Кўпчилигимиз эртаю кеч дуо қилишимизга қарамай, нега Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилмаяпти? Ваҳоланки, саййидимиз Юнус алайҳиссалом ҳутнинг қорнида туриб дуо қилганларида, Аллоҳ таоло у кишининг дуоларини тезда ижобат қилган-ку!
Қуйида дуо ижобат бўлиши учун лозим бўлган шартларни келтириб ўтамиз.
Оғирлиги 100 тоннадан оғирроқ бўлган улкан ҳут сизни ютиб юборишини ва сиз зулмат ичида қолишингизни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Агар шундай вазият бошингизга тушса, нима қилардингиз?
Кимга нидо қилардингиз?
Сиз нидо қилаётганингиз Зот ижобатга қодирлигини тасаввур қиласизми?
Юнус алайҳиссаломнинг қиссалари ҳақида ўйлаб кўрганимда, уни бугунги кунимизга солиштирганимда ушбу саволлар хаёлимга келди.
Муаммоларимизни ҳал этишнинг энг муҳим йўли – дуодир. Кўп дуо қиламиз. Лекин тез ижобат бўлмайди. Бунга сабаб ихлоснинг йўқолганидир.
Азизлар! Дуонинг иккита муҳим шарти бор: ихлос, амал.
Ихлос – дуо қилаётган пайтимизда бутун қалбимиз ва ақлимиз билан Аллоҳ таолога юзланишимиздир. Бу мартабага етишимиз учун амалларимиз, тасарруфотларимиз, гапларимизга қарашимиз керак. Хўш, улар Аллоҳ буюрганидекми? Аллоҳ рози бўладиган тарздами? Амалимиз билан Аллоҳнинг розилигини кўзлаяпмизми?
Амалга келсак, биз Холиқ таолонинг нидосига "лаббай" деб ижобат қиламиз. Ўқиймиз, борлиқ, табиат ва нафс сирларини ўрганамиз. Ана шунда илмий йўл ҳақида ўйлаймиз. Ўша илмий йўл орқали ўз нафсимизни ривожлантирамиз, ўстирамиз. Натижада, амалларимиз Аллоҳ учун, Аллоҳ буюргани учун бўлади. Ана ўшанда, Аллоҳ хоҳласа, дуо ижобат бўлади.
Лекин бугунги кундаги муаммо шуки, кўплаб мусулмонлар ихлос ва амални йўқотдилар. Уларда дуо қабул бўлишининг ташқи шартлари қолди. Лекин асосийси қалбдир! Аллоҳ таоло бизнинг шаклларимизга, суратларимизга қарамайди, балки, қалбларимизга назар солади.
Қалбларимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидек покми?!
Биз икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васалламдек тавозеълимизми?!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек фақирларга, мискинларга яқинлашяпмизми?!
Воқеалардан таъсирланишимиз қай даражада? Аллоҳнинг ғазаби келадиган ишларга бизнинг ҳам ғазабимиз келиб, Аллоҳ рози бўладиган ишлардан биз ҳам рози бўляпмизми?!
Иймондош биродарларимизнинг қийналаётганини кўрганда биз ҳам қийналамизми? Ёки бу машаққатни ҳис қилмаймизми?
Аллоҳга қасамки, агар мусулмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан биттасини ҳаётларига татбиқ этганларида эди, инсонларнинг энг бахтлиси, энг куч-қувватлиси бўлардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирингиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам яхши кўрмагунча комил мўмин бўлолмайди” деганлар.
Айтингчи, чиндан ҳам ўзингизга раво кўрган нарсани биродарингиз учун ҳам раво кўрасизми? Афсуски, ундай бўлмай қоляпти. Бугунги кунда ғарб оламидагилар бу қоидага амал қилишяпти. Улар дунёвий фойдани қўлга киритиш илинжида бир-бирлари билан ҳамкорлик қиладилар. Биз Аллоҳ таолонинг розили учун бир-биримиз билан ҳамкорлик қила олмаймизми?!
Юнус алайҳиссаломнинг бошларидан ўтган воқеани ўқиганимда мана шу нарсалар менинг эсимга келади.
У кишини кечқурун денгизга ташланганида, бир ҳут ютиб юборди. У зот бир муддат бир нечта зулмат ичида яшадилар. Булар – кечанинг зулмати, денгизнинг зулмати, ҳут қорнининг зулмати. Лекин шундай аҳволда ҳам Аллоҳ таолони унутмадилар. У киши ҳутнинг ичида Аллоҳга тасбеҳ айтар ва ихлос билан нидо қилар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳақида шундай деган:
وَذَا النُّونِ إِذ ذَّهَبَ مُغَاضِباً فَظَنَّ أَن لَّن نَّقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَن لَّا إِلَهَ إِلَّا أَنتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنتُ مِنَ الظَّالِمِينَ
“Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди”. (Зуннундан мурод Юнус алайҳиссаломдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнус алайҳиссаломни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташланган. Шунинг учун Зуннун–балиқ эгаси, лақабини олганлар. У зотнинг қиссалари Ас-Саффот сурасида келади. Аммо бу сурада сиёққа мос равишда қисқача баён қилинмоқда. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар. Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, «зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».) (Анбиё сураси, 87-оят).
Ушбу оятда келган дуо – машаққатга учраган, ғамга ботган пайтда айтиладиган дуодир!
Азизларим! Бугунги кунда барчамиз ушбу дуони кўп эсга олишимиз, кўп айтишимиз керак. Шоядки Аллоҳ таоло биздан турли муаммоларни, зарарларни, ғамларни аритиб, ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берса!
Аллоҳ таоло мазкур дуонинг ортиданоқ уни ижобат қилди ва Юнус алайҳиссаломни ғамдан қутқарди. Нега? Чунки, у киши Аллоҳга ҳақиқий маънода иймон келтирган, ихлосли мўмин эдилар. Аллоҳ таоло юқоридиги оятнинг давомида шундай деган:
فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنجِي الْمُؤْمِنِينَ
“Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз” (Анбиё сураси, 88-оят).
Юқоридаги сурат National Geographic сайтида эълон қилинган бўлиб, унда инсоннинг ёнида турган ҳутни ҳақиқий катталикда кўришимиз мумкин. Шу ўринда яна Юнус алайҳиссаломнинг қиссаларини эслагим келди. Бу расмдаги ҳутга, унинг оғзи қанчалик катталигига қаранг. Бу ҳут ёнида турган инсонни осонлик билан ютиб юбориши мумкин. Лекин саййидимиз Юнус алайҳиссалом “Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим” деб тасбеҳ айтувчилардан эдилар. Мана шу тасбеҳлари у кишининг ғамдан қутулишларига сабаб бўлди. Аллоҳ таоло дарҳол у бандасига нажот берди ва ҳутнинг оғзидан ташқарига чиқарди.
“Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз”.
Дўстларим! Сиз ўз муаммоларингиз ва ғамларингизни ҳутнинг қорнидаги Юнус алайҳиссаломнинг ғамларидан каттароқ деб ўйлайсизми?! Албатта, ушбу солиҳ бандасига дуосининг баракаси билан муаммодан нажот берган Зот бизга ҳам ҳар қандай муаммодан нажот беришга қодирдир! Лекин бир шарти бор:
لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ
“Лаа илааҳа иллаа анта. Субҳаанака. Инний кунту миназ зоолимийн”
(«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим») дуосини кўп қилишимиз керак.
Аллоҳ таолога барча мусулмонларни ғамдан қутқаришини сўраб дуо қиламиз. Албатта, У барча нарсага қодирдир!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини
Нозимжон Иминжонов таржима қилди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ قَالَتْ: صَلَّيْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَكُنْتُ فِي صَفِّ النِّسَاءِ الَّتِي تَلِي ظُهُورَ القَوْمِ فَلَمَّا قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاتَهُ جَلَسَ عَلَى الْمِنْبَرِ وَهُوَ يَضْحَكُ فَقَالَ: «لِيَلْزَمْ كُلُّ إِنْسَانٍ مُصَلَّاهُ»، ثُمَّ قَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ لِمَ جَمَعْتُكُمْ»؟ قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «إِنِّي مَا جَمَعْتُكُمْ لِرَغْبَةٍ وَلَا لِرَهْبَةٍ وَلَكِنْ جَمَعْتُكُمْ لِأَنَّ تَمِيمًا الدَّارِيَّ كَانَ رَجُلًا نَصْرَانِيًّا فَجَاءَ فَبَايَعَ وَأَسْلَمَ وَحَدَّثَنِي حَدِيثًا وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْ مَسِيْحِ الدَّجَّالِ حَدَّثَنِي أَنَّهُ رَكِبَ فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ مَعَ ثَلَاثِينَ رَجُلًا مِنْ لَخْمٍ وَجُذَامَ فَلَعِبَ بِهِمُ الْمَوْجُ شَهْرًا فِي الْبَحْرِ وَأَرْفَئُوا إِلَى جَزِيرَةٍ فِي الْبَحْرِ حِينَ مَغْرِبِ الشَّمْسِ فَجَلَسُوا فِي أَقْرُبِ السَّفِينَةِ فَدَخَلُوا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْهُمْ دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعْرِ لَا يَدْرُونَ مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقَالُوا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ فَقَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ قَالُوا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ قَالَتْ: أَيُّهَا الْقَوْمُ انْطَلِقُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ، قَالَ: لَمَّا سَمَّتْ لَنَا رَجُلًا فَرِقْنَا مِنْهَا أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً قَالَ: فَانْطَلَقْنَا سِرَاعًا حَتَّى دَخَلْنَا الدَّيْرَ فَإِذَا فِيهِ أَعْظَمُ إِنْسَانٍ رَأَيْنَاهُ قَطُّ خَلْقًا وَأَشَدُّهُ وِثَاقًا مَجْمُوعَةٌ يَدَاهُ إِلَى عُنُقِهِ مَا بَيْنَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى كَعْبَيْهِ بِالْحَدِيدِ، قُلْنَا: وَيْلَكَ مَا أَنْتَ؟ قَالَ: قَدْ قَدَرْتُمْ عَلَى خَبَرِي فَأَخْبِرُونِي مَا أَنْتُمْ، قَالُوا: نَحْنُ أُنَاسٌ مِنَ الْعَرَبِ رَكِبْنَا فِي سَفِينَةٍ بَحْرِيَّةٍ فَصَادَفْنَا الْبَحْرَ حِينَ اغْتَلَمَ فَلَعِبَ بِنَا الْمَوْجُ شَهْرًا ثُمَّ أَرْفَأْنَا إِلَى جَزِيرَتِكَ هَذِهِ فَجَلَسْنَا فِي أَقْرُبِهَا فَدَخَلْنَا الْجَزِيرَةَ فَلَقِيَتْنَا دَابَّةٌ أَهْلَبُ كَثِيرُ الشَّعَرِ لَا يُدْرَى مَا قُبُلُهُ مِنْ دُبُرِهِ مِنْ كَثْرَةِ الشَّعَرِ فَقُلْنَا: وَيْلَكِ مَا أَنْتِ؟ فَقَالَتْ أَنَا الْجَسَّاسَةُ قُلْنَا: وَمَا الْجَسَّاسَةُ؟ قَالَتِ اعْمِدُوا إِلَى هَذَا الرَّجُلِ فِي الدَّيْرِ فَإِنَّهُ إِلَى خَبَرِكُمْ بِالْأَشْوَاقِ فَأَقْبَلْنَا إِلَيْكَ سِرَاعًا وَفَزِعْنَا مِنْهَا وَلَمْ نَأْمَنْ أَنْ تَكُونَ شَيْطَانَةً، فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: أَسْأَلُكُمْ عَنْ نَخْلِهَا هَلْ يُثْمِرُ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّهُ يُوشِكُ أَلَّا يُثْمِرَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ بُحَيْرَةِ الطَّبَرِيَّةِ، قُلْنَا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِيهَا مَاءٌ؟ قَالُوا: هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ، قَالَ: أَمَا إِنَّ مَاءَهَا يُوشِكُ أَنْ يَذْهَبَ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قَالُوا: عَنْ أَيِّ شَأْنِهَا تَسْتَخْبِرُ؟ قَالَ: هَلْ فِي الْعَيْنِ مَاءٌ وَهَلْ يَزْرَعُ أَهْلُهَا بِمَاءِ الْعَيْنِ؟ قُلْنَا لَهُ: نَعَمْ هِيَ كَثِيرَةُ الْمَاءِ وَأَهْلُهَا يَزْرَعُونَ مِنْ مَائِهَا، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَبِيِّ الْأُمِّيِّينَ مَا فَعَلَ؟ قَالُوا: قَدْ خَرَجَ مِنْ مَكَّةَ وَنَزَلَ يَثْرِبَ، قَالَ: أَقَاتَلَهُ الْعَرَبُ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: كَيْفَ صَنَعَ بِهِمْ؟ فَأَخْبَرْنَاهُ أَنَّهُ قَدْ ظَهَرَ عَلَى مَنْ يَلِيهِ مِنَ الْعَرَبِ وَأَطَاعُوهُ، قَالَ: قَدْ كَانَ ذَلِكَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَمَا إِنَّ ذَاكَ خَيْرٌ لَهُمْ أَنْ يُطِيعُوهُ. وَإِنِّي مُخْبِرُكُمْ عَنِّي إِنِّي أَنَا الْمَسِيحُ وَإِنِّي أُوشِكُ أَنْ يُؤْذَنَ لِي فِي الْخُرُوجِ فَأَخْرُجَ فَأَسِيرَ فِي الْأَرْضِ فَلَا أَدَعَ قَرْيَةً إِلَّا هَبَطْتُهَا فِي أَرْبَعِينَ لَيْلَةً غَيْرَ مَكَّةَ وَطَيْبَةَ فَهُمَا مُحَرَّمَتَانِ عَلَيَّ كِلْتَاهُمَا كُلَّمَا أَرَدْتُ أَنْ أَدْخُلَ وَاحِدَةً أَوْ وَاحِدًا مِنْهُمَا اسْتَقْبَلَنِي مَلَكٌ بِيَدِهِ السَّيْفُ صَلْتًا يَصُدُّنِي عَنْهَا وَإِنَّ عَلَى كُلِّ نَقْبٍ مِنْهَا مَلَائِكَةً يَحْرُسُونَهَا»، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَطَعَنَ بِمِخْصَرَتِهِ فِي الْمِنْبَر:ِ «هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ، هَذِهِ طَيْبَةُ»، يَعْنِي الْمَدِينَةَ «أَلَا هَلْ كُنْتُ حَدَّثْتُكُمْ ذَلِكَ»؟ فَقَالَ النَّاسُ: نَعَمْ، قَالَ: «فَإِنَّهُ أَعْجَبَنِي حَدِيثُ تَمِيمٍ أَنَّهُ وَافَقَ الَّذِي كُنْتُ أُحَدِّثُكُمْ عَنْهُ وَعَنِ الْمَدِينَةِ وَمَكَّةَ» ثُمَّ قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا إِنَّهُ فِي بَحْرِ الشَّأْمِ أَوْ بَحْرِ الْيَمَنِ لَا بَلْ مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ، مِنْ قِبَلِ الْمَشْرِقِ مَا هُوَ»، وَأَوْمَأَ بِيَدِهِ إِلَى الْمَشْرِقِ، قَالَتْ: فَحَفِظْتُ هَذَا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: «حَدَّثَنِي تَمِيمُ الدَّارِيُّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ نَاسًا مِنْ أَهْلِ فِلَسْطِينَ رَكِبُوا سَفِينَةً فِي الْبَحْرِ فَجَالَتْ بِهِمْ حَتَّى قَذَفَتْهُمْ فِي جَزِيرَةٍ مِنْ جَزَائِرِ الْبَحْرِ فَإِذَا هُمْ بِدَابَّةٍ لَبَّاسَةٍ نَاشِرَةٍ شَعْرَهَا، فَقَالُوا: مَا أَنْتِ؟ قَالَتْ: أَنَا الْجَسَّاسَةُ، قَالُوا: فَأَخْبِرِينَا، قَالَتْ: لَا أُخْبِرُكُمْ وَلَا أَسْتَخْبِرُكُمْ وَلَكِنِ ائْتُوا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِنَّ ثَمَّ مَنْ يُخْبِرُكُمْ وَيَسْتَخْبِرُكُمْ فَأَتَيْنَا أَقْصَى الْقَرْيَةِ فَإِذَا رَجُلٌ مُوثَقٌ بِسِلْسِلَةٍ فَقَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ عَيْنِ زُغَرَ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ الْبُحَيْرَةِ، قُلْنَا: مَلَأَى تَدْفُقُ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنْ نَخْلِ بَيْسَانَ الَّذِي بَيْنَ الْأُرْدُنِّ وَفِلَسْطِينَ هَلْ أَطْعَمَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي عَنِ النَّبِيِّ هَلْ بُعِثَ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: أَخْبِرُونِي كَيْفَ النَّاسُ إِلَيْهِ، قُلْنَا: سِرَاعٌ، قَالَ: فَنَزَّى نَزْوَةً حَتَّى كَادَ، قُلْنَا: فَمَا أَنْتَ؟ قَالَ: أَنَا الدَّجَّالُ وَإِنَّهُ يَدْخُلُ الْأَمْصَارَ كُلَّهَا إِلَّا طَيْبَةَ»، وَطَيْبَةُ الْمَدِينَةُ. صَلَّى اللهُ عَلَى سَاكِنِهَا وَسَلَّمَ.
Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб, минбарга ўтирдилар. Сўнг кулимсираб, «Ҳар ким намоз ўқиган жойида қолсин», дедилар. Сўнг у зот сўзларида давом этиб, «Сизларни нима учун тўплаганимни биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дейишди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Сизни жамлаганимнинг сабаби шуки, Тамийм Дорий деган насроний бор эди. У келиб, байъат қилиб, мусулмон бўлди. Сўнг мен сизларга Дажжол Масийҳ ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гапларни айтди. У Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан кемада денгизда сафарга чиққан экан. Тўлқин уларни денгизда бир ой олиб юриб, сўнгра кун ботиш пайтида денгиздаги бир оролга тўхтабди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб, оролга киришибди. У ерда уларга бир ғалати жонивор учрабди. Унинг жуни ниҳоятда кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Улар унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дейишибди. «Мен Жассосаман», дебди у. «Жассоса нима?» дейишибди. «Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», дебди жонивор. Насроний айтади: «У бизга ўша одамнинг исмини айтган эди, «Бу урғочи шайтонмикан», деб қўрқдик. Тез бориб, хилватхонага кирдик. Қарасак, бир одам ниҳоятда маҳкам боғлаб ташланган экан. Бунақанги баҳайбат одамни кўрмаган эдик. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир билан маҳкамланган экан. Унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дедик. «Менинг хабаримни топдингизми? Сизлар кимсизлар?» деди. «Биз араблармиз. Кемада йўлга чиққан эдик, денгизда бўрон турган пайтга тўғри келибмиз. Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб, охири мана шу оролга олиб келиб ташлади. Кейин кемадаги қайиқларга ўтириб, оролга кирган эдик, ғалати бир жонивор учради. У ниҳоятда сержун экан, жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Биз унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» десак, «Жассосаман», деди. «Жассоса нима?» десак, «Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», деди. Шунинг учун тезда сенинг олдингга келдик. Биз ундан қўрқиб, урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик. У: «Менга Байсон хурмосининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Мен унинг хурмосини сўраяпман, у мева қиляптими?» деди. «Ҳа», дедик. «Лекин у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Унинг ичида сув борми?» деди. «Унинг суви жуда кўп», дедик. «Лекин келажакда унинг суви қурийди. Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Ўша булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди. «Ҳа, булоқда сув кўп. Унинг аҳли унинг сувини зироатга ишлатади», дедик. «Менга уммийларнинг Набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди. «У Маккадан кетиб, Ясрибга жойлашди», дедик. «Араблар унга қарши уруш қилишдими?» деди. «Ҳа», дедик. «У уларга қандоқ муомала қилди?» деди. Биз унга у зот ўзига яқин араблардан устун келганларини, улар у зотга итоат қилганини айтдик. «Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у. «Ҳа», дедик. «Унга итоат қилганлари ўзлари учун яхши. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда айтиб берай. Мен масийҳман. Менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилиб, ер юзида сайр қиламан. Қирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай, барига кираман. Фақат Макка билан Тийбага кирмайман, холос. Бу иккиси менга ҳаром қилинган. Улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени қилич яланғочлаб қарши олиб, йўлимни тўсади. Унинг ҳар бир кўчасини фаришталар қўриқлаб туради», деди».
(Фотима) айтади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб, «Бу Тийбадир! Бу Тийбадир! Бу Тийбадир, яъни Мадинадир! Мен сизларга айтганмидим?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. У зот: «Тамиймнинг гапига ҳайрон қолдим. Унинг сўзлари мен сизларга у ҳақда, Мадина ва Макка ҳақида айтган сўзларимга мувофиқ келди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ, машриқ томонда. У машриқ томонда. У машриқ томонда», дедилар, «У» деганларида машриқ томонга ишора қилдилар. Мен буларни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитиб, ёдлаб олганман».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида бундай дейилган: «Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу менга шундай деди: «Фаластин аҳлидан баъзи одамлар кемага миниб, денгизга чиқишган экан. Денгиз уларни айлантириб, олиб бориб, денгиздаги ороллардан бирига отибди. Бирдан уларнинг олдидан нималигини билиб бўлмайдиган, жунлари ёйилган жонивор чиқиб қолибди. Улар унга «Сен нимасан?» дейишса, «Жассосаман», дебди. Улар: «Бизга хабар бер», дейишибди. «Мен сизларга хабар ҳам бермайман, сизлардан хабар ҳам сўрамайман. Лекин сизлар қишлоқнинг чеккасига боринглар. Ўша ерда сизга хабар берадиган, сиздан хабар сўрайдиган кимса бор», дебди. «Кейин биз қишлоқнинг четига бордик. Қарасак, занжир билан боғланган бир киши турибди. У: «Менга Зуғар булоғининг хабарини беринглар», деди. «У сувга тўла», дедик. «Менга кўлнинг хабарини беринглар», деди. «У ҳам сувга тўла», дедик. «Менга Урдун билан Фаластин орасидаги Байсон хурмозори хабарини беринглар. У мева бердими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга Набийнинг хабарини беринглар, у юборилдими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга одамлар унга нисбатан қандоқ эканликларининг хабарини беринглар», деди. «Улар у зотга ошиқмоқдалар», дедик. Шунда у шунақанги қаттиқ силкиндики, сал бўлмаса бўшалиб кетай деди. Шунда биз унга «Сен нимасан?» дедик. У ўзининг Дажжол эканлигини, Тийбадан бошқа барча шаҳарларга киришини айтди. Тийба – Мадинадир».
«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан