Сизга ҳар бир қилган қилмишингиз жавоби, албатта, ўзингизга қайтажагини ҳаётим мисолида сўзлаб бермоқчиман. 80 ёшга киргунимча бирорта гуноҳим ва савобим Унинг эътиборидан четда қолмаганини ҳис қилдим. Исбот сифатида ваҳшиёна қотиллик қилганимни айтиб бераман. Олтмиш беш йил ўтса-да, у кунларни бир лаҳза ҳам эсдан чиқарганим йўқ. Бу ўй мени ҳануз таъқиб этади, жазосини 65 йилдан бери ўтайман.
Олийгоҳни битириб, 22 ёшимда турмушга чиқдим. Тез орада қиз фарзандли бўлдим. Аммо мен болага меҳр қўймадим. Унинг ҳаловатимни бузиши, йиғлаб асабимга тегишига тоқат қила олмас эдим, айниқса, уни эмизишни сира тасаввур қила олмас эдим. У менга талпинарди, мен эса...
Чақалоғим очиққанидан тинимсиз йиғларди, қайнонам ва турмуш ўртоғимнинг: “Болани эмиздингми, нега бунча йиғлаяпти?” дейишларига жавобан: “Ҳа эмиздим, ўзидан ўзи йиғлаяпти деб, овозини улар эшитмаслиги учун эшик, деразаларни ёпиб, ҳатто оғзини ҳам бир-бир қўлим билан беркитиб нафасини қайтарардим. Йиғлай-йиғлай ҳолдан тойган чақалоқ чарчоқнинг зўридан оч бўлса-да ухлаб қоларди. Бир парча гўшт бўлишига қарамай, очликдан қийналиб, изтироб чекишига эътиборсиз ва раҳмсиз бўлдим. Оч қолдирганим эвазига бола туғилганининг учинчи куни азобланиб жон таслим қилди. Бу гуноҳимни ҳеч ким билмади...
Йиллар ўтиб кетма-кет уч ўғиллик бўлдим. Турмуш ўртоғим 35 ёшида оламдан ўтди. Учала ўғлимга бор меҳримни бериб катта қилдим. Аммо фарзандларим бемеҳр ва шафқатсиз бўлиб улғайди. 50 ёшимда хотини ўлган бир қассобга иккинчи бор турмушга чиқдим. У яхши феълли одам эди. Беш йиллик турмушимиздан сўнг қазо қилди. Наиложликдан катта ўғлимнинг уйига бордим. Бир вақтлар жажжи қизалоғимни қандай оч қолдирган бўлсам, мени ҳам болаларим шундай оч қолдирди. Келинларимнинг муносабати эса ўғилларимдан ҳам ўтиб тушарди. 80 ёшдан ошган кампир бўлсам, бир ишни эвидан чиқмасдим. Ҳатто ўғлим аёвсиз калтакларди ҳам. Опам раҳматликнинг келини мени кўришга келиб: “Сизни ўзим билан олиб кетаман”, деб қолди. Чунки ўғлим мени молхонага кўчириб қўйган эди. У мени ювиб-тараб, иссиқ-иссиқ овқат билан танамни қувватга келтирди. “Уйимнинг тўри сизники, хижолат бўлманг”, деган сари кўзимдан ёш дув-дув тўкиларди. Опам ўлгунча мен ўлсам бўлмасми-ди, дердим. Келинпошшанинг менга раҳми келиб кўзига ҳатто ёш келганда: “Мен шу муносабатларга лойиқман, деб дилимнинг четида менга тинчлик бермаётган сиримни очдим. “Мен қотилман!. Агар ўша қизимни ўлдирмаганимда ҳозир сизни ёшингизда бўлиб, менга меҳр кўрсатган бўлармиди?”
Уни бир ҳўплам сутга, яъни ўзининг ҳақи бўлган ризқига зор қилиб ўлдирдим. Жавобига ўзим очлик азобини бошимдан ўтказдим. Буни бировга айтиб шикоят қилмадим. Негаки, бу менга Аллоҳнинг жазосидир...
Кўп нарсаларни кеч тушундим, эсиз...
Тақдирнинг илоҳий амрлари – савоб ишларга мукофот ва ажри, гуноҳларга эса жазоси муқаррарлигини билганимда умримни бу тарзда ўтказмаган бўлардим.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
оққа кўчирди
حدثنا العباس الدوري نا يعلى بن عبيد نا موسى هو الجهني عن مصعب بن سعد عن أبيه قال: جاء أعرابي النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: يا رسول الله: علمني كلاما أقوله قال :”قل لا إله إلا الله وحده لا شريك له الله أكبر كبيرا والحمد لله كثيرا وسبحان الله رب العالمين لا حول ولا قوة إلا بالله العزيز الحكيم“. قال: هؤلاء لربي فما لي قال: قل: اللهم اغفر لي وارحمني واهدني وارزقني.
Мусъаб ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, менга бир калимани ўргатинг, мен уни айтиб юрай”, деди.
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, Аллоҳу акбар кабийро, валҳамдулиллааҳи касийро, субҳааналлоҳи Роббил ъааламийн, лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъазийзил ҳакийм”, деб айт! дедилар.
У: “Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди. “Аллоҳуммағфирлий, варҳамний, ваҳдиний, варзуқний”, дегин”, деб айтдилар”.
Калима ва дуонинг маъноси: Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Аллоҳ буюкдир, энг буюкдир, Аллоҳга кўп ҳамд бўлсин. Оламлар Робби пок деб ёд этаман. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Азизу Ҳаким Аллоҳ биландир.
Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени ҳидоятга бошла ва менга ризқ бергин.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси