Ер юзидаги махлуқотларнинг адади кишини лол қолдиради. Ўтказилган янги тадқиқотларга кўра, Ер юзида триллион турли тирик жонзот яшар экан. Бу турли туманлик ва улкан адад Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади ва эволюция назарияси тарафдорларини паришон қилади.
www.livescience.com сайтида Ер шарида яшовчи тирик жонзотларнинг адади эълон қилинди. Илм-фан ривожланганига қарамай, олимлар ҳозиргача сайёрамизда яшайдиган тирик жонзотларнинг сони қанча эканини билмасдилар. Улар тирик жонзотларнинг кўпидан бехабар эдилар.
Индиана университети (Indiana University) олимлари Ер юзида яшовчи тирик жонзотларни ҳисоблаб чиқдилар ва бир овоздан “Сайёрамиздаги тирик жонзотларнинг тури триллионтага етар экан” деб таъкидлашяпти. Бу адад эволюциячилар ўйлаганидан анча кўпдир.
Инсон жисмининг ўзида 100 триллиондан кўпроқ тирик ҳужайра бор экан. Ер юзида нониллион (1 рақамидан кейин 30 та нол) атрофида тирик бактерия бор экан.
2013 йилда “Илмлар” номли журналда бир тадқиқот хулосаси эълон қилинди. Унда ушбу гаплар бор эди: “Биз 50 млрд доллар сарфлаб, 50 йил давомида мунтазам равишда тадқиқот олиб борсак, ўшанда Ер юзида тарқалган барча жонзотлар ҳаётини ўрганиб, уларнинг табиатини тушуна олишимиз мумкин”.
Эволюциячилар “Ер юзи ҳар йили 200 турли янги жонзотларни пайдо қилади” деб сафсата сотишади. Инсоният юз йиллардан бери илмий баҳслар, тадқиқотлар олиб боради. Шунча йиллар мобайнида бирорта янги жонзот пайдо бўлгани йўқ. Хўш, унда бу триллион турдаги жонзотлар қаердан келиб қолди?!
Турли сафсаталар билан бошимизни оғритаётган кимсаларга қарата айтамизки, сизлар олдин бориб, мазкур триллион турли жонзотларни ўрганинглар. Сизлар ҳозиргача фақат 100 минг турдаги жонзотни, бактерияни ўргандингиз, холос. Қани айтингларчи, жонзотлар турининг сони триллионга етгунига қадар улар ҳар дақиқада нечта босқични босиб ўтди экан?
Улар триллион турга етгунича неча йил вақт кетди экан? Агар сизлар яхшилаб ўргансангиз, бунча ададдаги тур пайдо бўлгунича коинотнинг умри етмаслигини англаб етасизлар. Ана ўшанда бу жонзотларнинг барчасини яратган Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини, улар бир босқичдан бошқасига ўтиб бу ҳолга келмаганини, балки, уларнинг ҳар бирини Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати билан шундай кўринишда ва шу ададда яратганини эътироф қилишдан ўзга чорангиз қолмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَاللَّهُ خَلَقَ كُلَّ دَابَّةٍ مِن مَّاء فَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى بَطْنِهِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى رِجْلَيْنِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى أَرْبَعٍ يَخْلُقُ اللَّهُ مَا يَشَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
“Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (Нур сураси, 45-оят).
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини
Нозимжон Иминжонов таржима қилди
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.