«Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ» (Сод сураси 27-оят).
Ўтган куни нашриёт муҳаррири Бобомурод Эрали сомсасини ейишни унутиб қўйибди. Кеча менинг олдимга ўша сомсани есам бўладими деб маслаҳат сўрагани чиқибди. Мен унга: “Есангиз-енгу, кейин дарҳол гаражнинг таҳоратхонасига қулайроқ жойга бориб олинг-да”, деб маслаҳат бердим. “У ҳолда сизга бера қолай сомсани”, деди. “Менга берсангиз, мушугимга олиб бориб бераман, ҳаққингизга дуо қилиб қўяди”, дедим. “Дуоси ўзига сийлов, менга пулини бериб юборсин”, деди шоир. “Мушукда пул нима қилади, сичқон-пичқон тутиб олса, бериб юборар”, дедим. “Сичқонми, калтакесакми – нима бўлса ҳам ушлаб берсин”, деди сомсаси учун жони ўртаниб бораётган Бобомурод домла. “Хўп”, дея мабодо ҳиди чиқиб кетса ноқулайчилик бўлмасин деб Юсуфхон акам елим пакетга маҳкам ўраб тутқазган сомсани олиб кетдим.
Сомсани уйга олиб бориб мушукнинг олдига қўйган эдим, узоқдан туриб бир ҳидлади-да, бурнини жийириб: “Буни қаердан олиб келдингиз?” деб сўради. Ачиган сомсанинг бадбўй ҳиди унга ёқмаганини сезиб ўнғайсизланиб: “Бобомурод домла берди”, дедим. Сўнг домланинг шу сомса эвазига нарса ҳам сўраганини айтолмай каловланиб қолдим. Мушук эса: “Сомсаси бошидан қолсин!” деб мўйловини буради-да, гердайиб ортига қайрилиб кетди.
Буни кўриб бизнинг хонимнинг жағи очилиб кетса бўладими, “Мушук бечорани ўлдиргани олиб келдингизми буни, бу сомсани ит еса ҳам ўлиб қолади. Абдулбосит, ановини қўшнининг итига чиқариб ташла! А, ўлмайди, кучукка ҳеч бало қилмайди...”
Ҳосили калом, бир маза қилиб гўштли сомса есин деган ниятда уйимизни сичқону каламушлардан ҳимоя қилиб юрган мушугимизнинг жонига хавф солиб қўйибман, астағфируллоҳ – уволгинаси ёмон-а.
Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мушуклар ҳақида «У сизларнинг атрофингизда айланиб юрадиган ҳайвонлардан», деганлар. Саҳобалардан Абдураҳмон ибн Саҳл мушукларни яхши кўриб, боқиб юрганлари учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «Абу Ҳурайра» – «мушукчанинг отаси» деб кунялаганлар.
Яна улуғларимиздан бирининг этагида мушукча ухлаб қолган экан, намоз вақти кириб таҳоратга турмоқчи бўлса, ширингина ухлаб ётган мушукча уйғона қолмас эмиш. У муҳтарам зот шугина жониворнинг уйқусини бузмаслик учун шартта этагини кесиб туриб кетган эканлар.
Мушукни Пайғамбаримиз алайҳиссалом яхши сифат билан сифатлаганлари, саҳобалар, валийлар, меҳрибон инсонлар яхши кўргани эвазига бу жонивор инсонларга кўп фойда етказишга ҳаракат қилади. Тасаввур қилинг, оёғингизнинг тагидан сичқонми, каламушми ўтиб қолса, нима қиласиз? Жойингизда сакраб, ўйнаб қоласиз, тўғрими? Мулойимгина бўлиб ётган мушукча эса дарҳол катта авлоди йўлбарсга айланади. Шу вақтда унинг қандай чиройли бўлиб кетганини чаққонлигини, кучлилигини бир кўрсангиз эди...
Аммо Аллоҳ таоло ояти каримада ҳар бир нарсанинг ҳикмат билан яратилганининг хабарини бериб қўйганини билмаган кимсалар уларни нобуд қилиб, жоҳилликларининг жабрини ўзлари тортганлар. Жумладан, 1484 йил Папа Иннокентий VIII мушукларни шайтонга сиғиниш воситаси деб ҳисоблагани боис уларни қириб ташлашга буйруқ берди. Бутун Европа мушуклардан тозаланди. Натижада сичқонлар кўпайиб вабо тарқалди. Бу ўлат 100 мингдан ортиқ инсоннинг ёстиғини қуритди.
Ўтган юзйилликда донларни ташиб кетяпти деган даъво билан Хитой қушларга қирғин келтирди. Қандай қилиб дейсизми? Бир миллиарддан ортиқ хитойликлар қўлига товоқми, тоғорами нима тўғри келса олиб, дангир-дунгир қилиб қушларни ҳуркитиб турган. Ерга, дарахтга симёғочга, уйларнинг томига, бир мартагина қўниб нафас ростлаб ололмаган қуш бечоралар таппа-таппа ташлаб ўлиб қолаверган. Бунинг натижасида ўша йили хитойликлар ердан мутлақо ҳосил ололмаган, ҳамма экинларни қурт-қумурсқалар нобуд қилган.
Кўҳна тарих саҳифаларини титкилайверсангиз, шунга ўхшаш ақлбовар қилмас ҳодисаларни кўп учратасиз. Баъзида бизнинг ўзимизнинг ҳам кўнглимизга айрим жонзотлар хуш келмайди. Ана шундай кезларда “Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ” оятини эслаб қўйсак, кўнглимиз таскин топиб, енгил тортамиз ва Раббимиздан уларнинг барчасини бандалари учун манфаатли қилишини сўраб дуо қилиб қўямиз.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби