Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ давримиздаги тасаввуфнинг энг нуфузли шайхлари сирасига киради. У 1953 йил 1 апрелда Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбидаги Панжоб вилоятининг Жҳанг ҳудудида дунёга келган. Отасининг исми Аллоҳдета эди. Отаси Қуръонни ёд олган ҳофиз зот бўлган. Акаси устоз Аҳмад Али эса ёш Зулфиқор Аҳмадни тарбиялашга муҳим ҳисса қўшган.
Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 1967 йил ўрта мактабни, 1971 йил Панжоб унверсититетини битирган. 1976 йили инженерлик соҳасининг менежментлик ихтисослигида таълимни давом эттирган. Шунингдек, ҳазрат асосий ихтисосликдан ташқари, спорт турларидан сузиш, гимнастика, крикет ва футбол бўйича мутахассисликни ҳам эгаллаган. Дунёвий таълим билан бирга диний таълимга ҳам эътибор берган, ҳофизи Қуръон бўлган. Ҳадисга оид билимни эса “Жомия Реҳмания Жаҳания МанДи” (тасаввуф мактаби) ва Милтандаги “Жамия улумия” таълим муассасаларида олган.
Инженерлик ихтисослигини битиргач, Покистоннинг энг нуфузли саноат корхонасида инженер бўлиб ишлаган. Аста-секин малака ошириб бориб, бош инженер лавозимига кўтарилган. Қирқ ёшида шу лавозимдан бўшаб, диний илмини пухталишни мақсад қилган. 1983 йилда ҳазрати Хожа Ғулом Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳ тарафидан ҳалфалик мақомини олган.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазрат Ҳожи Муҳаммад Абдулмалик Сиддиқийнинг қизига уйланган. Улардан икки ўғил дунёга келган. Улар: Мавлоно пир Ҳабибуллоҳ Нақшбандий ва Мавлоно Сайфуллоҳ Нақшбандий. Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг нутқ ва маърузалари дил тортар бўлиб, тарбияни ислоҳ қилишга йўғрилган. Уларни одамлар кўзда ёш билан тинглайди, гуноҳларидан тавба қилади.
Ҳаётида суннатга эргашади. Ҳозиргача у 70 та мамлакатни бориб кўрган. Сингапур, Тайланд, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Миср, Непал, Американинг жуда кўп штатлари, Россиянинг жуда кўп шаҳарларига, Туркия, Италияга сафар қилганлар. 1992 ва 1998 йилларда эса Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу сафарлари ҳақида “Лаҳур сэ та хакэ Бухоро о Самарқанд” деган китоб ёзган. Урдудан ташқари, араб ва инглиз тилларида бемалол маъруза қилади.
Кўплаб ихлосманд кишилар ул зотнинг халқасига мансуб. Уларнинг кўпи Ҳиндистонда истиқомат қилади.
Юз мингдан ортиқ киши Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг маърузаларини тинглаб, китобларини ўқиб ўзгарган. Унинг қаламига мансуб жуда кўп диний асарлар чоп этилган. Уларга, “Ишқи Илоҳий”. “Ишқи Расул ссоллаллоҳу алайҳи васаллам”, “Тасаввуф-о сулук”, “Ҳаё аор пакдаманий”, “Хутбаатэ фақир”, “Илмэ наафэ” каби китоблар мансубдир.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари ҳозирда Лоҳур шаҳрида истиқомат қилади. Мадинаи мунавварада ҳам уйи бор.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий асарларидан:
ДАРАХТДА ЯШИРИН СИРЛАР
Инсон дарахт эмаски бир жойда тик тураверса, тош эмаски ётаверса. Инсон ашрафул махлуқот – жонзотларнинг энг улуғи. У ҳар доим Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиши керак! Яшашдан мақсад – Аллоҳ таолога бандалик қилишдир. Ҳаётдан мақсад – Аллоҳ таолонинг ёди. Инсон жисми тегирмонга ўхшайди. Тегирмон буғдой тортиб турса фойдаси тегади. Ёпиқ тегирмон фойдасиздир. Худди шундай инсон жисми солиҳ амалларни бажо келтириб турса фойдалидир. Акс ҳолда жисм фойдасиз буюм каби бўлиб қолади.
Коинотдаги жисмлар бизга сузаётгандек кўринади. Осмондаги сайёралар ва юлдузларга қаранг. Ҳаракатланаётгани кўриниб турибди. Бунда инсон учун бир сассиз пайғом бор: Эй инсон! Сен ҳам ўз ҳаётингда ҳаракатланувчига айланишинг керак!
Қул зеҳниятли одамларда жуда кенг вақт бор бўлади. Вақтининг аксар қисми бўш ўтади. Озод бандалар меҳнати кўплиги сабаб вақти тиғиздир.
Атрофимизга яхшилаб боқсак бизни ўраб олган табиат бизга дарс бераётгандек: Эй инсон! Сен дунёда фақат бир мақсад узра яратилдинг! Агар шунга муносиб ҳаёт кечирсанг муваффақият қозонасан.
Дарахтнинг ердан униб-ўсиш сири
Биз учун дарахтда кўп фойдалар мавжуд. Унда ажойиб ва ғаройиб нарсалар яширин. Масалан, эътибор бергандирсиз, дарахт доимо тупроқ остидан униб чиқади. Тилло ва кумуш идишларда ўсмайди. Бундан мақсад нима? Мақсад шуки: Эй инсон, агар сен муваффақиятли бир ҳаёт кечирмоқ истасанг атрофингдаги муҳит ва жамиятдаги одамлар билан аралашиб яшашинг керак бўлади. Ўрмонларга, ғорларга беркиниб тараққий топаман десанг, истаган нарсанг у ерлардан топилмайди.
Уруғнинг тупроқ остига кўмилиши ҳикмати
Тупроқ остига кўмилган томир дарахт бўлиб ўсади. Қандай қилиб дарахтга айланди? Томир ўзини маҳв этиб, уруғ ўзини тупроққа қориштиргач Аллоҳ таоло уни дарахтга айлантиради. Сўнгра дарахт мева боғлайди. Бир уруғдан минглаб уруғлар олинади. Худди шундай, инсон ҳам “мен”ликни маҳв айласа, ўзидаги кибр, манманликни синдирса Аллоҳ таоло минглаб балки юз минглаб инсонларнинг ҳақиқий инсон бўлишига сабаб бўладиган мақомни унга ато этади.
Уруғнинг ўзини қурбон қилишида инсоният учун бир пайғом бор. Бир уруғ ўзини қурбон этиб дарахтга айланади ва инсонларга ҳамда жониворларга соя беради. Худди шундай, қайси инсон ўз нафсини қурбон этса ва нафсининг бўйнига шариат юганини илса, Аллоҳ таоло уни қад кўтарган дарахт каби қилиб қўяди. У бошқа инсонлар учун соядор дарахтга айланади. Ўзи ёлғиз бўлса ҳам минглаб инсонларга соябон бўлади. (Хутаботи Фақийр. 16-жилд. Абдулвоҳид Иброҳим домла таржимаси.)
Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби
Абдулқайюм Ғофуров тайёрлади.
Банда оламдан ўтса, уни ювиб кафанлаш, жаноза ўқиб дафн этиш ортда қолган мусулмонлар зиммасига тушади. Одамлар маййит ҳурматини жойига қўйиб, жаноза ўқиб дафн этишлари, Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлашлари мумкин. Бироқ улар марҳум зиммасидаги фарз ибодатларни тўкис бажаролмайдилар. Ҳамма гап шунда.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, кўпчилик Қуръон ўқимай юргани учун ҳам руҳий тушкунликка, депрессияга тушиб қоляпти. Ҳар қадамда стресс (руҳий зўриқиш, асаббузарлик) кузатилади. Баъзи одамлар асаби чатоқ, сал нарсага ловуллаб ёниб кетади, сиркаси сув кўтармайди. Бунинг сабабини суриштирсангиз, Қуръон ўқимаслиги, Исломдан бехабарлигидан экани билиниб қолади. Ҳатто Қуръон таржимасини олиб ўқишга ҳам қунт қилмайди. Аллоҳнинг Каломини ўқимасдан қандай қилиб хотиржам яшаш мумкин?!
Хуллас, айни дамда ечими қийин бўлиб турган глобал руҳий муаммонинг оддий давоси – Қуръон ўқиш, охиратни эслаш.
Унутмайлик: Қалб зангини, кўз ширасини зеб-зийнатлар, бойлик, обрў-эътибор билан кетказиб бўлмайди. Қалби зилол сувдек мусаффо, икки дунёси обод бўлишини истаган инсон охиратни унутмайди, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганади.
Ҳозирги пайтда ҳар хил касалликлар кўпайган, авваллари маълум бўлмаган иллатлар пайдо бўлган. Одамлар улардан қутулиш учун пулларини, олтиндан қиммат вақтларини сарфлаяптилар. Шунга қарамай, шифохоналар касаллар билан тўла, беморлар сафи камайишидан дарак йўқ. Бунинг боиси нимада?
Сабаби, кўп одамлар мукаммал шифо нимадалигига аҳамият бермайдилар. Тиббиёт ходимлари бор эътиборларини моддий муолажаларга қаратиб, руҳий жиҳатларга унчалик парво қилишмайди. Шунинг учун беморлар дарддан тўлиқ соғайиб кетишлари қийин кечади.
Танадаги дарддан бутунлай халос бўлишда Қуръоннинг аҳамияти беқиёс. Зеро, Қуръон тушкунлик, паришонхотирлик, ғам-андуҳ, сеҳр, кўз тегиши каби иллатларга тенги йўқ шифодир. Замонавий тиббиёт бундай касалликларни таг томири билан даволашга кўп ҳолларда ожизлик қилади.
Уламолар айтишича, табобат иккига бўлинади: бадан табобати, қалб табобати.
Бадан табобатида инсон танасининг ҳолати, касалликни даволаш йўл-йўриқлари ўрганилади. Қалб табобатида эса инсон қалбини касал қилувчи иллатлар, уларнинг давоси ўрганилади.
Динимиз, исломда ҳар икки жиҳатга эътибор берилади. Айниқса, қалб табобатига – руҳий тарбияга алоҳида аҳамият қаратилади.
Қуръон ҳар қандай касалликни тузатади, руҳий ёки танадаги касалликми, сеҳрми, жин тегишими, тери касалликларими, барчасига шифо бўлади. Бунинг учун беморнинг эътиқоди тўғри бўлса, кифоя. Зотан, соғлом ақида шифонинг ярмидир.
Т.Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.