Тарихдан бизга маълумки, онамиз Момо Ҳаво яратилиши билан биз аёлларнинг бурчи сифатида елкамизга бажаришимиз шарт бўлган бир қанча масъулият юклатилди ва бу йўлда собит бўлганларга Аллоҳнинг муқаддас каломи Қуръони каримда, жаннат ваъдаси берилгани ҳақида оятлар нозил бўлди.
Бизга юклатилган вазифаларнинг энг улуғи солиҳаликдан бошланади. Қуръони каримда: “(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳга сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” деб марҳамат қилинган (Нисо сураси, 34-оят).
Қуйидаги оятнинг тафсирида аёл кишининг эрига нисбатан итоатли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилгани батафсил тушунтирилган.
Солиҳаликнинг шарти эса иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлишдир. Шундай экан, ҳаддан зиёд чайқалиб турган бугунги замонда, оммавий маданиятнинг авж пардасида, елкамиздаги бу масъулиятни анча унутиб қўймадикмикан, деган хавотирда бурчимизга садоқат билан ёндашсак, улуғ мукофотларга муяссар бўлмоғимиз шартларини яна бир эслатиб ўтишни жоиз топдик.
Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлларнинг энг яхшиси – назар солганингда сени хурсанд қиладиган, буюрганингда сенга итоат қиладиган ва сен йўғингда ҳам ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёлдир”, деганлар.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” айтади (Нисо сураси, 34-оят).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёл беш маҳал намозини ўқиса, (Рамазон ойи) рўзасини тутса, фаржини (зино ва фаҳшдан) асраса, эрига итоат қилса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).
Яна бир ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлга эри борлигида унинг изнисиз (нафл ва қазо) рўза тутиши, унинг изнисиз уйига (бировни киришига) изн бериши ҳалол бўлмайди”, дедилар (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Яна бир ривоятда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Аёл эрининг уйидаги нарсалардан садақа қиладими?” деб сўрашди. У киши шундай деди: “Йўқ, фақат (эри олиб келган) озиқ-овқатидан садақа қилса майли. Савоби ўрталарида бўлади. У эрининг молидан унинг изнисиз садақа қилиши ҳалол эмас” (Абу Довуд ривояти).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадислардан англанадики, бизга юклатилган нозик ва ўта муҳим бурч: ибо-ҳаё ва муомила одоби, ростгуйлик, вафога садоқат билан эргашишимиз қаътий таъкидланмоқда.
Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи вассалам) шундай дедилар: “Аёлларингизнинг энг яхшиси Аллоҳга тақво қиладиган, кўп туғадиган, (эрига) муҳаббатли, кўнгил оладиган, буйсунадиганидир. Аёлларингизнинг ёмони очиқ-сочиқ, кибрлиларидир. Улар мунофиқадирлар Улардан кам учрайдиган қаноти оқ қарғалар каби жуда озчилиги жаннатга киради” (Табароний ва Дорақутний ривояти).
Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи вассалам): “Уч киши ҳеч қачон жаннатга кирмайди: даюс, эркакшода аёл, ароқхўр”, дедилар” (Табароний ривояти). Шу ҳадисга чуқур ёндашадиган бўлсак “эркакшода” сўзининг ўзидаёқ аёл учун аёллик назокати қанчалик муҳимлигини гувоҳи бўламиз. Булардан ташқари аёллардаги ширин сўз ва очиқ қўллик, ҳокисорлик ҳам жаннатга элтиши ҳақида қуйидагича ҳадиси шариф келтирилган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Саҳобалар сўрашди: “Фалончи аёл фарз намозларини ўқийди, садақа сифатида ёғи олинган пишлоқ тарқатади, ҳеч кимга азият бермайди. Бу аёл тўғрисида нима дейсиз?”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) жавоб бердилар: “Бу аёл жаннатийдир!” (Ҳоким ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Фалончи аёл кечани ибодатда, кундузларни рўзадор кечиради, меҳнат қилади, садақа ҳам тарқатади, аммо тили билан қўшниларга озор етказади” дейилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) марҳамат этдилар: “У аёлда яхшилик йўқ жаҳаннамийдир!” (Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилинган).
Демак, фан-техниканинг ривожланиши, мамлакатларнинг ўзаро ижтимоий-сиёсий алоқаларидаги глобаллашувнинг кўланкалари бошимизда қора булут каби турган замонда биз бу каби оят ва ҳадисларга эътибор ва масъулият билан амал қилсак, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳам ўрнак ҳам йўл бошловчи бўлган бўламиз. Агар ота-боболаримизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар солсак, улар инсоннинг насл-насабига, етти пуштининг тозалиги, авлоднинг соғлиғига жуда катта эътибор берганини кўрамиз.
Шундай экан юқорида келтирилган оят, ҳадисларга умримиз давомида амал қилсак, соғлом авлод билан чамбарчасликда соғлом муҳитни, тинч-фаравон ҳаётни асраган ва ўзимиздан кейинги авлодларга етказиш йўлида елкамиздаги масъулиятни маълум даражасини адо этган бўламиз. Ҳамда Аллоҳнинг марҳаматига эришамиз, иншоаллоҳ.
Зилола ЯРАШБЕК қизи
Тошкент Ислом институти талаба қизлар
билан ишлаш бўйича услубчи
Амир Темур нафақат буюк саркарда, давлат арбоби, балки ўз даври илм аҳллари ҳомийси ҳам бўлган. У мамлакатни ривожлантиришда илм-фан ва ислом олимларининг аҳамияти беқиёс эканлигини яхши тушунган. “Салтанатда эришган барча муваффақиятим ва мустаҳкам жойларни забт этишим – буларнинг барчаси Шайх Шамсуддин Фоҳурий дуоси, Шайх Зайнуддин Хавофий ҳиммати ва Саййид Барака марҳамати шарофатлари ёрдамида бўлди”, деб таъкидлаган эди[1]. Зар қадрини заргар билади, деганларидек, Соҳибқирон саройида таниқли мутафаккирларни жамлашга ҳаракат қилган.
Мўғуллар давридан кейин, Амир Темур даврида исломга давлат дини мақомининг қайтарилиши янги уламолар табақаларининг шаклланишига олиб келди[2].
Темур давлатида Самарқанд сиёсий пойтахтгина эмас, балки илмий марказ ҳам эди[3]. Бу тўғрида Мовароуннарда бўлган европалик сайёҳлар ва ўша даврда яшаб ижод этган тарихнавис Шарқ олимлари етарли маълумотлар қолдирганлар.
Тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрар эди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб иззату икромини изҳор қилар эди”[4]. Натижада салтанат пойтахти Самарқандда ўз даврининг турли соҳалари бўйича буюк алломалар жам бўлдики, бу жамлашни Соҳибқирондек илм-фанни яхши тушинган ва уни қадрига етган ҳукмдоргина амалга ошириши мумкин эди.
Бунга қуйидаги икки воқеани келтириш мумкин. Амир Темур Хоразмга келганида, Малик Муҳаммад Сарахсий ибн Малик Муъизиддин Ҳусайн Курт ўз жияни Пирмуҳаммад Ғиёсиддин Пиралидан Амир Темурдан Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳни Сарахсга таклиф қилишини сўрашни илтимос қилди. Амир Темур Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳнинг илмдаги фазлини билиб, у зотни Самарқандга таклиф қилишни афзал кўрди. Аввалига Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳ Амир Темурнинг таклифига жавоб бермай турди, сўнг Ҳижозга сафар қилиш нияти борлигини айтиб, узр айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо Амир Темур иккинчи бор таклиф юборганидан кейин Самарқандга равона бўлди[5].
“Амир Темур ўта аҳмиятли ва фойдали ишларидан бири бўйича чопар юборди. Чопарга: “Агар йўлда отга ҳожат тушиб қолса, кимни кўрсанг ҳам отини ол, агар ўғлим Шоҳруҳ бўлса ҳам”, деди. Чопар у амр қилган тарафга тезлаб жўнади. Йўлда аллома Тафтазонийга дуч келди. У дам олиш учун бир жойга тушган, отлари чодирнинг олдига боғланган экан. Чопар ўша отлардан бирини олди. Аллома Саъдуддин Тафтазоний чодирдан чиқиб, уни ушлаб олди. Отни чопардан қайтариб олди.
Чопар Амир Темурнинг олдига қайтиб борганида бўлган гапни унга айтди. Шунда Амир Темур қаттиқ ғазабланди. Аммо бироздан сўнг: ”Агар унинг ўрнида ўғлим бўлганида, уни қатл қилардим. Лекин қайси жойга борсам, китоблари у ерга менинг қиличимдан олдин кириб борган одамни қандай қилиб қатл қиламан”, деди[6].
Тошкент ислом институти Қуръон илмлари кафедраси
ўқитувчиси Қурбанов Содиқ
[1]Абулаббос Шиҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Димашқий. Ажоиб ал-мақдур фи тарих Таймур. – Байрут: Муассат ар-рисола, 1986. – Б. 48. 13
[2] Алимов У. Самарқандда калом илмининг ривожланиши. – Т.: Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 59.
[3]Фернанд Брудил. Тарих ва маданиятлар қоидалари / Ҳусайн Шариф таржимаси. – Қоҳира. Ал-ҳайъа ал-мисрийя ал-омма ли-л-китоб, 1999. – Б. 77.
[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.7
[5]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.17
[6]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.19.