Вақт асрашимиз керак бўлган энг қимматли неъмат. Биз эса уни беҳуда ўтказмоқдамиз.
Дунёга келган ҳар бир инсоннинг умри вақт давомида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати етганда дунёни ташлаб кетишдан ўзга чора қолмайди. Кетиш вақти эса бугунми, эртами қачон келиши инсонга номаълум. Дунё ҳаёти бир кундек бўлиб ўтиб боради. Чунки кечаги кун ўтиб кетган кун, эртанги кун эса ҳали келмаган. Инсон амал қиладиган асосий кун эса бугунидир. Ҳикматли шеърда бу ҳақда шундай дейилган:
Ўтмиш ўтиб кетди, келажак орзу,
Шу турган онингга қилавер ружу.
Ўтаётган ҳар бир лаҳза инсон ҳаёти ва умрининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради. Уламолар ўтаётган вақт ҳақида шундай деганлар: “Вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”. Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдаси, ё зарарига ҳужжат бўлади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади: “Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, қиёмат кунигача қайтмайман”.
Умрни қадр-қиммат ва нафисликда ҳеч нарса ила ўлчаб бўлмайди. Агар минг йилни беҳуда сарфлаб, сўнг тавба қилиб, сизга умрингизнинг охирида саодат насиб этса, абадул-абад жаннатда яшайсиз. Шунда (сиз учун) энг шарафли нарса охирги лаҳзадаги мана шу ҳаётингиз эканини биласиз. Вақт энг мукаммал неъматдир. Унда ҳеч қандай айб йўқ. Айбдор ундан фойдаланмаётган инсоннинг ўзидир. Шунинг учун вақтнинг қадрига етган зоҳид тобеинлардан бири Омир ибн Абду Қайсга бир киши: “Менга бирор нарса гапириб беринг”, деганида, унга: “Қуёшни ушлаб турсанг, гапириб бераман” (яъни, вақт тўхтовсиз ўтиб кетаверади. Ҳеч ортга қайтган эмас. Уни қўлдан бой берган одам ўзидан кўрсин. Энди уни тополмайди. Чунки, ҳар бир вақт ўз ҳақига эга. Кеча қилмаган ишимни бугун қилдим-ку, деган одам ўзини алдаяпти холос. Мен вақтимга хиёнат қилмайман. Хафа бўлма, вақтим йўқ.) деган эканлар.
Мўмин икки хавотир орасида бўлади: тез ўтиб кетган кеча ва ҳали келмаган эрта орасида, кечада Аллоҳ таолонинг нима қилганини (яъни ундан амалларини қабул этган ё этмаганини) билмайди, эртага Аллоҳ таолонинг нима ҳукм қилишини билмайди.
Шунга кўра, банда ўзи учун ўзидан фойдаланиб қолсин, охирати учун дунёсидан фойдаланиб қолсин, қаришидан олдин ёшлигидан фойдаланиб қолсин, ўлимидан олдин ҳаётидан фойдаланиб қолсин.
Шундай экан эй азизлар, соғлик, вақт, ақл... уларнинг ҳаммаси бойлик. Уларнинг барчаси бахтли бўламан деган кишиларга бахт ва саодат калити. “Вақт қиличга ўхшайди, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”.
Аллоҳ таоло барчамизни вақтнинг қадрига етадиган ва ундан тўғри фойдаланадиган кишилардан қилсин. Зеро, омонат умрнинг қадрига етадиган зотлар ўзларини ҳам, миллатларини ҳам, юртларини ҳам манфаатлардан маҳрум қилмайдилар. Ана ўшалар тўғриликда юрувчилардир. Аллоҳ таоло барчамизнинг оқибатларимизни хайрли қилсин.
Манбалар асосида Хўжаобод тумани
“Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммадқуддус Абдулманнон тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири: «Эй мўминларнинг амири! Мўминлардан бири мени ўзинг кўриб турган ҳолга солди», деди. У калтакланган, боши ёрилган ҳолда эди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланди ва Суҳайб розияллоҳу анҳуга:
«Бор, қара-чи, бунинг соҳиби ким экан?» деди.
Суҳайб розияллоҳу анҳу бориб қараса, у Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу экан.
Суҳайб унга: «Мўминларнинг амири сендан қаттиқ ғазабланди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига бор, у зот билан гаплашсин. Умар шошилиб, сени бир нарса қилиб қўядими, деган хавфдаман», деди.
Умар розияллоҳу анҳу намозни ўқиб бўлиб:
«Суҳайб қани?! У одамни келтирдингми?!» деди.
«Ҳа», деди Суҳайб.
Авф Муознинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берган эди, бас, Муоз ўрнидан туриб:
«Эй мўминларнинг амири! У Авф ибн Молик экан. Унинг гапини эшитиб кўринг. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйманг», деди. Умар унга:
«Сенинг бу билан нима ишинг бор?!» деди.
«Эй мўминларнинг амири, қарасам, бу бир муслима аёлнинг эшагини етаклаб кетаётган экан. Эшак сакраб, аёлни йиқитиб юборай дебди. Лекин аёл йиқилмабди. Манави бўлса, уни туртиб йиқитиб, ўзини аёлнинг устига отди», деди Авф.
Умар унга: «Менга аёлни олиб кел, айтганингни тасдиқласин», деди.
Авф аёлнинг олдига борди. Аёлнинг отаси билан эри: «Нима қилиб қўйдинг?! Бизнинг соҳибамизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар.
Бироқ аёл: «Аллоҳга қасамки, у билан бораман!» деди.
Отаси билан эри: «Биз бориб, сенинг номингдан гапирамиз», дедилар ва Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Авф айтган гапларга ўхшаш гап айтдилар.
Бас, Умар амр қилди. Яҳудий осилди.
Сўнгра Умар: «Биз сизлар билан бунга сулҳ қилганимиз йўқ. Эй одамлар! Муҳаммаднинг зиммаси ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Улардан ким бу ишни қилса, унга зимма йўқ!» деди.
Сувайд: «Ўша мен кўрган яҳудий Исломда биринчи осилган одам эди», деди».
Бу ҳодисада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сиёсат ёки ташвиқот учун эмас, балки адолат учун иш олиб боришлари яққол намоён бўлмоқда. Мазкур яҳудий қилар ишни қилиб қўйиб, маккорлигини ишга солган эди. У: «Мусулмонларнинг халифаси келиб турибди, ҳозир сиёсат нозик пайтда унга арз қилсам, сиёсат учун менинг тарафимни олади», деб ўйлаган эди.
Дарҳақиқат, иш аввалига, сиртдан қараганда яҳудий ўйлаганича бошланди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта саҳобий Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг обрўсига эътибор қилмай, ишнинг ҳақиқатини суриштира бошладилар. У кишидан бошқа одам бўлганида бир яҳудийни деб, ўзимизнинг обрўли одамни хижолат қилмайлик, деган мулоҳазага бориши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг табиатларида ва у киши кўрган тарбияда бундай мулоҳаза бўлиши мумкин эмас эди.
У кишидан бошқа одам бўлганида сиёсат учун, ноҳақдан бўлса ҳам уларнинг ёнини олиши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай қилишлари мумкин эмас эди. У киши айбдор ким бўлишидан қатъи назар, унинг айбига яраша жазосини бериш тарбиясини олганлар. Ва шундай қилдилар ҳам.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди