frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Миллий давлатларнинг тугатилиши ва мустамлака зулми

08.07.2018   6573   8 min.
Миллий давлатларнинг тугатилиши ва мустамлака зулми

Рус ҳукмронлиги ўрнатилгач, Туркистонда миллий давлатлар йуқ қилиниб, ўлканинг сиёсий-маъмурий тизими Россия манфаатлари нуқтаи назаридан шакллантирилди. Олий ва ўрта бошқарув лавозимлари рус ҳарбийлари қўлига топширилиб, тубжой халқлар вакиллари фақат ижрочи сифатида қуйи лавозимларга тайинланди. Гарчанд бу борада сайлов тартиблари жорий этилган бўлсада, лекин Рус давлатига содиқ кишиларгина амалга ўтқазилган. Масалан, волост (бўлис) раҳ-барлиги ва қишлоқ оқсоқоллигига сайланган шахслар шулар жумласидандир. Бундай ҳол Туркистон губернаторлигига қарашли ерларда ҳукм сурган эди. Россиянинг минтақадаги асосий таянчи бўлмиш бу губернаторлик Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Еттисув ва Каспийорти вилоятларини ўз ичига олиб, пойтахти Тошкент шаҳри ҳисобланган.

Ўз навбатида, вилоятлар уездлардан ташкил топган. Чунончи, Сирдарё вилоятига: Тошкент, Чимкент, Авлиёота, Қозоли ва Перов; Фарғонага: Қўқон, Андижон, Наманган, Марғилон ва Ўш; Самарқандга: Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғон ва Хўжанд; Еттисувга: Верний, Копал, Лепсин, Жаркент, Пишпак ва Пржевалск; Каспийортига: Ашхобод, Красноводск, Манғишлоқ, Марв ва Тажан уездлари киритилган. Вилоятларни ҳарбий губернаторлар, уездларни бошлиқлар бошқарган.
ТТТу тарзда Туркистон генерал-губернаторлигига ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистоннинг талай қисми қараган. Унинг аҳолисининг умумий сони тахминан 5,5 милион ҳисобланиб, ўзбеклар салмоқли ўринни эгаллаган.
Аҳоли сони Бухоро хонлигида 3 миллион, Хивада эса 500-700 минг кишидан иборат булган. Бу жойларда ҳам ўзбеклар кўпчиликни ташкил қиларди.
Гарчанд Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида эски давлат тузуми сақланган эсада, лекин улар амалда рус давлатининг мустамлакалари булиб, том маънода миллий давлатлар эмасдилар. Ҳар иккала хонликнинг ҳукмдорлари босқинчилар томоиидам қугирчоққа айлантирилган кишилар эди.

Рус ҳукумати Туркистон ўлкасими уч қисмга бўлинган ҳолда мустамлака бўғовида ушлаб турарди. ўлкани бу тарзда парчалашдан мақсад ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар ва қорақалпоқларнинг бирдамлигига ва катта бир оилага бирлашишларига йўл қўймасликдан иборат эди. Худди шу мақсадни кўзлаган ҳолда, босқинчилар миллий низо уруғларини сочиб турдилар. Ўлкада рус тилига давлат мақоми берилиб, миллий тиллар бурчакка сиқиб қўйилди. Оқибат-да рус тилини тарғиб қилиш ва ўрганиш зарурияти тобора кучайди. Улкада рус-тузем мактаблари очилди ва уларнинг сони тобора ортиб борди. Уларда Россияга содиқ кишиларни тарбиялаб, етиштириш вазифаси қўйилди.

Рус ҳукумати руслаштириш ва улуғдавлатчиликка асосланган сиесат юргизди. Бу ҳақда 1870 йили Россия халқ маорифи вазирлигининг кўрсатмасида: «Тубжой халқларни руслаштириш маорифнинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим», деб таъкидланганлиги ҳам гувоҳлик беради. Шунинг учун рус ҳукумати имкони борича мил-лий тил ва миллий маданиятни ривожлантиришга онг-ли равишда тўсқинлик қилиб, мактаблар ва мадрасалар таъминотига маблағ ажратишни хаелига ҳам келтирмади.
Бироқ, маҳаллий савдо аҳли ва бошқа тоифадаги ўз ватанига содиқ кишилар мактаб-мадрасаларни қўллаб-қувватлаб турдилар, янги мадрасалар қурдилар. Рус ҳукумати эса маҳаллий аҳоли учун бирорта мактаб, ўрта ва олий ўқув юрти бунед этмай, жон-жаҳди билан ўлка бойликларини ўзлаштириш учун барча имкониятлар-дан фойдаланди.

Маълумки, ислом дини кўп асрлар мобайнида жамият маънавиятининг асоси бўлиб келаётган эди. Дин пешволари ҳар қандай оғир ва даҳшатли шароитларда ҳам олдинги сафларда туриб, умуммиллий манфаатларни ҳимоя қилганлар. Улар халқни босқинчиларга қарши курашга отлантиришда муҳим ўрин эгаллаб, мустақиллик ва динни сақлашга қаратилган барча чораларни кўрганлар. Уламоларнинг бундай ватанпарварлиги Рус давлатининг тажовузлари вақтида ҳам ёрқин намоён бўлди. Шу боис рус ҳукумати вакиллари дин пешволарини энг хавфли душман ҳисоблаб, улар мавқеига қаттиқ зарба беришга интилдилар.

1877 йили Фарғона вилоятининг ҳарбий губернатори генерал Скобелев Кауфманга шундай деб езганди: «Маҳаллий халқнинг орасида хоннинг амалдорлари ва айниқса, руҳонийлар сингари бизнинг душманларимиз кўп. Биз келганимиздан кейин улар фақат собиқ мавқеларинигина эмас, балки яхши ҳаётни таъминловчи имкониятлардан ҳам айрилдилар. Ўша тоифадаги кишилар ўз жамиятининг руҳи ва заиф томонларини яхши билганликлари учун аввалги тартибларни тиклаш мақсадида халқни русларга қарши отлантиришга қодирдилар».

Рус маъмурияти буни яхши англаб, руҳонийларни сиёсатдан четлаштириб, фаолиятини чегаралади, қаттиқ назорат остида тутиб турди. Улар вақф ерларини қисқартириб, руҳонийларнинг иқтисодий манфаатларига анча зиён етказдилар. 1886 йилги «Туркистон вилоятини бошқариш» ҳақидаги янги низомда давлат ерларини вақф ва бошқа аҳолига тегишли ерлар ҳисобига кенгайтиришнинг қонунийлаштирилиши катта норозилик уйғотди. Рус ҳукумати ўзига мустаҳкам таянч барпо этиш ва ҳукмронлигини мустаҳкамлаш мақсадида рус шаҳарлари ва посёлкаларини қуришга алоҳида аҳамият берди. Натижада Россиянинг турли жойларидан Туркистон ўлкасига кўчиб келувчи кишилар сони тобора ошиб борди. XIX асрнинг охирига келиб, ўлкага ўрнашган русларнинг сони 197420 кишига етди. Улардан 95941 таси шаҳарларда ва 101479 таси посёлкаларда яшаган. 1906 йилгача фақат ҳарбий хизматни ўтайдиган казакларга Еттисув вилоятида 752197 десятина, Сирдарё вилоятида 159561 десятина, Фарғона вилоятида 9925 десятина, Самарқанд вилоятида 22907 десятина, Каспийорти вилоятида 10318 десятина ер берилган. Булардан ташқари, рус деҳқонлари катта ҳажмдаги ерлар билан таъминланган. 1917 йилги маълумотга кўра, ўлкадаги русларнинг сони 750 мингга етиб, улардан 400000 киши шаҳарда ва 350000 киши посёлкаларда яшаган. Улар билан бирга бир неча ўн минг ҳарбийнинг истиқомат қилгани ҳисобга олинса, у вақтда руслар сони бир миллиондан ошиб кетади. Руслар Тошкент, Самарқанд, Андижон, Қўқон, Фарғона, Наманган ва бош-қа эски шаҳарларнинг енбағридаги жойларда ўрнашганлар. Булардан ташқари, Ашхобод, Красноводск, Перов; Қозоли, Янги Марғилон, Верний, Пишпак, Копал ва бошқа рус шаҳарлари мавжуд эди. Руслар, айниқса, «Янги Тошкент», «Янги Марғилон» (Фарғона) сингари шаҳарларнинг асосий аҳолиси эдилар. Оренбург Тошкент оралиғидаги темир йўл бекатларида (станцияларда) 51 минг рус яшаганлиги маълум.

Руслар Бухоро ва Хива хонликларига ҳам ўрнашиб бордилар. Когон ва Термиз сингари жойларда уларнинг алоҳида тураржойлари юзага келди.
XX аср бошларида темирйўл ва саноат тармоқларининг ривожлантирилиши орқасида ўлкада руслар сони кўпайиб борди. 1916 йилга келиб, масалан, Тошкентдаги биргина «Рус шаҳри» аҳолисининг сони 60 минг кишига етди. Бу ўша давр учун катта рақам эди, албатта. Бу ўринда бутун Туркистон ўлкаси сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг такдири ўша «рус шаҳри»-нинг қўлидалигини ҳисобга олинса, масала янада ойдинлашади.

Руслар унумдор ерлар ва ҳукумат имтиёзларидан фойдаланиб, хўжаликларини анча мустаҳкамлаб олганлар. Уларнинг турмуш даражаси ўзбек деҳқонлариникига нисбатан анча баланд бўлган. Чунончи, 1917 йили улар ихтиёрида 1.114.173 бош қорамол бор эди. Ўлкада мусулмончиликка мутлақо тўғри келмайдиган чўчқачилик ҳам ривожлантирилиб, 1916 йили улар 100 минг бошни ташкил этган.

Темирйўллар, саноат корхоналари, савдо-сотиқдан олинадиган даромадлар ҳам асосан рус ҳукумати ва капиталистларининг чўнтагига тушган. Зеро, ўлкадан пахта, ипак ва бошқа маҳсулотларнинг деярли ҳаммаси хомашё сифатида Россияга юборилиб, у ердан тайёр моллар келтирилган. Бунинг орқасида Туркистон ўлкаси Россиянинг хомашё манбаига ва тайёр маҳсулотлар бозорига айланди.
Шу сабабли руслар тажовузларининг дастлабки йилларида бошланган мустақиллик учун кураш Туркистонда Россия ҳукмронлиги даврида ҳам тухтамади, давом этаверди. Буҳол 1892, 1898 ва 1916 йилларда кўтарилган миллий-озодлик ҳаракатларида ўз ифодасини топди.


Ҳамид Зиеёв

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“ЭҲСОН” ТУШУНЧАСИ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

13.08.2026   24844   8 min.
“ЭҲСОН” ТУШУНЧАСИ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?

Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!

Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.

Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.

Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.

Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.

Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.

Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.

Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.

Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.

Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.

Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.

Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:

﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾

“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.

Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.

Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:

﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾

“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).

Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.

Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.

“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.

“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.

“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.

“Тўғри айтдинг”, деди.

“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.

“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.

“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.

“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.

“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.

“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:

“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.

“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.

“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.

Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.

Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.

Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.

“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.

Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.

Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.

Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.

 

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА