Бир йигит бемор ётган қариндошининг ҳолидан хабар олиш мақсадида йўлга чиқибди.Қўлида иккита нон,мева-чеваси бор.
Бирмаҳал,тутзор бўйлаб секин кетаётганида тут тагида йиғлаб ўтирган бир кимсага кўзи тушибди.
Йиғлаб ўтирган ул кимсанинг ҳоли абгор,соч-соқоли ўсган,хароб.
Бу ҳолатга бефарқ бўлиб ўтиб кетишни истамаган софдил йигит ўша бечорадан гап нимадалигини сўрабди.Шунда ҳалиги бечора:
"Аҳволим ёмон биродар! Ейишга ноним,ичишга сувим йўқ! Ўзим эса ўрнимдан туролмайман!Агар қўлингдан келса нон сув бер,уйимга элтиб қўй!..." дея жавоб берибди.
Ноилож қолган йигит "Кел,шу бечораҳолнинг ҳожатини чиқариб кетақолай" дея рози бўлибди.
Хуллас,йигит ўша бечорага қўлидаги нон-мевасидан берибди.Елкасидан тутганча унинг айтган манзили бўйлаб орқага қараб кетаверибди.
Йўл юришибди.Узоқ далалар-у,кенг яйловлардан ҳам ўтишибди.Йўл юравериб кунни ҳам кеч қилишибди.Бу орада иккови ҳам қизғин суҳбат қурар,йигитнинг эса ҳатто нима мақсадда йўлга чиққани ҳам ёдидан кўтарилибди.
Хуллас иккови кетаверибди.Ҳар замон,ҳар замонда иккови хахолаб кулишар,гўё шу йўл бахона минг йиллик қадрдонга айланишганди улар.
Бир маҳал уларнинг олдидан қўлида овқат кўтарган ёш бола чиқиб қолибди.
Буни кўрган ҳалиги бечораҳол, йигитга қарата:"Оғайни қорин ҳам жуда очди-ку,кел шу боланинг овқатини тортиб олайлик!" дея қистабди.Йигит бошида кўнмабди,аммо боядан бери бирга келаётган "қадрдони" қўйавермагач ноилож болакайдан овқатини тортиб олибди...
Мана иккови яна йўл юришарди.Бу орада қоринлари тўқ,турли мавзуларда тинмай гаплашишарди.Бир маҳал уларнинг олдидан йўл четида жимгина ётган ит чиқиб ҳалиги бечораҳолнинг жазаваси тутибди ва йигитга тезда ўша итни ўлдиришини айтибди.Йигит бошида кўнмабди."Бегуноҳ итда нима айб?" дея рози бўлмабди.Аммо ўша ит бечораҳолга қарата акиллай бошлагач "қадрдонини" ҳимоя қилиш мақсадида йигит ноилож итни ўлдирибди.Йигитнинг бу ишидан ўша бечораҳол қадрдони шундай хурсанд бўлибдики,унга чўнтагидан қуритилган беҳи чиқариб берибди:"Олақол дўстим! Мени етаклаб келаётганинг,қорнимни тўйғизганинг ва барча айтганларимни қилганинг учун" дебди.
Хуллас яна йўлга тушибдилар....Бир маҳал сал нарироқдан нурга ўхшаш нарса пайдо бўлиб,кўзни қамаштирибди.Йигит бечораҳол қадрдонини ерга ўтказиб ўзи секин нур томонга борибди.Бориб қараса нур бўлиб кўринган нарса одам экан! Одам бўлганида ҳам Қори-Мулла Қори бобо экан! Қори бобони кўриши билан йигит унга салом бериб,бошидан ўтган ҳамма нарсани айтиб берибди.Шунда Қори бобо ўша бечораҳолни кўриш учун сал нарироқ юрган экан....Воажаб ўша юролмайдиган бечораҳол кўздан ғойиб бўлибди.....
Кейин эса Қори бобо йигитдан ўша бечораҳол берган беҳини сўрабди.Йигит чўнтагига қўлини тиқибдида қўлига илинган нарсани кўриб кўнгли айниб кетибди...
Ҳа,ўша куни йигитнинг омади келиб,қаршисидан Қори бобо чиқиб қолди.Йўқса,ўша "қадрдон" ЖИН оғайниси уни янада даҳшатлироқ ишларга ундаган бўлармиди?!...
Шундан сўнг йигит йўлга чиқса бетаҳорат юрмайдиган бўлди......
Шерзод Хайдарбеков.....
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон