар долзарб эканлигини чуқур ҳис этишлари лозим. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш сувни тоза сақлаш, тежаб ишлатиш ва истеъмолда меъёрга риоя қилишлари керак.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида ҳаж ибодатининг фарз ва вожиблари ҳақида суҳбатлашамиз:
Ҳаж ибодати уч турлидир: Қирон, таматтуъ ва ифрод. Бизнинг юртдан борадиган ҳожилар асосан таматтуъ ҳажини қиладилар.
Ҳажнинг фарзлари
Ҳажнинг вожиблари
Яна бошқа лозим амаллар ҳам бор, уларнинг баъзилари қуйидагилардан иборат:
Ҳажнинг бирон бир вожибини тарк қилган кишининг ҳажи бузилмайди, лекин биp жoнлиқ cўйиш вoжиб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни сувга эътиборли бўлиш, уни тежаб, авайлаб ишлатиш ва ушбу неъматга доимо шукр қилиб боришимизни насиб айласин!
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати