Ислом инсонларни бир-бирига зарар етказишдан ва ўзини ҳам қийинчиликка солишдан қайтаради. Қуръони каримда кишининг ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: “...Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29). Ва яна: “...Ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195). Ўзини-ўзи ўлдириш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган ёмон ишдир. Шундай оғир гуноҳнинг аёллардан содир бўлиши жаҳолат, тарбиясизлик, атрофидагиларнинг лоқайдлиги оқибатидир. Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлмаслик, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш осийлик ва иродасизликдир.
Тадқиқотчилар бу ҳолатга иқтисодий-ижтимоий, руҳий-тарбиявий, тиббий-жисмоний ва бошқа омиллар сабаб бўлиши мумкинлигини айтишади. Бир гуруҳ олимлар худкушликка биринчи ҳаёт қийинчиликларини сабаб қилиб кўрсатса, бошқалари фожиага муҳаббат ва рашк баҳона бўлади, дейди. Турли мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш ортида жиноят бўлади. Шу масала билан шуғулланган ҳуқуқшунослар ғалати ҳодисага дуч келишди: айрим ҳоллар истисно қилинса, бундай қилмишга қўл урганларнинг кўпи ўзига тўқ одамлар экан. Улар бойликларини фарзандлари, қариндош-уруғлари, таниш-билишларига эмас, қандайдир клублар фаолиятини ривожлантиришга сарфлашни васият қилишаркан. Табиий, бу ерда бир сир бордек туюлади. Шу боис изқуварлар ва ҳуқуқшунослар бу масалага жиддий эътибор бера бошлашди. Диний манбаларда ўз жонига қасд қилишнинг ҳар қандай ҳолат ва сабаблари қаттиқ қораланади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда ўзини ўлдирган кишининг жазоси очиқ айтилган: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида абадий равишда темир парчаси билан ўзини ўлдириб азобланиб ётади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, доимий равишда заҳарланиб жаҳаннам ўтида азобланади. Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини ташлаб ўлдириб, азобланади”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, мен унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзини ўзи бўғган дўзаҳда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган дўзаҳда ҳам пичоқ уриб туради”, деганлар. Кўриниб турибди, Исломда ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабиралар (энг оғир гуноҳлар)дан саналади.
Ибн Сирин айтади: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”. Имом Насафий: “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини-ўзи ўлдирмаслиги керак”, деганлар. Жобир ибн Самурадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. “Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини мишқос (катта пичоқ)лар билан ўлдирган одам олиб келинди. У зот унга жаноза ўқимадилар”.
Ўз жонига қасд қилган инсон Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлиб, ҳадисларда келтирилганидек, охиратда абадий азоб-уқубатга солиниш билан бирга, мусулмоннинг гуноҳларига каффорат бўладиган жаноза намозидан ҳам маҳрум қилинар экан.
Ислом аёлларни эъзозлади, ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатини сақлаб қолишга, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш туфайли жамиятга, Ватанига, динига сидқидилдан хизмат қилишга чақиради. Хуллас, ҳар инсон Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум этувчи ҳар қандай ишдан узоқ бўлиши керак.
Гулчеҳра ЗОКИРОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан