Бир куни Ҳотами Той улуғ ва давлатманд инсонларни меҳмонга чақирди. Зиёфат бошланган, меҳмонлар суҳбатлашиб хурсанд бўлиб ўтиришган маҳал бошида эски салла, эгнида юпун кийим, камбағаллиги шундоқ кўриниб турган бир киши кириб келди. Уни кўрган меҳмонлар ҳайрон бўлиб қолишди. Баъзилар унга нописандлик назари билан қаради. Аммо Ҳотам бу фақир одамга ўзгача лутф ва карам кўрсатиб, қўлини кўксига қўйиб, эҳтиром ила давранинг энг тўрига ўтказди. Ҳотамнинг кўрсатган эҳтиромидан ҳамма ҳайрон бўлиб:
– Бу инсон ким, бунча эҳтиром қилурсиз? – деб сўрадилар. Уларга ним табассум билан боққан Ҳотам:
– Сизларни қадру қимматингиз, мансабу ҳурматингиз ва мақомингизга қараб жой бердим. Бу жандапўш, камтар, тавозели инсонни менинг саховатим ва карамим тўрга ўтказди.
Эй азиз фарзанд! Олий мукофот мансаб, мартаба, бойликка қараб ўлчанмайди, балки у мўминнинг тавозеш, камтарлиги ва Ҳаққа бўлган қаттиқ ишончи ва муҳаббати баландлиги билан ўлчанади. Барча авлиёлар Аллоҳ таолонинг висолига ошиқ бўлганлар. Унинг висолига етиш учун дунё роҳатини меҳнат ва машаққатларга алмаштирганлар. Натижа эса, албатта, Ёрнинг васлига етиши аниқ. Ўша Ёр муҳаббати ва ихлоси ошиқнинг қиёмат кунида улуғ мақомга сазовор бўлишига бош омил бўлади. Инсон Ҳақнинг муҳаббати билан яшаб, умрини ҳалол меҳнат, ихлосли тоат-ибодат қилиб, риё ва шуҳратпарастликдан кечиб, нафсини жиловлаб ўтса, албатта, маҳбубнинг висолига етмоғи муқаррардир.
Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан
Ҳукумат қарори билан буюк табиб ва қомусий олим Абу Али ибн Синонинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, асарларини кенг тарғиб қилиш ҳамда унинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини янада кенг намоён этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси» тасдиқланди.
Ҳужжат доирасида 2030 йилда нишонланадиган аллома таваллудининг 1050 йиллигига тайёргарлик кўриш, халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ибн Сино меросини замонавий тадқиқотлар асосида ўрганишга қаратилган қатор муҳим вазифалар белгиланди, хабар бермоқда iccu.uz.
Жумладан, 2026 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида «Ибн Сино — Ғарб ва Шарқ фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш, олий тиббий таълим муассасалари, илмий марказлар, кутубхоналар ва даволаш-профилактика муассасаларида илмий-амалий анжуманлар, кўргазмалар ҳамда очиқ маърузалар ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, хорижий мамлакатларда илмий экспедициялар ўтказиш, алломанинг чет элларда сақланаётган қўлёзмаларини жамлаш, «Мўъжаз ал-Қонун», «Қонунча», «Ал-Ишорот ва ат-танбиҳот», «Донишнома», «Китоб аш-Шифо» ва «Шарқ фалсафаси» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, уларнинг босма ва электрон нашрларини тайёрлаш ҳамда «Ибн Сино» халқаро мукофотини таъсис этиш назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида давлат муассасаси шаклида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф ҳам маъқулланди. Марказнинг асосий вазифалари Ибн Сино тиббий меросини ўрганиш, тадқиқот натижаларини замонавий табобатда қўллаш, қўлёзмаларни жамлаш ва таржима қилиш, уларнинг электрон платформасини яратиш, шунингдек, тиббиёт ходимлари ҳамда тиббиёт тарихи билан қизиқувчилар учун ўқув курслари ва маҳорат дарсларини ташкил этишдан иборат.
Мазкур ташаббуслар буюк алломанинг бой илмий меросини асраб-авайлаш, унинг жаҳон цивилизацияси ва тиббиёт тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини янада чуқур ўрганиш ҳамда келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати