Луқмони ҳакимнинг қўли очиқлиги, сўраганга қарз бериб, ёзиб қўймаслигини билган бир киши олган қарзини қайтариб бермаслик нияти билан ундан минг танга олтин олди. Йўлда дам олгани ўтириб, пулни қизил рангли бир матога ўраб қўйди. Бир қуш уни гўшт хаёл қилиб олиб қочди ва Луқмоннинг уйи устидан учиб ўтаётганида тумшуғидан тушириб юборди. Луқмон ўзи берган олтинларни таниб, олиб қўйди. Ҳалиги одам келиб, яна шу ният билан минг танга олтин олди. Лекин, анҳордан кечиб ўтаётганида уни сув олиб кетди. Анҳор Луқмоннинг уйи ёнидан ўтар эди. Луқмон олтинни таниб, яна олиб қўйди. Ўша одам учинчи марта қайтармаслик ниятида минг олтин олиб, уни ҳам бир сабаб билан йўқотди. Тўртинчи марта ниҳоят, савдо-сотиқ билан шуғулланиш ва фойда кўрса, Луқмонга тўрт минг қилиб қайтариш нияти билан минг олтин сўради. Бу гал фойда кўрди ва Луқмонга тўрт минг олтин олиб келди, Луқмон минг олтинни олиб, қолганини қайтариб берди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Манба: islaminstitut.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон