Кеча 02 июл куни Кембриж университети Марказий Осиё форуми раиси, профессор Сидхарт Саксена Ўзбекистон мусулмонлари идораси биносида қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Б.Мамадиев, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари Д.Расулов ва шарқшунос олим С.Ғуломовлар иштирок этдилар.
Ўзаро саломлашувдан сўнг, Ш.Миноваров Ўзбекистон делегациясининг февраль-март ойларида Буюк Британияда бўлиб ўтган сафар тассуротлари, эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтиб, ташрифнинг муваффақиятли ўтишида Кембриж университети Марказий Осиё форуми ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Сафар давомида эришилган келишувларни татбиқ қилиш икки томонга манфаатли бўлишини айтиб, ўзаро тадқиқотчилар алмашиш, Кембриж университетида “ўзбек тили” курсларини ташкил этиш, ўзбекистонлик тадқиқотчилар мақолаларини Кембриж илмий журналларида нашр қилиш ишларини йўлга қўйиш каби икки томонлама ҳамкорликнинг Йўл харитасига киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши мавзусида фикр алмашилди. Кембриж университетида фаолият юритаётган “ўзбек тили” курслари тингловчилари учун ўқув қўлланмалар тайёрланаётгани маълум қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов Кембриж университетида ўтказилган музокаралар асосида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Бухоро яҳудийларининг тарихи”, “Самарқанд ва Бухоро мадрасалари” ва “Маҳдуми Аъзам қабридаги ёдгорлик ёзувлари каталоги” мавзуларида ҳамкорлик қилиш ишлари бошлангани, Кембриж имкониятларидан фойдаланиб грант олиш учун таклиф ва маълумот тайёрланаётганини маълум қилди. Тез кунларда ушбу мавзулар бўйича аниқ таклифлар киритилишини билдирди.
С.Саксена университет олимлари томонидан мазкур таклифлар атрофлича ўрганилишини, шахсан ўзи бу мавзулар учун грант масаласи билан шуғулланишини билдирди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Б.Мамадиев ҳамда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари Д.Расуловлар Буюк Британияга сафар давомида эришилган келишувларни юқори баҳолаб, ҳар икки ташкилот ҳамкорлик бўйича амалий ишларни бошлашга тайёрлигини таъкидладилар.
Професссор С.Саксена Ўзбекистонда кўп маротаба бўлгани, лекин ҳар галги ташриф унга янгича таассурот беришини, айниқса сўнгги йилларда мамлакат кун сайин ривожланиш йўлида янги қадам қўяётганига гувоҳ эканидан хурсандлигини таъкидлади. У келишилган барча тадбирлар бўйича Кемриж университети томони аниқ режа ишлаб чиққани ва унинг босқичма-босқич бажарилаётганини маълум қилди.
Йиғилиш сўнггида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Кембриж университети Марказий Осиё форуми ўртасида ўзаро ҳамкорлик англашув меморандуми имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Меҳмон “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Абдулазим ТЎРАХОДЖАЕВ
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ажойиб бир рамзий қисса бор. Бир киши хотини билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотини бориб қараса, тиланчи экан. Хотин тиланчига еб турган овқатидан беришни хоҳлаган эди, эри жеркиб ташлаб: «Тиланчини эшик олдидан ҳайдаб юбор», деди. Хотин уни ҳайдаб юборди. Кейинчалик эр-хотин орасига совуқлик тушиб, эр хотинини талоқ қилди. Сўнгра бошқа бир киши келиб, совчи қўйди ва ўша хотинга уйланди. Кунларнинг бирида хотин кейинги эри билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотин эшикни очиш учун борса, тиланчи экан. Хотин тиланчини кўргач, қийин аҳволга тушиб қолди. Эри: «Эшикни тақиллатган ким экан?» деса, хотин: «Аввалги эрим» деди. Шунда кейинги эри: «Бир неча йил аввалги эшигинг тагига келган тиланчи ҳам мен эдим», деди.
Ал-Жаббор сифатига эга Аллоҳ бандасини Ўзи ирода қилган нарсасига йўллайди. Бир банда у нарсани хоҳласа ҳам, бошқаси бу нарсани хоҳласа ҳам, Аллоҳ хоҳлаганини амалга оширади. Шундай бўлгач, ҳар бир ўтаётган кунингга шукр қил.
Анвар Турсунов